Партиядошларимиз ахборот-коммуникация технологияларини ўрганмоқдалар

16 Август, 09:31 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 115 марта кўрилди • Комментариев к записи Партиядошларимиз ахборот-коммуникация технологияларини ўрганмоқдалар нет

Бугун биз яшаётган йигирма биринчи асрни ҳақли равишда ахборот асри деб аташади. Чунки қаёққа қараманг, компьютер, планшет, айфон, интернет, телеграм ва ҳоказо. Атрофингизда ахборот етказиб берувчи ускуналар қалаштириб ташланганлигидан ҳайратда қоласиз. Боз устига бу жараёнларга боғлиқ технологиялар тинмай ривожланиб бормоқдаки, уларни тўғри қўлланишда тегишли кўникмаларга эга бўлмаган киши қийналиб қолиши турган гап.

Бундан олти йил аввал бутун бир вилоят партия ташкилотида ягона компьютер жамланмаси бор эди, холос. Тўғри, ўша пайтларда биронта туман кенгашининг идораси ҳам йўқ эди. Мана, бугунга келиб вазият батамом ўзгарди. Энди ҳар бир ходимдан компьютерда ишлаш малакаси талаб этилади. Бу билан албатта, олиб бориладиган ишлар кўлами кенгаяди, самарадорлиги ва тезкорлиги ошади, янги-янги қулайликлар келиб чиқади.

Ана шулардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ходимларидан бир гуруҳи компьютер саводхонлиги курсларида таълим олмоқдалар. Машғулотлар вилоят маданият ва аҳоли дам олиш марказида олиб борилмоқда. Бу ерда энг сўнгги авлодга мансуб компьютерлар, кўргазмали воситалар билан жиҳозланган ўқув хонаси бор. Курс тингловчилари орасида бошқа қатор нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари ҳам бор.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг иш юритувчиси Акбаржон Мансуров:

— Ростини айтганда, компьютерда ишлашни мен ўзим мустақил равишда ўрганмоқда эдим. Мана бу курснинг очилгани айни муддао бўлди. Бу ерда ҳам амалий, ҳам назарий билимларга эга бўлмоқдамиз. Улар келгуси фаолиятимизда асқотади, деб ўйлайман.

Шу ўринда мазкур курснинг ташкил этилишида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ҳам катта ҳиссаси борлигини айтиб ўтиш лозим. Вазирлик ва Германия DVV (Германия халқ университетларининг Ўзбекистондаги филиали) ўртасида имзоланган меморандумга биноан машғулотлар ташкил этилганлиги диққатга сазовордир. Уларни ушбу ташкилотнинг тажрибали мутахассисларидан Шоҳсанам Муҳаммаджонова олиб бормоқда. Тингловчилар ўқув жараёни қизиқарли ва фойдали бўлаётганлигини таъкидладилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Партиядошларимиз ахборот-коммуникация технологияларини ўрганмоқдалар was last modified: Август 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »