Қонунларда энг аввало инсон манфаатлари устувор бўлиши лозим

25 Август, 18:13 • Марказий аппарат, Фракция, Янгиликлар • 118 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонунларда энг аввало инсон манфаатлари устувор бўлиши лозим нет

Фуқаро табиий газ, электр энергияси ёки бошқа коммунал хизматларнинг биридан айтайлик 300 000 сўм миқдорда қарздор бўлиб қолди. Бир нечта жараёнлардан сўнг қарздорга суд қарори билан қарзни ихтиёрий равишда бартараф этиш учун маълум муддат белгиланади. Қарздор фуқаро молиявий имкониятлари чекланганлиги ёҳуд бошқа сабабларга кўра суд қарорини ўз вақтида бажара олмайди. Натижада 300 000 сўмни ўз вақтида тўлай олмаган қарздорга 921 000 дан 1 843 000 сўм (энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн баравари) гача жарима белгиланади. Ушбу тартибни ўзида акс эттирган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1981-моддаси инсонпарварлик, адолатлилик тамойилига тўлалигича мос, юқоридаги жарима миқдори халқимиз эътирозини келтириб чиқармаяпти дея оламизми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг жорий йил 25 август куни бўлиб ўтган йиғилиши шу каби мулоҳазалар билан бошланди.

Юқоридаги ҳолатни ўзида акс эттирган Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981 ва 287-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида» Қонуни лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Лойиҳага кўра ижро ҳужжатини ихтиёрий ижро этмаганлик учун жаримани қарздорлик миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгилаш назарда тутилмоқда. Яъни камроқ миқдордаги (энг кам иш ҳақининг ўн бараваригача ёки унга тенг бўлган миқдордаги сумма) қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра бажармаслик, камроқ (фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ўн бараваригача) миқдордаги жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Худди шундай ҳолатда қарз энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан кўп бўлган миқдорда бўлса жарима ҳам мос равишда фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда этиб белгиланмоқда.

Бу эса партия дастурий мақсадининг асоси ҳисобланган “Адолат ҳар бир инсон учун” тамойилига ҳамоҳанг бўлиши билан бирга, фуқароларимиз учун енгиллик яратиб, ундирувчининг ҳам қонуний манфаатларини таъминлашга кўмаклашиши таъкидланди.

Шунингдек, қонун лойиҳасидаги амалдаги қонунчилик нормаларини ҳаётга самарали татбиқ этилишига оид нормалар ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилишда депутатлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ва мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишди.

Қонун лойиҳаси билан мазкур Кодекснинг 178-моддасига қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра товарнинг сифати ва истеъмол хусусияти тўғрисида истеъмолчиларни чалғитиш, товарларни унга ўхшаш маҳсулотлар билан алмаштириб қўйиш, била туриб маҳсулотнинг хусусияти ва сифатини ўзгартириш, шунингдек қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш – ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлувчи чоралар қўллашга оид норма билан тўлдирилмоқда.

Ташаббускорлар томонидан қонун лойиҳасида кўзда тутилган ўзгартишлар ҳаётий мисоллар билан тўлиқ асослантирилмаганлиги туфайли фракция аъзолари лойиҳа қабул қилингандан сўнг ҳеч қандай муаммоларсиз самарали ишлаб кетиши юзасидан баҳс мунозарага киришишди.

Давлат бундан кейин ҳам инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолати бўлиб қолиши керак, деб ҳисобловчи фракция аъзолари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қўллаб-қувватлаган ҳолда унинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлик чоралари кучайтирилиши орқали истеъмолчилар манфаатларининг ишончли ҳимояси таъминланишини таъкидлашди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари юзасидан фракциянинг позицияси ва тегишли қарорлари қабул қилинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаш Марказий аппарати

етакчи мутахассиси

 

 

Қонунларда энг аввало инсон манфаатлари устувор бўлиши лозим was last modified: Август 25th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »