Матбуот анжумани: таҳлил ва натижалар

9 Август, 17:01 • Бухоро вилояти, Янгиликлар • 22 марта кўрилди • Комментариев к записи Матбуот анжумани: таҳлил ва натижалар нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгашида ярим йиллик фаолият сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда партия ходимлари, фаоллар, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда маҳаллий журналистлар иштирок этди.

Бўлиб ўтган матбуот анжуманида партия вилоят Кенгашининг 2018 йилнинг 1-ярим йиллигида олиб борган фаолияти тўғрисида маълумот берилди, шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан ишлаш тизимининг ўзига хослиги хусусида ҳам гапириб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган даврда партиянинг амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётган тадбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасида амалий ишларга кўпроқ эътибор қаратилди.

Жумладан, “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида олиб борилган мулоқотлар давомида қатор муаммолар ўрганилди, уларнинг ечимлари ижобий ҳал этилди. Ярим йил давомида жами 241 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2822 та хонадонларга ва 526 та ижтимоий ташкилотларга ташриф буюриб, у ерда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар ўрганилиб, ижобий ечим топишда кўмаклашилди.

Ҳудудларни ўрганиш жараёнида аҳолидан жами 783 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатлар асосида 208 та депутатлик сўровлари чиқарилган ва 81 та мурожаат ижобий ҳал этилган. “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур”, “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови”, “Тозалик йўлида бирлашайлик”, “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш– демократик жамият пойдевори!” партия лойиҳалари доирасида партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, партиянинг дастурий вазифаларини амалга ошириш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.

Партиянинг дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, партиянинг депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда 2018 йилда “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиниши ҳолати, “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълимни ташкил этилиши ва ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиш даражаси, дарсликларнинг сифати, педагок кадрлар билан таъминланиши ҳолати, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан боғлиқ муаммолар, дорихоналар фаолияти ҳамда “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида олий таълим муассасаларида илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимлар фаолиятида учрайдиган муаммо ва тўсиқларни бартараф қилишга амалий ёрдам бериш каби масалалар эътиборимиз марказида бўлди.

“Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур“, “Адолат — қонун устуворлигида”, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳалари доирасида маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда партия ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари вилоятдаги тегишли ташкилотларнинг фаолиятини ўрганишлари жараёнида партия вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан 27 та депутатлик сўрови чиқарилган. Партия туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари томонидан 386 та депутатлик сўровлари чиқарилган. Шу билан бирга туман ва шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳлари томонидан партия лойиҳалари доирасида сессия муҳокамасига  17 та, доимий комиссияларга 78 та масала киритилган. Хусусан, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида Бухоро, Қоракўл, Вобкент, Қоровулбозор, Шофиркон, Ромитан ва Когон шаҳар Кенгашлари томонидан сессияга, Бухоро ва Когон шаҳар, Вобкент, Шофиркон, Когон, Бухоро, Жондор, Қоровулбозор, Қоракўл, Ромитан туманлари томонидан доимий комиссияларга масала киритилди.

“Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида олиб борилган ўрганишлар юзасидан Шофиркон, Жондор, Бухоро, Ромитан, Вобкент туманлари сессияга, Когон шаҳри, Ғиждувон, Шофиркон, Бухоро, Жондор, Когон туман Кенгашлари томонидан эса доимий комиссияларга масала киритилди.

Йиғилишда Партия вилоят Кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан амалга оширилган ишлар ва унинг фаолияти хусусида ҳам айтиб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов бугунги кунни оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этишимиз қийинлиги, ҳар бир туман Кенгашининг фаолияти ОАВ орқали қилган чиқишларида намоён бўлишини алоҳида таъкидлади. Ярим йилликда ҳар бир қилинган иш албатта ОАВ орқали  кенг ёритиб борилаётганлиги, бунда ҳамкор журналистларнинг хизмати катталигини қайд этди.

Таъкидланганидек, партия вилоят Кенгаши матбуот хизмати ва ОАВ ҳамкорлигида бўлиб ўтган тадбирлар нафақат партия сайтида, балки республиканинг бошқа қатор сайтлари, маҳаллий ва республика газеталарида, телевидениеда ёритиб борилди.

Нилуфар Ҳамроева, “Когон ҳаёти” газетасининг мухбири:

— Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир қилинадиган ишнинг натижаси ОАВ орқали намоён бўлади, албатта. Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан лойиҳалар доирасида ўрганишлар олиб борилади. Ана шу ўрганишлар маҳаллий газеталарнинг ҳар бирида мунтазам ёритилади. Бунда эса партия ходимлари ва партия вилоят Кенгаши матбуот хизматининг ўз ўрни бор. Ушбу матбуот анжуманида қилинган ярим йиллик фаолият сарҳисоби партия вилоят Кенгаши фаолиятининг изчиллиги ва самарадорлигини кўрсатиб берди.

Матбуот анжуманида партия вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан баъзи бир мавжуд камчиликларнинг борлиги алоҳида эътиборга олинди ҳамда уларнинг бартараф этилиши юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Дилбар ҲАМДАМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Матбуот анжумани: таҳлил ва натижалар was last modified: Август 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »