Тинчлик – фаровонлик омили

12 Июль, 16:16 • Жиззах вилояти, Семинар, Янгиликлар • 184 марта кўрилди • Комментариев к записи Тинчлик – фаровонлик омили нет

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Жиззах вилоятида Ёшлар — келажагимиз” шиори остида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Мазкур маънавий-маърифий тадбирда таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича раҳбар ўринбосарлари, имом-хатиблар, МФЙ раислари ва маҳалла фаоллари, маҳаллаларда ҳурмат-эътибор қозонган нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар сиёсати масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, ИИБ профилактика инспекторлари, партия фаоллари, уюшмаган ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбир дастлаб вилоятимизнинг чекка ҳудудларидан бири бўлмиш, Юртбошимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёдкорлик, яратувчанлик ва ободончилик ишлари олиб борилган, ҳар қарич жойи қайтадан таъмирдан чиқарилган Дўстлик туманининг “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги маданият саройида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг “Тинчлик — ёшлар нигоҳида” мавзусига бағишланган расмлар кўргазмасидан бошланди. Кўргазмада бугунги ёшларнинг дунёқараши, ватанга бўлган меҳри ва келажакка умид кўзи билан қараб вояга етаётганликлари ўз ифодасини топди.

Кўргазма “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” мавзусига бағишланган давра суҳбатига уланиб кетди. Давра суҳбатини вилоят ҳокимлиги котибият мудури Нурали Раимов очиб берар экан, мамлакатимизда ёшларга берилаётган имкониятлар ҳақида гапириб ўтди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги раҳбари Меҳмонали Жабборов “Ислом дини тинчлик устунига қурилган диндир” мавзусида нутқ сўзлади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Маоказий аппарати бўлим мудири Муҳаммаджон Джўраев эса  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти тўғрисидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Давра суҳбатидан сўнг тадбир иштирокчилари “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасининг халқ фаровонлиги йўлидаги аҳамияти” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир доирасида партиядошларимиз томонидан “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинида амалга оширилган ободончилик ва бунёдкорлик ишлари билан танишишди. Лойиҳа доирасида ташкил этилган кўрик танлов ғолиблари “Энг тоза хонадон”, “Энг тоза кўча”, “Энг тоза маҳалла” номинациялари бўйича тақдирланишди.

Партиямиз фаоллари томонидан олиб борилган тарғибот ишлари, лойиҳадан кўзланган мақсад кенг жамоатчиликка етказилгани, тиббиёт ва таълим муассасалари ҳамда ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Ўтказилган мазкур тадбирлар довомида иштирокчилар бунга ишонч ҳосил қилишди.

“Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” мавзусига бағишланган давра суҳбатидан сўнг тадбир иштирокчилари “Манас” ҚФЙдаги 17-сонли “Айчурек” мактабгача таълим муассасасида ташкил этилган шашка ва шахмат майдончасининг очилиши маросимида ҳамда 12-сонли мактабнинг спорт залида спортнинг Дзю-до тури бўйича ташкил этилган мусобақада иштирок этишди. Мусобақа сўнгида ғолиблар партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар Жиззах шаҳридаги 6, 10, 34-сонли мактабгача таълим муассасаларига ташриф буюришиб, вилоят Мактабгача таълим муассасалари бошқармаси билан ҳамкорликда партиянинг “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни спортга кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилган шашка ва шахмат майдончалари билан танишишди.

“Ёшлар келажагимиз” шиори остида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” мавзусига бағишланган давра суҳбати якунида жиззахлик “адолатчилар” ўз фаолиятларини янада жонлантиришга, бу борада кенг жамоатчилик орасига чуқур кириб боришга келишиб олдилар.

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Тинчлик – фаровонлик омили was last modified: Июль 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »