“Ёшлар — келажагимиз” уларни қўллаб-қувватлайлик, қалбини соғ-омон асрайлик!

6 Июль, 18:03 • Ёш адолатчилар, Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 267 марта кўрилди • Комментариев к записи “Ёшлар — келажагимиз” уларни қўллаб-қувватлайлик, қалбини соғ-омон асрайлик! нет

Ниҳолга қанча эътибор қаратиб, уни тўғри парваришласакгина ундан улкан, томирлари бақувват, меваси бутун маҳаллага татийдиган дарахт пайдо бўлади. Фарзандга эътибор ҳам худди шундай. Унинг униб-ўсиши учун етарли эътибор, муносиб тарбия, яхши шароит яратиб берилса, юрт корига ярайдиган инсон бўлиб камол топади. Шу боис бугун юртимизда навқирон авлод тарбиясига, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил интилиши учун барча шароит яратиб берилмоқда. Бунда фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва бахтли бўлишлари шарт, деган эзгу ғоя устувор аҳамият касб этаётир. Чунки юрт тараққиётида маънавий жиҳатдан етук, замонавий билимлар ва мураккаб технологияни пухта эгаллаган, иродаси бақувват, иймони бутун, юксак салоҳиятли авлод муҳим ўрин тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ёшлар куни арафасида “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тасдиқланиб, барча туман ва шаҳарларда амалга ошириш бошлангани ҳам фикримизнинг яққол далили бўлади. Ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Давлат дастури келажак эгаларининг янги ташаббусларини рағбатлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Шу билан бирга ёшлар билан ишлаш масаласида олдимизда турган қатор долзарб вазифалар борлиги давлатимиз раҳбари раислигида 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида алоҳида таъкидланди. “Эртасини ўйлаган мамлакат ёшларини эътиборсиз қолдирмайди, деган ғояни илгари сурган видеоселектор йиғилишида асосий эътибор ёшлар билан ишлашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишга қаратилди.

Президентимиз ёшлар билан ишлашда ҳамон камчиликлар мавжуд экани, катта мақсадлар билан тузилган Ёшлар иттифоқи ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга етарлича эътибор бермаётгани, жойлардаги 4 сектор раҳбарларининг аксарияти ҳали ёшлар масаласи билан фаол шуғулланмаётганини танқид остига олди. Ички ишлар идоралари, маҳалла қўмиталари, бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва таълим муассасаларининг бу борадаги ишлари қониқарсизлиги, туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари жонбозлик кўрсатмаётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, ёшлар масаласи ҳар доим кун тартибидаги долзарб масалалардан бўлиб келган. Чунки бу масаланинг яхши ё ёмон томонга ҳал этилиши мамлакатнинг ривожи ё инқирозини белгилаб беради. Фарзанд тарбияси ва юриш-туришидан огоҳ бўлиш, уларни илму-ҳунарга ўргатиш, муносиб иш билан таъминлаш, уларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларни музей, театр ва бошқа маданий-маънавий масканлар, спорт мусобақалари, илм-фан, спорт ва амалий санъат тўгаракларига фаол жалб этиш орқали бўш вақтини мазмунли ўтказишини ташкил этиш ҳам йиғилишда алоҳида таъкидланди.

Бу долзарб ишга Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини фаол жалб этиш, жойларда сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, амалий учрашув ва тадбирлар орқали мазкур Дастур ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш борасидаги вазифалар Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, депутатлик бирлашмалари ва “Ёш адолатчилар” қанотига масъулиятли вазифалар юклайди. Зеро, бутун дунёда ғоялар ва манфаатлари кураши авж олаётган, глобаллашув ва ахборот шиддати, қарашлар ҳамда қадриятлар тўқнашуви одамлар қалбида чуқур акс-садо бераётган мураккаб ва таҳликали даврда юртимиз ёшлари қалбини соғ-омон асраш, уларни янги марралар сари рағбатлантириш, манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар биримиздан, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан, ота-оналар, таълим муассасалари, маҳалла фаолларидан бу масалага алоҳида масъулият билан ёндашишни талаб этади.

Шоҳида ДАМАНОВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори

 

 

“Ёшлар — келажагимиз” уларни қўллаб-қувватлайлик, қалбини соғ-омон асрайлик! was last modified: Июль 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »