“Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан фракциялараро дебат бўлиб ўтди

9 Август, 16:45 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 28 марта кўрилди • Комментариев к записи “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан фракциялараро дебат бўлиб ўтди нет

Маълумки, қайта тикланувчи ва янги энергия манбалари соҳасида мамлакатимизда катта имконият мавжуд бўлишига қарамай, бугунги кунда мазкур салоҳиятнинг атиги 0,31 % ўзлаштирилган, холос.

Айниқса, мазкур соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий асоснинг яратилмаганлиги ушбу соҳани гуркираб ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллардан бири ҳисобланади. “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурати анчадан бири тилга олинаётган бўлса-да, бироқ ушбу қонун ҳалига қадар қабул қилинмаганлиги ҳамда Ўзбекистон бу борада  жаҳон мамлакатларидан бир мунча орқада қолаётганлиги — бу факт. Ваҳоланки, бугунги кунда жаҳондаги 160 дан ортиқ мамлакатларда қайта тикланувчи энергия манбаларига оид муҳим қонунлар қабул қилинган. Биргина Европа Иттифоқи мамлакатларида 10дан ортиқ директивалар қабул қилинган. Уларнинг стратегияларида 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш салмоғини ҳатто 50 %гача етказиш мақсадлари қўйилган.

Ана шу ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш мақсадида ишлаб чиқилган “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кун тартибига киритилган бўлиб, у биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳозир иккинчи ўқишдаги матни юзасидан тегишли муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.

Шуниси диққатга сазоворки, ушбу қонун лойиҳаси ташаббускорлари ичида “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳам бор.

Қонун лойиҳасини қабул қилишдан мақсад Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланиш вазифаларини амалга ошириш доирасида иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳаларда энергия самарадорлигини ҳамда ёқилғи-энергетика баланси диверсификация даражасини ошириш, мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек  иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини ва мажмуавий чора-тадбирларини тизимли мустаҳкамлашдан иборат

Қонун лойиҳасида қайта тикланувчи энергия манблари соҳасидаги асосий тушунчаларнинг таърифлари келтирилмоқда. Жумладан қайта тикланувчи энергия манбалари, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, қайта тикланувчи энергия манбалари асбоб-ускунаси (қурилмаси), микро ва кичик гидроэлектростанциялар, қайта тикланувчи энергия манбалари асбоб-ускунаси (қурилмаси) ишлаб чиқарувчи каби тушунчаларга аниқлик киритилган.

Бундан ташқари қонун лойиҳасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳуқуқий тартибга солинган бўлиб, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларни, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбалари асбоб-ускунаси (қурилмаси) ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ турлари белгиланмоқда. Бунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш жамғармасини ташкил этилиши ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалардан ишлаб чиқариладиган энергия учун аниқ тарифларнинг белгиланиши назарда тутилган

Қонун лойиҳасида, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалардан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятларини қонуний тартибга солиш: қайта тикланувчи энергия манбалари асбоб-ускунаси (қурилмаси)ни ягона электр энергетикаси тизимига ва ҳудудий ва магистрал тармоқларга уланишнинг тартиб ва қоидалари ҳамда рухсат олиш ҳужжатларининг  аниқ процессуал механизми; қайта тикланувчи энергия манбалардан фойдаланиш соҳасида ҳисоб, стандартлаштириш ва сертификатлаштиришни амалга ошириш каби масалалар ҳам ўз аксини топган.

Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг энергия таъминоти самарадорлигини оширишга, энергия ва иссиқлик ишлаб чиқариш секторида атроф муҳитга салбий таъсирни пасайтириш, шу жумладан иссиқхона газлари ташламаларини камайтиришга хизмат қилади.

Куни-кеча ушбу қонун лойиҳаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар, олим ва мутахассислар, соҳа ходимлари иштирокида фракциялараро дебатлар бўлиб ўтди. Унда қатнашган “Адолат” СДП фракциясининг аъзолари қайта тикланучи энергия манбалари соҳасини ривожлантириш масалалари доимо партия дастурларининг диққат марказида бўлиб келганлигини алоҳида таъкидладилар. Жумладан, партиянинг 2009 ва 2014 йилги сайловолди дастурларига ушбу соҳани ривожлантиришга партия олдидаги устувор вазифа  сифатида аҳамият қаратилган. Хусусан, партиянинг 2014 йилги сайловолди дастурида энергия ҳажмини камайтириш, қатъий тежаш тартиби, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтириш, қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланишни асослаш механизмларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва тадбиқ этиш масалалари доимо партия эътиборида бўлиши лозимлиги қайд этилган. Партия энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиши таъкидланган.

Айниқса, қишлоқларда янги ижтимоий объектлар — қишлоқ врачлик пунктлари, болалар боғчалари ва яслилари, мактаблар, болалар спорти, телекоммуникация ва почта алоқаси объектларини қуришда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда, энергияни тежайдиган инновация тизимларини жорий этиш партиянинг устувор вазифаси сифатида қаралган. Албатта, ушбу вазифаларни тўлақонли бажариш, биринчи навбатда ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини яратишни талаб этади.

Шу нуқтаи назардан, мазку қонун лойиҳасининг қабул қилиниши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини ва ресурс ҳажмдорлигини қисқартириш, миллий илмий-техникавий ишланмалар ва синовдан ўтган халқаро энерготежамкор илғор технологиялар тадқиқотларини амалиётга мақсадли жорий этиш соҳасида белгиланган устувор йўналишларни рўёбга чиқариш, 2017-2021 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш имконини беради. Шунингдек, Қонун Ўзбекистон Республикасининг «Қайта тикланувчи энергия бўйича Халқаро Агентлик уставини (Бонн, 2009 йил 26 январь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонуни билан ратификация қилинган қайта тикланувчи энергия бўйича Халқаро Агентликнинг уставида кўрсатилган халқаро мажбуриятларни тўлақонли амалга ошириш имконини яратади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

 Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро

 алоқалар қўмитаси аъзоси,

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси

 

“Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан фракциялараро дебат бўлиб ўтди was last modified: Август 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »