Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт жамиятимиздаги тинч оилалардан бошланади

10 Июль, 17:47 • Самарқанд вилояти, Семинар, Янгиликлар • 149 марта кўрилди • Комментариев к записи Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт жамиятимиздаги тинч оилалардан бошланади нет

Аввал хабар берганимиздек, Жомбой туманида иш бошлаган “Ёшлар — келажагимиз” шиори остида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” мавзусидаги кўргазмали сайёр амалий семинар иштирокчиларининг кейинги манзили Жомбой тумани оила илмий-амалий тадқиқот маркази бўлди.

Бу ерда иштирокчилар марказнинг психолиг, ҳуқуқшунос ва шу каби малакали мутахассислар томонидан никоҳланувчи ёшларга оиланинг муқаддаслиги, унда келин, куёв, қайнона, қайнота муносабатлари акс этган видеофилимлар, ҳаётий мисоллар орқали тушинтириш ишлари олиб боришаётганлигининг гувоҳи бўлди. Марказ раҳбари Зарифа Юсупова “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт жамиятимиздаги тинч оилалардан бошланади” мавзусида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш борасида туман оила илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда партия Жомбой туман Кенгаши ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритиб, бу борада айнан партия лойиҳаси доирасида ўтказилаётган “Адолатли қайнона” кўрик танловининг ҳам ўзига хос ўрни борлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳалима Усарова, Жомбой туман хотин-қизлар қўмтаси раиси:

“Адолатли қайнона” кўрик-танлови жорий йилда туманимизда катта байрамга айланиб кетди десам адашмайман, туман хотин-қизлар қўмитаси, оила илмий амалий маркази, маҳалла хайрия жамоат фонди, нуронийлар жамғармаси ҳамда партия туман Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танлов оила ва жамият муносабатларини тартибга солиш, никоҳнинг муқаддаслигини ёшлар онгига сингдиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани билан аҳамиятли, жамиятимизда шу сингари ҳаётий тажрибага эга бўлган “Адолатли қайнона”ларимиз, онахонларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини биз ёшларга намуна этиб кўрсатувичи шундай тадбирлар кўпаяр экан, оилалар мустаҳкамланиб, жажжи қоракўзлар ота-она меҳридан бебаҳра қолмайди, етим деган сўзлар камроқ ишлатилишига ишончимиз комил.

Шундан сўнг маҳаллаларда ҳурмат-эътибор қозонган нуроний онахонларнинг ҳаётий тажрибалари, ибратли оила сирлари хусусида сўз юритилди.

Жомбой туманидаги Ёшлар боғида партиянинг “Аёллар қаноти” туман Кенгаши фаолларидан таркиб топган “Ижодкор аёллар”нинг мушоираси, лапар ва баҳру-байт айтишмалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Райхона Урмонова, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати сектор мудири:

 – Ижтимоий тармоқларда бугун хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, аёллар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ҳақида кўнгилни хира қилувчи турли ахборотларга жуда кўп дуч келаяпмиз. Бугунги семинар давомида Жомбой туманида ҳар бир хонадон, оилага кириб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд, ўзгалар ҳимоясига муҳтож қатламига, ногирон фуқароларга, турмуш шароити оғир хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, аёлларнинг дарду қувончига шерик бўлиш, уларнинг ўз турмушидан, ҳаётидан рози бўлиб яшашлари борасида олиб борилаётган ишларга гувоҳ бўлдик, энг асосийси бу ишларда партиямизнинг туман Кенгашининг ҳам ўз ҳиссаси борлигидан хурсанд бўлдик.  

Шунингдек, семинар давомида туманда партия ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб қилиш, қуллаб қувватлашда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган 4 нафар илғор фермер ва тадбиркор хотин-қизларга партиянинг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

Семинар иштирокчилари тумандаги “Нуроний” жамғармаси фаоллар залида “Ёшларда ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Ислом динининг аҳамияти” мавзусида очиқ мулоқотда  жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, ёшларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларини олдини олиш, диний ақидапарастлик ғояларига қарши курашиш, бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш масалалари юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини баён қилишди.

Нурбек Хидиров, Жомбой туман бош имом хатиби:

 — Бугунги шиддат билан ривожланаётган, ахборот алмашуви жадаллашган, глобаллашув даврида дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, улардан ёшларни ҳимоя қилиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу сабабдан ҳам ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшлар онгини ёт ғоялар таъсиридан асраш, ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, экстремизм ва терроризм каби хавфли иллатларнинг олдини олишга кўмаклашиш, ёшларга тўғри йўл кўрсатиш лозим. Бунинг учун тарбияни энг аввало оиладан бошламоқ лозим, яъни ота-она фарзандига одамийлик хислатларини сингдириб бориши, ҳам ақлий (илм олиш), ҳам жисмоний тарбияга нисбатан ижобий қарашларни шакллантириб боришлари лозим. Чунки ислом дини маърифат, тинчлик ва одоб – ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратади. 

Қизғин мунозаралар ва ўзаро мушоҳадаларга бой бўлган ушбу йиғилишда ёшлар ислом дини, унинг мазмун-моҳияти, диний ақидапарастлик ғояларининг асл мақсади тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

  Йиғилишдан сўнг семинар иштирокчилари тумандаги Алишер Навоий МФЙга ташриф буюриб маҳалла аҳолиси билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди. Қувонарлиси мулоқотлар чоғида семинар иштирокчиларига ҳамроҳлик қилган туман ҳокимлиги, банк ходимлари, бандликка кўмаклашиш маркази вакиллари ва бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида олиб борилган мулоқотда аксарият муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топилди. (Мурожаатлар юзасидан батафсил маълумотни кейинги хабарларимизда бериб борамиз).

Шундан сўнг сайёр семинар иштирокчилари сўлим Ургут тумани томон йўл олишди.

Лола САИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт жамиятимиздаги тинч оилалардан бошланади was last modified: Июль 10th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »