Менда таклиф бор

17 Июль, 16:18 • Ёш адолатчилар, Муносабат, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 38 марта кўрилди • Комментариев к записи Менда таклиф бор нет

Куни кеча Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан ёшлар ва улар билан ишлаш чоралари, ёшларга муносиб иш шароитлари яратиш, уларнинг бандлиги масалалари танқидий таҳлил этилди.

Бугунги кунда ёшлар масаласи ва уларнинг фаровон келажагини бунёд этиш – Давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилгани барчамизга кундек равшан. Бош қомусимиз асосида яқин ўтган давр оралиғида ўттизга яқин қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиниб, ижрога йўналтирилди. Бу борада “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисда”ги қонуннинг қабул қилиниши —  ёшлар учун гўёки қўшқанот бўлди.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида тузилган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолияти видеоселекторда Президентимиз томонидан жонкуярлик билан муҳокама этилгани мен ва мен қатори барча тенгдошларимни бефарқ қолдирмади.

Дарҳақиқат, Ёшлар иттифоқи худудий Кенгашлари томонидан одатий тарзда машаққатли меҳнат ва катта маблағлар сарфлаш эвазига турли акциялар, танловлар, байрам тантаналари ва бошқа дабдабали тадбирлар ўтказилади. Бу тадбирлар сўнгида эса кўзланган мақсад ва натижа кўп ҳолларда унут бўлади. Шу билан бирга иттифоқ тадбирларига доимий фаол бўлган ёки иқтидорли ёшлар қайта ва қайта жалб этилади. Шундай экан, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган ёшлар билан ким шуғулланади, уларга ким эътибор беради деган савол барчамизни ўйлантиргани рост.

Юртбошимиз айни шу масалаларда тегишли вазирликлар ва давлат ташкилотларига қатъий топшириқ ва вазифалар юклатдики, бунда ёшларнинг ижтимоий ҳолати, турмуш шароити, назорати, бандлиги, ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси эътибор марказига олинди.

Видеселекторда Президентимиз қайд этган таклифлар, тавсиялар ва барча эътирозларни таҳлил этар эканман, ёшлар масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолиятини сарҳисоб қилдим. Фикримча, агар бу йўналишда  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига рақобатчи бўлган бошқа ташкилотлар ишини моддий ва маънавий томонидан кучайтиришга эътибор қаратилса, албатта бу келажакда ўз мевасини беради. Масалан, юртимизда фаолият юритиб келаётган тўртта сиёсий партия негизида “Ёшлар қаноти” ишлаб турибди. Мен ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ёш адолатчилар қаноти” аъзосиман. Таклиф сифатида шуни айтмоқчиманки, агар биз сиёсий партияларнинг ёшлар қанотига кўпроқ моддий ва маънавий жиҳатдан кўмак бериб, бу қанотларда жамоатчилик асосида ишловчи фидойи ёшларни қўлидан тутсак, албатта вазият ўзгаради. Ўз-ўзидан иттифоқ фаолиятида тўртта йирик рақобатчи пайдо бўлади.

Балки, сиёсий партияларнинг ёшлар қаноти вакиллари жамоатчилик асосида ишлаётгани уларга қийинчилик туғдираётгандир. Чунки, инсон бир-бирини қўллаб-қувватлаши учун баъзида меҳр керак бўлса, баъзида мурувват ҳам зарур бўлади. Бунинг учун иттифоқнинг дабдабабозликка сарфланаётган маблағлари ёш сиёсатчиларда бўлганда, балки улар кўплаб эзгу ишларни, ташаббусларни режа қилишларига замин яратган бўларди. Худди “Камолот ёшлар ҳаракати” фаолиятини ўзгартириб, бу ташкилотга  ўзгача  ишлаш учун янгидан имкон берилгани каби, сиёсий партияларнинг ҳам ёшлар қанотларига ҳам оёққа туриши учун зарур имтиёзлар яратилса, фойдадан холи бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар соҳада рақобат бўлиши керак. Натижада ёшларда танлаш имконияти, ўзгариш коофиценти, фикрлаш қобилияти ва ўсиш иштиёқи туғилади. Зеро, шу юртнинг ҳар бир ёш фарзанди, уларнинг тўполончисию, камтари ўз Ватанининг кучи ва қаноти бўлишни истайди.

Дилмурод ИСМОИЛОВ,

Тошкент тиббиёт академияси
Фарғона  филиали талабаси,

“Ёш адолатчилар қаноти” фаоли

Менда таклиф бор was last modified: Июль 21st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »