Ибрат бўлиш – масъулият

20 Август, 10:43 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 94 марта кўрилди • Комментариев к записи Ибрат бўлиш – масъулият нет

Она ва қайнона – бу икки сўз замирида олам-олам маъно, меҳнат, рағбат ва масъулият бор. Ана шу масъулиятни ҳис эта олган аёлгина ибрат мактабини ярата олади. Мен ҳам йиллар оша ўз ибрат мактабимни ярата олишга имкон топдим.

Дарҳақиқат, Ғиждувон туманидаги 8-умумтаълим мактабида математика фанидан туман ёшларига таълим бердим. Фаннинг энг нозик қирралари ҳақида мукаммал сабоқ беришга ҳаракат қилдим. Ўқувчиларнинг тарбияси ва таълим олиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда уларнинг келажакда етук кадр бўлиб улғайишларида ўз ҳиссамни қўшдим. Ҳам оналик, устозлик ва қайноналик унвонлари менга янада завқ берди. 35 йил давомида ёшлар билан ишлаб, уларни нафақат математика фанига нисбатан, балки китобхонлик, турли бадиий эстетик завқ берадиган тўгаракларда фаол иштирок этишларига жалб этдим.

Оилада фарзанд тарбиясида китоб алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, эртак эшитиб улғайган фарзанд ўзининг кенг дунёқарашига эга бўлади. Она сифатида тарбиянинг айни мана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратдим. Келинларимга ҳам фарзанд тарбиясининг энг нозик қирраларига эътибор қаратишларини доим таъкидлайман. Бу эса менинг ҳам масъулиятим, ҳам асосий вазифамдир.

35 йиллик ўқитувчилик фаолиятимдан келиб чиққан ҳолда “Зарангари” номли маҳалламизда ёшлар учун “Ибрат мактаби”ни ташкил этганмиз. Асосий мақсадимиз ёшларнинг тарбияси ва таълим олишларига аҳамият қаратиш, уларнинг дунёқарашини кенгайтиришда кўмаклашиш ҳамда китобхонлик ҳақида танловлар ташкил этиш эди. Биз ўз мақсадимизга эришдик. “Китобим — офтобим” деб номланган танлов ташкил этдик. Унда маҳалла ёшлари, келинлари ҳатто қайноналар ҳам фаол иштирок этиб, китобхонлик маҳоратларини кўрсатишмоқда. Ғазаллар, рубоийлар айтишади. Тарихий асарлардан намуналар ва саҳна кўринишлари ҳам қўйиб беришади. Иштирокчиларга тарихий ва бадиий китоблар совға қилинади.

Эндиги мақсадимиз келажакда маҳалламизда кутубхона ташкил этишдир. Унда китобларнинг электрон вариантларини ҳам жорий қилиш ниятимиз бор.

Шунингдек, маҳалламизнинг ёшлари учун экстремизм ва терроризм, турли салбий иллатларга қарши курашиш тўғрисида оммавий тадбирларни ҳам ташкил этиб келяпмиз. Хонадонларда бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганяпмиз. Асосий мақсадимиз – ёшларнинг таълимга ва касбга бўлган қизқишини ошириш, турли салбий иллатлардан ҳимоя қилиш.

Маҳалламизда “Қайноналар кенгашининг” раиси сифатида қайноналар ва келинларни ҳам фаолликка жалб этган ҳолда уларни фарзанд тарбиясига қай тартибда эътибор қаратиши, оиладаги ўрни хусусида турли давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ташкил этиб келамиз. Маҳорат дарсларига ибратли оилалардан қайноналар, келинларни таклиф этамиз. Қайнона-келин ўртасидаги муаммоларнинг туб илдизларини топишга, уларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгашида ташкил этилган “Адолатли қайнона” кўрик танловида иштирок этиб, янада сиёсий фаоллигим ошди. Иштирокчилар билан ўзаро фикр алмашдик. “Ибрат мактаби” фаолиятини янада кенгайтириш учун танловда иштирок этган қайноналар ўзларининг таклифларини билдиришди. Танловдаги иштироким ва ғолиб бўлганлигим менга масъулият ҳиссини оширди.

Норбиби МАРДОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли,

“Адолатли қайнона” кўрик танловнинг вилоят босқичи ғолиби

Ибрат бўлиш – масъулият was last modified: Август 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »