Оила мустаҳкамлигининг ҳаётий мезони

17 Август, 12:11 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Марказий аппарат, Янгиликлар • 170 марта кўрилди • Комментариев к записи Оила мустаҳкамлигининг ҳаётий мезони нет

Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ажралишларнинг олдини олиш мақсадида фарзандлар, набиралар тарбияси ва келинларга адолатли муносабатда бўлиш борасида ибрат кўрсатаётган қайноналарнинг ҳаёт тажрибасини кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилган эди.

Қуйида сизларга танлов ғолибларидан айримларининг фикрларини ҳавола қиламиз.

Умитхан Халмуратова, Нукус шаҳридаги “Байтерек” МФЙ фаоли:

— “Адолатли қайнона” кўрик-танловини ташкил этган партия фаолларидан мамнунмиз. Чунки мазкур кўрик-танлов ёш келинларга ибрат мактаби бўлиб қолмасдан, юртимиз аёлларининг истеъдоди, маҳорати, изланиш ва имкониятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашмоқда.

Фарзандларимизнинг ўқиб-ўрганиши, билим олишига эътибор қаратганмиз. Янглишмаган эканмиз, бугун уларнинг барчаси олий маълумот олишди, ИИБда, лицейда, мактабда, коллежда ва бошқа масъулиятли вазифаларда элга хизмат қилишмоқда. Кичик келиним кутубхоначи бўлганлиги биздек китобсевар оила учун айни муддао бўлди. Кутубхонадаги ҳар бир китобни оилавий ўқиб чиқдик десам, муболаға бўлмайди. Ўн тўрт нафар неварам, бир нафар чеварам бор. Ҳаммасининг ўз ёшига мос асарларни мутолаа қилишини кутубхоначи келиним назорат қилади.

Гулсара Гадоева, Қизилтепа тумани “Ўзбекистон” МФЙ фаоли:

— Юртбошимиз томонидан оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш ва фарзандларимиз тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қайноналарнинг масъулиятини кучайтириб ва ёш оилаларни мустаҳкамлашда уларнинг тажрибаларини намуна қилиб кўрсатилаётгани бежиз эмас. Оиланинг мустаҳкам бўлиши ва бахтли яшаши кўп жиҳатдан қайнонанинг ҳаёт тажрибаси, билимдонлиги ва оила аъзоларининг ўзаро муносабатларига боғлиқ.

Норбиби Мардонова, Ғиждувон туманининг “Зарангари” маҳалласи “Қайноналар кенгаши”нинг раиси:

— Ғиждувон туманидаги 8-умумтаълим мактабида муаллимлик қилиб, ёшларга математика фанидан сабоқ бердим. 35 йил давомида ёшлар билан ишлаб, уларни нафақат математика фанига, балки бадиий асарлар ўқишга ҳам жалб этдим.

Фарзанд тарбиясида китоб алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, эртак эшитиб улғайган фарзанд кенг дунёқарашга эга бўлади. Она сифатида тарбиянинг айни мана шу жиҳатига алоҳида эътиборли бўлдим. Келинларимга фарзанд тарбиясида елкадош бўлишни ҳам масъулиятим, ҳам асосий вазифам деб биламан.

Биз истиқомат қилаётган “Зарангари” маҳалласида ёшлар учун “Ибрат мактаби”ни ташкил этганмиз. Маҳалламизда “Китобим — офтобим” танловини ўтказиб турамиз. Унда ёшлар, келинлар қатор қайноналар ҳам фаол қатнашмоқда.

Маҳалламизда қайнона ва келинлар билан доимий мулоқот қилиб борамиз. Бундай суҳбатларнинг ҳар бир оила аҳилликда яшашига, келишмовчиликларнинг олдини олишда ижобий таъсири бор, албатта. Бирор қайнона-келин ўртасида муаммо пайдо бўлса, тезда унинг асл сабабини топиш ва бартараф этишга интиламиз.

Мавлудахон Муқимова, Асака туманидаги 6-умумтаълим мактабининг бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раҳбари:

— Партиямиз томонидан ўтказилаётган бу тадбир жамиятимизда хотин-қизларга, оналарга бўлган эьтиборнинг амалий ифодасидир. Аслида биз — оналар ҳамма вақт фаол бўлишимиз зарур. Негаки, оиланинг мустаҳкамлиги, фарзандлар камоли биз билан. Она — бу фидойилик, матонат, меҳр ва садоқат тимсоли. Мен адолатли қайнона сифатида нафақат ўз оилам, балки маҳаллада ҳам ибрат бўлишни, ёшлар тарбиясига масъулликни ўз вазифам, деб биламан. Асака туманида ташкил этилган қайноналар мактабининг ҳар бир тадбирида фаол қатнашаяпман. Шу йилнинг ўтган даврида 6 та оилани яраштирдик. Биз ёшларга ҳаёт йўлларида ҳар доим ёрдам беришимиз шарт. Шундагина улар ҳам улғайганида бу анъанани давом эттиради.

Баъзи қайноналар келин ҳали ёш эканлиги, кексалар каби бой тажрибага эга эмаслигини, баъзида хато қилиши мумкинлигини унутиб қўйишади. Ёш келинга катта оиланинг ҳамма юмушларини ташлаб қўядиганлар ҳам учраб туради.

Аслида 30 йиллик турмушим пойдевори мустаҳкамлиги қайнонамнинг кўмаклари ва ўгитлари билан боғлиқ. Келиним Сурайёхонда ҳам ўз ёшлигимни кўраман. У ягона қизимга сирдош, дугона. “Қизим” деб чақирсам, иккаласи ҳам “лаббай” деб келишади. Шундай келинни яхши кўрмай бўладими?!

Насиба Ҳакимова, Поп тумани “Ипак йўли” МФЙ фаоли:

— Республикамизда анъанавий тарзда ўтказилаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танлови кўпчиликнинг эътиборига тушиб улгурди. Бу йил илк бор ушбу танловда қатнашдим.

Кези келганда айрим мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман. Мен қайнона сифатида куёвларимга ҳам меҳрибонлик қилишни унутмайман. Уларни ўз фарзандимдай кўраман. Турмушда қандай муаммо юзага келса, ечимини топишга ҳаракат қиламан. Ўн йилча муқаддам катта куёвим Камолиддин ўзига муносиб иш топа олмаётганини айтиб қолди. Нима қилиш керак? Ҳозирги замонда ишбилармонликка кенг йўл очилган. Ўзаро маслаҳатлашиб, прессланган ғишт тайёрлайдиган кичик корхона ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Чунки қурилиш миқёслари юртимизда йил сайин кенгайиб бормоқда. Мана, қарийб ўн йилдирки, “Поп пресс ғишт заводи” кичик корхонаси аҳолига ўз маҳсулотларини етказиб бермоқда. Турмуш ўртоғим билан ўғлим Иброҳим ҳам шу ерда ишлайди.

Кичик куёвимиз ўуломжон ҳам ўз қобилиятини тадбиркорликда синаб кўрмоқда. Унга ўз вақтида деҳқон хўжалиги ташкил этишга кўмаклашдик. Мева-сабзавот етиштиради, асаларичилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Топиш-тутиши ёмон эмас. Рўзғорда камчилиги йўқ. Турмуши фаровон.

Тўхтажон Ибодуллаева, Урганч шаҳридаги “Навбаҳор” маҳалла фаоли:

— Ҳаётимнинг 45 йилини ёш авлодни адолатли, комил инсонлар қилиб тарбиялашга бағишладим. Фарзандларим, набираларимнинг аксарияти таълим соҳасини танлашди ва ота-она издоши бўлишди.

Нафақада бўлсам-да, ўзимни ёшлар тарбиясидан айро ҳис эта олмайман. Маҳалламизнинг фаоли сифатида эл хизматига, айниқса, ёшлар тарбиясига ҳар сониямни бағишлаганимдан бахтлиман. 50 дан зиёд оилавий ажримнинг олдини олишга, 50 дан зиёд хотин-қизларни иш билан таъминлашга, 10 дан зиёд аёллар тадбиркорлик билан шуғулланишига эришдим. Ёшларни китоб мутолаасига меҳр қўйишга ўргатишга бел боғлаганман. Оилавий кутубхонамизга маҳалла ёшларининг меҳри бўлакча. Қувонарлиси, партиянинг вилоят ташкилоти қошида ташкил этилган “Истеъдод клуби” ёш қаламкашларининг тез-тез кутубхонамга ташрифидан олам-олам завқ оламан.

Қудаларим билан опа-сингилдек бўлсак, куёвларим, келинларим билан она-боладекмиз десам, муболаға бўлмайди.

Хонадонимизда яшаётган каттаю кичик ҳаммаси уй ишига қарашади. Ахир уйда фақат келин яшамайди-ку, шунинг учун ҳам оила дейилади-да.

Маҳалла фаолиман. Албатта, нотинч хонадонларга кириб, маслаҳат бериш билангина иш битмайди, ўзим, оилам билан ўрнак бўлсам, ибрат дегани — шу аслида.

Дилфуза Суюнова, Яккабоғ туманидаги “Совуқбулоқ” маҳалласи фаоли:

— Менинг беш нафар ўғлим, бир қизим бор. Тўрт келиним ва невараларим билан бирга яшаймиз. Маҳалладаги бирор хонадонда баъзи-баъзида муаммо пайдо бўлиб қолиши мумкин. Бир уйда қайнона, ўғли, келини билан яшаб, тушунмовчилик оқибатида келишмовчилик келиб чиққан ҳолатларга дуч келамиз. Наҳотки қайнона бир келин билан келишолмаса ёки келин бир қайнонани айланиб-ўргилиб, хизматини қилиб, кўнглини ололмаса?! “Сиз бир ҳовлида тўртта келин билан тинч-тотув яшайсиз, бунинг сири нимада?” — дейишади менга.

 — Маҳалланинг энг ақлли қизларини келин қилганман-да, — деб келинларимни мақтайман. — Сиз ҳам келинингизни “қизим”, “онам” деб чақиринг-чи, дарров “Лаббай, онажон”, деган жавобни оласиз.

Келинларим бу мақтовимни эшитиб, хурсанд бўлишади, меҳрига меҳр қўшилади, ҳурматлари янада ошади. Мана, бахтли бўлиш сири оддийгина: келиннинг камчилигидан кўз юмиб, яхши хислатини ошириб айтиш. Шунда келин ҳам кўп ўтмай шу таърифда айтилгандай бўлишнинг уддасидан чиқади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Оила мустаҳкамлигининг ҳаётий мезони was last modified: Август 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »