Ёшлар – келажагимиз пойдевори

6 Июль, 14:45 • Муносабат, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 306 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшлар – келажагимиз пойдевори нет

Қадимда ўтган бир донишманд “Юртингиз ёшларини кўрсатинг, мен мамлакатингиз келажаги қандай бўлишини айтиб бераман”, деган экан. Дарҳақиқат, ёшлар эртанги кунимиз эгаларидир. Уларнинг истеъдоди, қобилияти ва интилишлари нафақат ўз оиласи, устозлари, туғилиб ўсаётган шаҳар ёки қишлоғи, балки бутун мамлакат ва халқ фаровонлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлиги барчамизга маълумдир. Шу боисдан, юртимизда ўғил-қизларимиз таълим-тарбиясига ва уларнинг иқтидорларини рўёбга чиқаришга катта эътибор қаратилмоқда.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тасдиқланди. У ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритишга доир билимларини мустаҳкамлаш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилганлиги барча ёшларимизни берилган имкониятлардан кенг фойдаланишга ундайди.

Албатта, ҳар бир янги ишни бошлаш алоҳида тизим ва тузилмаларни яратишни талаб қилади. Шунинг учун янги Давлат дастурида ёшлар учун ҳар жиҳатдан қулай ташкилий тузилмаларни яратиш масаласига ҳам жиддий ёндашилган. “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш масаласи айнан мана шу мақсадларга хизмат қилади. Бу янги интеллектуал мазмунда иш олиб борувчи тузилмаларни шакллантириш ва фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун барча зарурий ташкилий масалаларни ҳал қилишда асосий масъулиятни давлат зиммасига юклатилиши ва жойларда хусусий тадбиркорлик субъектлари имкониятлари ва имтиёзларидан самарали фойдаланиш масаласи белгилаб берилганки, бу талаб жойлардаги айрим раҳбарларни боқибеғамлик ва лоқайдлик кайфиятидан чиқаришга туртки бўлса, ажаб эмас.

“Фарзандларимиз тарбияси, юриш-туришидан ҳар куни огоҳ бўлмасак, илму-ҳунарга ўргатмасак, уларнинг қўли меҳнатда қотмаса, муносиб иш топиб бермасак, ёшларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш қийин бўлади”, дейди, президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Таъкидлаш керакки, ушбу Фармон аниқ мақсад ва вазифаларга қаратилганлиги, яъни ҳар бир оилага манзилли кириб бориш йўли билан ҳозиргача ҳам тадбиркорлик ҳаракатига қўшилишда қийналиб, ёрдамга мухтож бўлиб турган йигит-қизларга яқиндан кўмаклашишни кўзда тутгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, мазкур Фармон келгусида ёшларнинг тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратишда, иш ўринларининг сонини оширишда ва ёшлар бандлигини таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Умид ШОУМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси

 

Ёшлар – келажагимиз пойдевори was last modified: Июль 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »