Давлат бюджети ижроси танқидий муҳокама қилинди

14 Август, 17:24 • Фракция, Янгиликлар • 160 марта кўрилди • Комментариев к записи Давлат бюджети ижроси танқидий муҳокама қилинди нет

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросида ижтимоий харажатларнинг 2018 йил I ярим йиллик режаси бўйича ажратилган маблағлар нега тўлиқ ўзлаштирилмади, ҳисобот даврида инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва «стартап» лойиҳаларини молиялаштириш учун қанча маблағ ажратилди, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишда айрим ҳудудларга нега ўсиш кузатилмаяпти?

Жорий йил 14 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясида муҳокама қилинган Давлат бюджети ижросининг 2018 йилнинг I ярим йиллиги якунлари тўғрисидаги ҳисоботда шу ва бошқа бир қатор масалалар қизғин муҳокама этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг I ярим йиллиги якунига кўра мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 153 трлн. сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 фоизга ўсди, шунингдек ялпи ички махсулот жон бошига нисбатан ҳисобланганда 4 653 минг сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 фоизга ўсди.

Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдилар.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 18 378,5 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 55,7 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,0 фоизни ташкил этади.

2018 йилнинг I ярим йиллигида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек таълим муассасаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига биринчи даражали эътибор қаратилгани фракция аъзолари томонидан эътироф этилди.

Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 52,2 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан ажратилган
9 586,9 млрд. сўм маблағларнинг қай даражада мақсадли ишлатилгани депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб, илм-фанни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар ижросини ҳам алоҳида кўриб чиқишди.

Илм-фанни ривожлантиришга, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида мавжуд 300 дан ортиқ илмий-тадқиқот марказлари,илмий-ишлаб чиқариш ташкилотлари ва инновацион марказлар учун ҳисобот даврида Давлат бюджетида 168 млрд. сўм режалаштирилган бўлиб, шундан 43 млрд. сўм маблағлар ўзлаштирилмаганлиги депутатлар томонидан жиддий камчилик сифатида қайд этилди.

Шунингдек, инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, «стартап» лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 50 млрд. сўм миқдорида бюджет маблағлари ажратилгани Ўзбекистон келажагини инновацион иқтисодиётда деб ҳисобловчи “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан алоҳида эътироф этилди. Чунки, бу соҳага ажратилаётган маблағлар миқдорини ошириб бориш мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши ва аҳоли фаровонлиги гарови эканлиги таъкидланди.

Жамшид ПИРМАТОВ Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

— Ҳисоботда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3571-сонли “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Республикамизнинг 34 та туманида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида 2023 йилнинг 1 январигача ота-оналар бадал тўлови миқдорини 50 фоизга камайтирилиши ҳисобига ва мактабгача таълим муассасаларининг озиқ-овқат хариди харажатларини қоплаш мақсадида жорий йил учун Давлат бюджетидан қўшимча 10 млрд. сўм маблағ ажратиб берилгани кўрсатилган.

Бундан ташқари ҳудудларда мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг берган маълумотига кўра 2018 йилнинг 1-ярим йиллигида 141 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларига лицензиялар берилган.

Бироқ, ҳисобот таҳлили шуни кўрсатадики мактабгача ёшдаги болаларни боғчага қамраб олиш даражаси баъзи бир ҳудудларда камайганлиги кузатилган.

Мактабгача ёшдаги болаларни боғчага қамраб олиш даражасини ошириш бўйича Президент қарори билан кўплаб имтиёзлар берилиб, қамров даражасини ошириш бўйича чоралар кўрилаётган бир вақтда Қорақалпоғистон Республикасида 8,4 фоизга, Тошкент шаҳрида 19,5 фоизга, Самарқанд вилоятида 2,5 фоизга қамров даражаси камайганлиги шунингдек, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ушбу кўрсаткич фракция аъзолари томонидан қайд этилиб, мазкур соҳада парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш белгиланди.

Улуғбек САМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

— Ўзбекистон «Адолат» СДП сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижроси, касалликларнинг профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни кучайтиришга йўналтирилган маблағлар ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди.

Хусусан, 2018 йилнинг ўтган 6 ойида профилактика хизматларига
1288,1 млрд. сўм, яъни соҳага ажратилган маблағларнинг 30,8 фоизи йўналтирилганини эътироф этиш баробарида, ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, 2018 йилда тез тиббий ёрдамни молиялаштириш ҳажми оширилди, яъни республика бўйича ҳар бир чақирув қиймати 5 минг сўмга етказилди (бу 2017 йилга нисбатан 2,3 баробарга кўп), ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам бригадаларини марказлашган тарзда дори воситалари ва тиббиётда қўлланиш учун мўлжалланган буюмлар билан таъминлаш тартиби жорий этилди.

Онкология муассасаларини молиялаштириш ҳажми 2017 йилга нисбатан 1,5 баробарга оширилди.

Республика давлат санитария – эпидемиология назорати маркази томонидан миллий тақвимга асосан болаларни эмлаш учун умумий қиймати 101,7 млрд. сўмлик вакциналар хариди ортди. Бу 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 баробар кўп деганидир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари асосида ишлаб чиқилган давлат дастурлари, яъни Оналар ва болалар саломатлигини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, ОИВ инфекциясини олдини олиш бўйича стратегик дастурни амалга ошириш, Болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларга режалаштирилган маблағлардан 165,4 млрд. сўм миқдордаги маблағлар ўзлаштирилиши таъминланмади. Бу эса соғлиқни сақлаш соҳасидаги бир қатор ислоҳатларни ортга сураётганини ҳисобга олган ҳолда, тегишли мутасаддиларга ушбу маблағларни тезроқ ўзлаштириш чораларини кўриш тавсия этилди.

Абдуғани УМИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

— Давлат бюджети ижросини кўриб чиқиш жараёнида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларга ажратилаётган маблағлардан фойдаланишнинг самарасига, хусусан маблағларни ноқонуний фойдаланиш ҳоллари ўтган йилларнинг мос даврига нисбатан анча камайганини таъкидлашимиз лозим.

Мисол учун ҳисобот даврида аниқланган молиявий хатоликлар миқдори 2016 йилнинг мос даврида аниқланган молиявий хатоликлар миқдорига нисбатан 3 баробарга, 2017 йилнинг мос даврида аниқланган хатоликларга нисбатан эса 2,2 баробарга камайган.

Бу албатта назорат ишларининг янгиланган замонавий усулларидан хусусан, камерал назорат йўлга қўйилгани, масофавий назоратни кенг кўламда қўллаш ва хатоликларни олидини олишга қаратилган профилактик тадбирлар самараси натижасидир.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи-назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Йиғилиш якунида фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Баҳром БУРҲОНИДДИНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати рахбари

Давлат бюджети ижроси танқидий муҳокама қилинди was last modified: Август 15th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »