Юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифат ва самарадорлиги ортмоқда

5 Июль, 12:16 • Муносабат, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 23 марта кўрилди • Комментариев к записи Юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифат ва самарадорлиги ортмоқда нет

Мамлакатимизда бугун барча соҳаларда бўлаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда асосий таянч бу етук кадрлар бўлиб, бундай юксак салоҳиятли кадрларни етиштиришда, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг ўрни беқиёс бўлмоқда. Замонавий билимларни пухта эгаллаган, ҳар томонлама баркамол, рақобатбардош кадрларни тайёрлаб беришда олий таълим муассасаларининг замонавий жаҳон тажрибасига хос йўналишларига бўлган талаби ортиб бормоқда. Бу каби эҳтиёжларни ўз вақтида таъминлаш мақсадида, кадрлар тайёрлашда халқаро таълим муассасалари тажрибаси нафақат кадрларимизни мазкур таълим муассасаларига юбориш орқали ўзлаштирилмоқда, балки мавжуд тажриба ва билимни юртимизда ўзлаштириш мақсадида мазкур олий таълим муассасаларининг Ўзбекистонда фаолиятини йўлга қўйиш тизими изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолагани таълим тизими учун яна бир қувонарли янгилик бўлди. Албатта, бундан мақсад халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш, таълим муассасаларини керакли мутахассислар билан таъминлаш ва ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, улар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборатдир.

Маълумки, Пучон университети Корея Республикасидаги шу номдаги университетнинг Ўзбекистондаги филиали бўлиб, икки олий таълим муассасаси ҳамкорликда иш олиб боради. Ўқув дастурлари, компьютерлар, ўқув жиҳозлари, техника ва ахборот ресурс маркази таълим жараёнининг сифатли ўтишини кафолатлайди. Университетнинг мактабгача таълим муассасаларига педагог кадрлар тайёрлаш, архитектура ва дизайн каби йўналишлари мамлакатимизда талаб юқори. Айниқса, олийгоҳда таълим — ўзбек, рус ва инглиз тилларида, кундузги, сиртқи ва кечки шаклларда бўлиши, таълим грантларининг жорий этилгани қувонарли.

Бундан ташқари, университетда етим болаларни ва ота-она васийлигисиз қолган талабаларни ижтимоий таъминлаш, иқтидорли талабаларни ўқитиш учун стипендиялар ажратиш, талабаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва уларнинг яшаш жойларида бўш вақтларини фойдали ташкил этиш йўналишларда қулайликлар киритилгани ёшларга қаратилаётган юксак эътибор натижасидир.

Энг муҳими талабаларнинг амалиёт билан  уйғунликда таълим олиши бўлиб, бу талабаларга соҳасида бўлаётган ислоҳотларни ўз вақтида ўзлаштириб боришига имкон яратади. Пучон университетида ҳам ўқитувчи ва мутахассисларнинг Пучон университети (Корея)да малака ошириб келишлари таълимнинг янада сифатли ўтишини белгилаб беради.

Партиямизнинг сайлов олди дастурида ҳам Олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш, ўқитувчилар ва ходимлар инновацион фаоллигини ошириш ҳамда ОТМларнинг илм-фан, саноат ҳамда иқтисод билан алоқасини кучайтириш кўзда тутилган.

Таъкидлаш керакки, таълим жамият тараққиётида муҳим роль ўйнайди. Яратилаётган бу каби шарт-шароитлар эса кун келиб ўз натижасини бермай қолмайди.

Бобур МАМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси ўринбосари

Юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифат ва самарадорлиги ортмоқда was last modified: Июль 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »