Тадбиркорлик соҳасида адолатни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фракция эътиборида

31 Июль, 14:56 • Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 39 марта кўрилди • Комментариев к записи Тадбиркорлик соҳасида адолатни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фракция эътиборида нет

Бундан уч йил аввал бир йигитга Фарғона вилояти Тошлоқ туман ҳокимлиги томонидан сиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб аҳолимизни иш-жойли қилинг, ўзингиз ҳам барака топасиз, банкдан кредит олиш масаласига ҳам ўзимиз кўмаклашамиз, дея ваъдалар берилади. Йигит ҳам бунга ишонган ҳолда якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтади. Аммо ваъда қилинган кредитдан дарак бўлавермагач иш тўхтайди. Йигит эса ҳаммасига қўл силтаб чет давлатга ишлаш учун кетади.

Уч йилдан сўнг уйига қайтганида эса уйига солиқдан шунча миқдордаги қарзингиз бор қабилидаги хабарнома билан кутиб олишади. Йигит бечора тадбиркорлик фаолиятим уч йил аввал тўхтаган дея у ёққа боради, бу ёққа боради фойдаси йўқ. Сиз қарздорсиз тўлашингиз шарт деган жавобни такрор ва такрор эшитаверади. Кредит масаласида ёрдамлашамиз деганлар ҳам ўзини четга олишдан бошқасига ярамайди.

Хўш шу ва шунга ўхшаган ҳолатларда “емаган сомсасига пул тўлаш”ига мажбур бўлаётган, адолатсизликдан бошини қаерга уришни билмаётган тадбиркорларга Президентимиз томонидан яқинда имзоланган “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда нималар назарда тутилган?

Куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида шу каби масалалар ва Фармон ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур Фармонга кўра 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва мазкур санадан эътиборан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларга ҳисобланган қатъий белгиланган солиқдан, ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликлар, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш яъни воз кечиш белгиланмоқда.

Бу қарздорликларни ҳисобдан чиқариш учун эса тадбиркорлик субъекти 2019 йил 1 январга қадар тадбиркорлик фаолиятини тиклаши ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши кифоя қилади.

Фракция аъзоси А.Умиров қайд этганидек, мазкур ҳужжатда, шунингдек, ўтказиладиган текширувларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва холислигини таъминловчи назорат қилувчи органлар фаолияти устидан Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали мустақил жамоатчилик назорати тизими жорий этиш белгилангани партия Сайловолди дастурида илгари сурилган ғояларга муштаракдир. Зеро, “Адолат” СДП қонун ҳужжатларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан бажарилиши юзасидан жамоатчилик, фуқаролик институтларининг самарали назорат механизмини яратиш тарафдори саналади.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзоларининг, партия ва унинг жойлардаги депутатлик корпусининг ушбу масалалардаги иштирокини фаоллаштириш, Фармон мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш лозимлиги таъкидланди.

Шундан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги  ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросида Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик корпусининг ўрни ва вазифалари муҳокама қилинди.

Ушбу видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, энди жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишлар бутунлай янгича тизимда ташкил этилади. Бу тизим “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланади. Масъул раҳбарлар жойларга бориб, ҳар бир содир этилган жиноятларнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради.

Албатта, бу тизимни ҳаётга самарали жорий этишда фракция аъзолари ва жойлардаги депутатлик корпусимиз ҳам фаол иштирок этиши лозим. Хусусан, фракция аъзолари ҳар ойнинг 10-12 кунида жойларда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиш билан бирга ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳит, жиноятчиликни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси каби масалаларга ҳам эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, партиядан сайланган маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳисоботларини Кенгашларда эшитётганда фақат рақамларга эмас, ўша рақамларни келтириб чиқарган сабаб ва омилларга ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишларга яъни жиноят ҳақиқати ва адолатига диққат қаратишлари лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан фракция олдида тургаан вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Баҳром БУРҲОНИДДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

 

Тадбиркорлик соҳасида адолатни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фракция эътиборида was last modified: Июль 31st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »