Истиқлол объектлари: хонободлик сафдошларимиз ташаббуси

20 Август, 11:19 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 164 марта кўрилди • Комментариев к записи Истиқлол объектлари: хонободлик сафдошларимиз ташаббуси нет

Кейинги икки йил хонободликлар учун катта ўзгаришлар даври бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи ва шаҳарни ободонлаштириш борасида берган кўрсатмалари асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари унинг қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда.

— Албатта бу ҳаракатга “адолатчи” тадбиркорлар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда,- дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Хонобод шаҳар кенгаши раиси Зилола Жунадуллаева,- Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги байрами арафасида улар томонидан 3 та объект фойдаланишга топширилади. Бу билан кўплаб ёшлар иш билан банд бўлади.

Тадбиркор партиядошимиз Эркинжон Тешабоев раҳбарлигидаги “Ilg`or ekspres servis” масъулияти чекланган жамияти ана шундай ташаббускорлардан. Корхона 2015 йилда ташкил топган. Кампировот маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги собиқ “Сув қурилиш жиҳозлари” МЧЖга қарашли фойдаланилмаётган бинонинг 1 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 35 та янги иш ўрни яратиш шарти билан нолъ қийматида тадбиркорга берилиши янги лойиҳага йўл очди.

МФЙ фаоллари хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш таклифини билдирди. Чунки 30 нафардан ортиқ ёшлар тикувчилик касбини эгаллаган бўлишларига қарамай, уйда ишсиз ўтирганди.

Эркинжон бу борада катта тажрибага эга. Маҳалладошларининг талабини инобатга олди. Амалдаги Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида ўз маблағи ҳисобига бинони қайта таъмирлаб, замонавий қиёфага киритди. Хитой давлатидан сўнгги русумдаги 30 та тикув машиналари сотиб олди. Хом ашё масаласида ҳамкорлар қўллаб-қувватлади.

Хонобод чеварлари дастлабки маҳсулотларини “Истиқлол ғунчалари” деб номладилар. Улар тиккан сифатли болалар кийимлари ички бозорда харидорлар томонидан юқори баҳоланди.

— Асосий эътиборни экспортга қаратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз,- дейди МЧЖ раиси Эркинжон Тешабоев,- Шу мақсадда жаҳон бозоридаги талабни ўрганиб боряпмиз, Россиялик буюртмачилар билан 200 минг АҚШ долларилик шартнома имзоланди. Ҳар ойда ўртача 50 минг дона тайёр кийим ишлаб чиқариш билан хорижликлар буюртмасини йил охирига қадар бемалол бажарамиз.

Дизайнер Рустамжон Ашуров ўз ишининг устаси. Барнохон Тўхтақулова, Иродахон Набиева ва Зиёдахон Эргашева каби чеварлар унинг таклифлари асосида 6 турдаги бежирим кийимлар тикмоқда. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган!” ёрлиғи остида ўз маҳсулотларини тез кунларда дунё бозорида муносиб ўрин эгаллаш жамоанинг умумий шиорига айланган.

Лойиҳанинг навбатдаги босқичи тўқув цехи ташкил этишга қаратилган. Хозирда ана шу мақсадда бинонинг иккинчи қавати таъмирланмоқда. Тез кунларда Хитойдан қўшимча дастгоҳлар келтирилади. Натижада яна 20 нафар хотин-қиз иш билан таъминланади. Бу тадбиркорнинг давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятларга муносиб жавоби демакдир.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Истиқлол объектлари: хонободлик сафдошларимиз ташаббуси was last modified: Август 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »