Адолатли қайноналар тақдирланди

15 Август, 17:21 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 157 марта кўрилди • 2 комментария к записи Адолатли қайноналар тақдирланди

Мамлакатимизда оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ажрашишларнинг олдини олиш, никоҳнинг муқаддаслигини ёшлар онгига сингдириш, оилавий муносабатларда адолат тамойиллари устуворлигини таъминлашда ёши улуғлар, қайноналарнинг ўрнини ошириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 27 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорида ҳам оилаларда ички оилавий ва шахсий муносабатларни, хусусан ота-она ва фарзандлар, эр ва хотин, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, оилада можароли ва оғир турмуш шароитини амалий ҳал қилиш механизмларини жорий этиш лозимлиги қайд этилган.

Оилаларда тотувликни сақлашга давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида урғу берилаётгани бежиз эмас, чунки биргина, 2018 йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатимизда 16449 та оилаларда ажрашишлар кузатилган бўлса, шуларнинг 11000 дан ортиғида камида бир нафардан ёки ундан ортиқ фарзандлар бўлган. Аҳамиятлиси, ажримларнинг аксарияти қайнона келин ўртасидаги келишмовчиликлар натижасида содир бўлмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ҳам оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ажралишларни олдини олиш мақсадида фарзандлар, набиралар тарбияси ва келинларга адолатли муносабатда бошқаларга ибрат бўлаётган қайноналар ўртасида “Адолатли қайнона” кўрик-танлови ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Кўрик-танловнинг 2018 йилги республика ғолибларини тақдирлаш маросими пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида бўлиб ўтди.

Тадбирда Сиёсий Кенгаш аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча туман, шаҳарлардан ташриф буюрган партия фаоллари, партиянинг “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг 14 нафар вилоят босқичи ғолиблари, “Ёш адолатчилар” қаноти ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Кўрик-танлов аввалида мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани, бу борада қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар эса уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини англаши, манфаатларини рўёбга чиқаришида муҳим дастуриламал бўлаётгани таъкидланди.

Кўрик-танлов жараёнларида иштирокчиларнинг ташаббускорлиги, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги, оила, маҳалла ва жамият, муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар ҳамда қадриятларнинг илдизларини, тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтиришда тутган ўрнига этибор қаратилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг ёш авлодда маънавият, маданият ва маърифатни янада юксалтириш орқали оилада баркамол авлодни шакллантиришда, келинларга адолатли муносабатда бўлиш орқали хонадонларда қайнона-келин ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги ролига алоҳида урғу берилди.

Мазкур танловнинг қуйи босқичлари маҳалла, туман ва шаҳарларда ўтказилиб, унда фарзандлар, набиралар тарбияси, оилада аҳиллик, маънавий муҳит барқарорлиги, ҳаётий тажрибалар борасида бошқаларга ибрат бўлаётган 7000 дан ортиқ адолатли қайноналар ўз тажриба ва маҳоратларини синовдан ўтказишган бўлишса, танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида 200 га яқин иштирокчилар қатнашишди. Ушбу кўрик-танлов юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир иштирокчилари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда жамиятимизнинг негизи бўлмиш оилалар фаровонлигига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини, халқимиз азалдан аёлларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга, уларни авайлаб-асрашга алоҳида эътибор қаратиб келганлиги, истиқлол йилларида бу эзгу анъана янада бойиб, янгича мазмун бахш этаётганлигини таъкидлашди.

Бу борада айниқса “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари муҳим аҳамиятга эгалиги, бу аввало аёлларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг кайфияти, дунёқарашини юксалтиришга жуда катта ижобий таъсир кўрсатётганини билдиришди.

Шундай қилиб, тақдирлаш маросимида кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолибларига партия Сиёсий Кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Уларнинг ҳаётий тажрибаси, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашда тутган роли республикамиздаги барча аёлларга ўрнак ва намуна бўла олиши эътироф этилди.

Тадбирда ёш ижодкор ва санъаткорлар томонидан ижро этилган мустақиллик, она Ватан, тинчликни мадҳ этувчи шеър, куй ва қўшиқлар ҳамда бадиий жамоаларнинг чиқишлари кўнгилларга байрамона кайфият бағишлади.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Матбуот хизмати

 

 

Адолатли қайноналар тақдирланди was last modified: Август 15th, 2018 by matbuot

Адолатли қайноналар тақдирланди учун 2та шарҳ

  1. Aziza:

    Бу танлов бутун Республикамиз қайноналарини иштирокчи булишга ундайди ва улар бу танловга лойик булишга харакат қилишади. Бу танлов хар йили давом этиши хакида барча махаллалар хабардор килинса нур устига аъло нур буларди.

  2. Durdona:

    Juda hursand bo’ldim. Yaxshi tashabbus bilan chiqibsizlar! Ishlaringizda omad yor bo’lsin!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »