Судьяларни лавозимига тайинлашда ва адлия органлари фаолиятида шаффофлик таъминланади

6 Август, 19:03 • Фракция, Янгиликлар • 25 марта кўрилди • Комментариев к записи Судьяларни лавозимига тайинлашда ва адлия органлари фаолиятида шаффофлик таъминланади нет

Жамиятимизда коррупцияни олдини олиш, соҳаларнинг янада ривожланишида очиқлик ошкоралик муҳим ўрин тутади. Давлат идоралари фаолиятида шаффофликни таъминлашда эса жамоатчиликнинг, хусасан, вакиллик органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг улар устидан қонунчиликда белгиланган тартибда назоратни олиб бориши самарали восита ҳисобланади.

Жорий йил 6 август куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Адлия органлари фаолияти ҳамда судьяларни лавозимига тайинлашда жамоатчилик назорати институтидан фойдаланиш орқали ошкораликни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари дастлаб, адлия органлари фаолиятида тизимлилик  даражасини оширишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини кўриб чиқишди.

Ушбу қонун лойиҳаси орқали Адлия вазирлигининг ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини оширишдаги ролини белгилаб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунларининг 7 тасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

Хусусан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунларига киритилаётган ўзгартиришлар фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг Олий Мажлис Сенатида ҳар йили ахборот бериши, шунингдек ҳудудий адлия бошқармалари бошлиқлари ҳар ярим йилда, туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошлиқлари эса ҳар чоракда тегишли Халқ депутатлари Кенгашлари олдида ахборот беришлари белгилаб қўйилгани, “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилиш тамойилига тўла мослигини қайд этишди. Шунингдек фракция аъзолари бу жараёнларга оммавий ахборот воситалари вакилларини кенг жалб этиш таклифини билдиришди.

Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ҳозирда Судьялик лавозимига номзодларни ўрганишнинг амалдаги тартиби судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш бўйича Кенгаш фаолияти объективлигига, шаффофлигига жамоатчиликнинг ишончини ошириш, шунингдек мавжуд бўш иш ўринларини ўз вақтида тўлдириш, судьялик лавозимига барча номзодларни янада тўлиқроқ ўрганиш имконини бермаяпти.

Шу мақсадда Қонун лойиҳаси билан республиканинг ҳар бир ҳудудида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги комиссияларни тузишни назарда тутувчи қўшимча киритиш таклиф этилмоқда. Мазкур комиссиялар судьялар корпусини ҳалол, адолатли ва лаёқатли кадрлардан шакллантириш учун номзоднинг шахси ҳақида ҳаққоний маълумотларни холисона тўпланишига кўмаклашишлари назарда тутилмоқда.

Депутатлар комиссиялар аъзолари таркибида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар билан биргаликда, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам бўлишини қўллаб қувватлаган ҳолда ушбу ўзгаришлар судьяларни танлаш ва тайинлашда коррупциянинг олди олинишига, судьялик лавозимларига номзодлар ҳақида объектив ва шаффоф тарзда маълумотлар тўпланишига эришишда муҳим ўрин тутиши таъкидлади.

Шунингдек фракция аъзолари Судьялар Олий Кенгаши томонидан Комиссияни ташкил этишга қаратилган низомни ишлаб чиқишда унинг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва адолатни таъминлаш энг устувор вазифага айланиши лозимлиги тўғрисида таклиф билдиришди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари юзасидан фракциянинг позицияси ва тегишли қарорлари қабул қилинди.

Баҳром БУРҲОНИДДИНОВ

Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон
“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Судьяларни лавозимига тайинлашда ва адлия органлари фаолиятида шаффофлик таъминланади was last modified: Август 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »