Таҳлилий натижалар сарҳисоб қилинди

30 Июль, 09:42 • Бухоро вилояти, Ижроқўм, Янгиликлар • 83 марта кўрилди • Комментариев к записи Таҳлилий натижалар сарҳисоб қилинди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан навбатдаги Ижроқўм йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши масъул ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов партия вилоят Кенгаши ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида ахборот берди. Амалий лойиҳалар доирасида эришилган аниқ натижалар, ёшлар билан ишлашда қай даражада партия томонидан эътиборнинг қаратилганлиги, доимий комиссия ва сессияларга киритилган масалаларнинг умумий маълумотлари тақдим этилди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган даврда партиянинг амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётган тадбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасида амалий ишларга кўпроқ эътибор қаратилди. Жумладан, “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида олиб борилган мулоқотлар давомида қатор муаммолар ўрганилди, уларнинг ижобий ечимлари ҳал этилди. Ярим йил давомида жами 241 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2822 та хонадонларга  ва 526 та ижтимоий ташкилотларга ташриф буюриб, у ерда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганиб, ижобий ечим топишда кўмаклашишди.

Ҳудудларни ўрганиш жараёнида аҳолидан жами 783 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатлар асосида 208 та депутатлик сўровлари чиқарилган ва 81 та мурожаат ижобий ҳал этилган. “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур”, “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови”, “Тозалик йўлида бирлашайлик”, “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори!” партия лойиҳалари доирасида партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, партиянинг дастурий вазифаларини амалга ошириш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.

Партиянинг дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, партиянинг депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда 2018 йилда “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолатини, “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълимни ташкил этилиши ҳолати ва ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиш даражаси ва дарсликларнинг сифати, педагок кадрлар билан таъминланиши, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан боғлиқ муаммолар ҳамда дорихоналар фаолиятини ҳамда “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида олий таълим муассасаларида илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимлар фаолиятида учрайдиган муаммо ва тўсиқларни бартараф қилишга амалий ёрдам бериш каби масалаларга эътибор қаратилди.

“Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур“, “Адолат — қонун устуворлигида”, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳалари доирасида маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда партия ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари вилоятдаги тегишли ташкилотларнинг фаолиятини ўрганишлари жараёнида партия вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан 27 та депутатлик сўрови чиқарилган. Партия туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари томонидан 386 та депутатлик сўровлари чиқарилган. Шу билан бирга туман ва шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳлари томонидан партия лойиҳалари доирасида сессия муҳокамасига 17 та, доимий комиссияларга 78 та масала киритилган. Хусусан, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида Бухоро, Қоракўл, Вобкент, Қоровулбозор, Шофиркон, Ромитан ва Когон шаҳар Кенгашлари томонидан сессияга, Бухоро ва Когон шаҳар, Вобкент, Шофиркон, Когон, Бухоро, Жондор, Қоровулбозор, Қоракўл, Ромитан туманлари томонидан доимий комиссияларга масала киритилди.

“Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида олиб борилган ўрганишлар юзасидан Шофиркон, Жондор, Бухоро, Ромитан, Вобкент туманлари сессияга, Когон шаҳри, Ғиждувон, Шофиркон, Бухоро, Жондор, Когон туман Кенгашлари томонидан эса доимий комиссияларга масала киритилди.

Партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти фаолиятини такомиллаштириш борасида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг  Бухоро вилоятида Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлари Дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастур доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Бухоро вилоят Кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 30 ёшгача бўлган уюшмаган, ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган  ёшлар билан 40 дан ортиқ учрашув ва тадбирлар ташкил этилди. 10 дан ортиқ ёшларга ўзининг тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиш учун банклардан имтиёзли кредитлар олиб беришда кўмаклашилди. Масалан партия ёшларидан Дилшод Жўраев, Аббос Абдуллаев, Умиджон Ҳамдамовлар сингари кўплаб ёшлар имтиёзли кредитлар олиб ўзларининг тадбиркорлик ишларини йўлга қўйдилар. Аёллар қаноти томонидан “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танлови ташкил этилди. Танловда партия Бухоро шаҳар Кенгаши номзоди Мухсинова Меҳринисо биринчи ўриннни эгаллаб республика босқичига йўлланма олди. Шу билан бирга “Адолатли қайнона” кўрик-танлови ҳам ташкил этилди. Бунда туман ва шаҳардаги маҳаллалардан қайноналар фаол иштирок этишди. Бу танловнинг вилоят босқичи ғолиблигини Ғиждувон туман Кенгаши иштирокчиси Норбиби Мардонова қўлга киритди.

Шу билан бирга “Фан” тўғрисидаги, “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари ҳам ташкил этилди. “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” умумий шиори остида Бухоро нефт ва газ қурилиш касб-ҳунар коллежида сайёр амалий семинар ташкил этилди. Унда Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов ва масъул ходимлар иштирок этишди. Унда “Тинчлик – менинг нигоҳимда” мавзусига бағишланган ижодий кўргазма намойиш этилди. Экстремизм, терроризмга қарши курашиш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда олти ой давомида ўз ишига эътибор билан ёндашган, астойдил масъулиятни ҳис этиб фаолият олиб борган партиянинг Когон шаҳар Кенгаши раиси Рауф Сувонов партия вилоят Кенгашининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

Шунингдек, баъзи мавжуд камчиликларнинг борлиги ҳамда уларни бартараф этиб борилиши лозимлиги алоҳида қайд этилди. Таклифлар, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Таҳлилий натижалар сарҳисоб қилинди was last modified: Июль 30th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »