Тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар: барчаси халқимиз фаровонлиги ва юртимиз келажаги учун

9 Август, 18:20 • Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 140 марта кўрилди • Комментариев к записи Тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар: барчаси халқимиз фаровонлиги ва юртимиз келажаги учун нет

Ҳурматли сайтимиз ўқувчилари, бугунги ислоҳотлар соат эмас дақиқа сайин жадаллашиб бораётган бир шароитда ўзгаришлар, янгиланишлар ҳар биримизнинг хонадонимизга кириб бориб, ҳаётимизга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўзгаришлардан ортда қолмаслик ва партия фаолларини ушбу жараёнларга даҳлдорлигини ошириш мақсадида қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларни мамлакатимиз келажаги, соҳалар ривожи, партия электоратига таъсири юзасидан партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари билан суҳбатлар уюштириб боришни йўлга қўймоқда.

Бугунги суҳбатимиз эса “Адолат” социал-демократик партиясининг парламентдаги фракцияси аъзоси Мухаррам Дадаходжаева билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳақида бўлиб, унда партия позицияси ҳамда қарорнинг асосий ва муҳим қоидалари шарҳланади.

Дунёда соғлик фақат саодатгина эмас, балки улкан салоҳият, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи, унинг фарвонлиги ва салоҳиятининг кўрсаткичи ҳам эканлигини англаганлар сони кундан кунга ўсиб бормоқда. “Адолат” CДП ҳам ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш тарафдоридир. Айтингчи, Мухаррам Эсонуллаевна, юқоридаги Президент қарорининг қабул қилинишига қайси омиллар туртки бўлди.

Мухаррам Дадаходжаева: Аҳоли, айниқса, ёш авлод саломатлиги — бебаҳо бойлик, замонавий давлатнинг табиий ресурсларидан кўра қимматлироқ ресурсидир. Зотан, аҳолиси соғлом бўлган мамлакатгина буюк ва кучлидир.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг ягона тизимини яратиш юзасидан, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш,  аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга соғлиқни сақлаш соҳасини самарали ислоҳ қилишда қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан:

  • мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги оқибатида ушбу соҳадаги ислоҳотлар тўлиқ бўлмаган шаклда ва тизимсиз тарзда амалга оширилмоқда, бу эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини ошириш имконини бермаяпти;
  • республика соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг хорижий мамлакатларда қўлланилаётган муваффақиятли тажрибаси ва аниқ инновацион моделлари лозим даражада ҳисобга олинмаётганлиги соҳага инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бермаяпти;
  • тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, энг аввало, республиканинг хусусий соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий малакасини ошириш ва лозим даражада сақлаш, уларнинг кўникмалари замонавий талабларга мувофиқлиги устидан таъсирчан мониторинг тизими жорий этилмаган;

Бу каби муаммолар ва бошқа бир қатор камчиликлар касбнинг жамиятдаги  обрўсини ва республика соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни  пасайтирмоқда.Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, соғлиқни сақлашни бошқариш тизимини самарадорлигини ошириш, умумэътироф этилган халқаро стандарт ва инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.Соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этишнинг стратегик мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди: мамлакат аҳолиси саломатлиги кўрсаткичларини барқарор яхшиланиши ва умумэътироф этилган халқаро услубларга асосан белгиланадиган умуммиллий соғлиқни сақлаш  тизимидан қониқиш даражасини таъминлаш;

Хуусий сектор улушини сезиларли даражада ошириш, улар томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати ва ҳаммабоплигини ошириш, тиббий туризмни шакллантириш;

Соҳа ходимлари, шу жумладан бошқарув кадрларини халқаро стандартлар асосида узлуксиз таълим олиш, малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш;

Дастурий мақсадларимизда асосан аҳолининг барча қатламларига юксак технологик тиббий хизмат кўрсатиш тизими самарадорлигини  амалга ошириш ва таъминлаш  партиямизнинг асосий  устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Партиямиз барча ҳудудларда касаллик тенденцияларини ўз вақтида аниқлаш бўйича тиббиёт соҳасига инновациялар, илмий-тадқиқот ишларининг энг сўнгги ютуқларини кенг жорий этилиши тарафдори. Қарорда бу жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтилганми?

Мухаррам Дадаходжаева: Бу ўринда мазкур мақсадларни амалга оширишда қарор асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида таркибий тузилмаларига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташкил этилди. Палатанинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • Республика соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
  • замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар, шунингдек, моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида жорий этилишини мониторинг қилиш;
  • зарур статистик ахборот билан таъминлаш мақсадида тиббиёт статистикасини тўплаш ва таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, шунингдек, статистик кўрсаткичларни манипуляция қилиш имкониятини истисно этадиган халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш;
  • республика шифокорлари ва провизорларини рўйхатга олиш тизимини жорий этиш, шунингдек, умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш;
  • халқаро стандартларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яратишга, шу жумладан, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун молиявий маблағлар жалб этишга, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида янги ташкилотлар ташкил қилишга кўмаклашиш;
  • тиббиёт ходимларининг обрўсини, ушбу касб нуфузи ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни ошириш, тиббиёт ходимларига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, коррупция кўринишларига барҳам бериш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, уларнинг касбий фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларини кўриш;
  • тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий стандартларни жорий этиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий эксперт ва мутахассисларни мамлакатга фаол жалб қилиш, мамлакатимиз мутахассислари ва экспертларининг чет элда стажировка ўташини ташкил этиш;
  • мамлакат соғлиқни сақлашни бошқариш тизимига, шу жумладан, тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш масалаларида хорижнинг энг яхши амалиётини мослаштирилган тарзда жорий этиш, шунингдек, фуқароларни тиббий суғурталашни жорий қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш;
  • хусусий, энг аввало, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, шунингдек, соғлиқни сақлашнинг хусусий тизимини жадал ривожлантириш мақсадида давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига жорий этиш;
  • хорижий (халқаро) тиббиёт ва бошқа ташкилотлар билан соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан, республика соғлиқни сақлаш тизимига грантлар, кредитлар, донорлик ва бошқа маблағларни жалб этиш мақсадида учрашувлар, музокаралар ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш, шунингдек, ушбу маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини мониторинг ҳамда назорат қилиш;

Ҳужжатга асосан, 2020 йилнинг охирига қадар республикада касбий фаолиятни амалга ошираётган шифокорлар ва провизорларни рўйхатга олиш тизимини жорий этилиши, шунингдек, улар тўғрисида умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини яратиш режалаштирилган.

Миллий палата ҳузурида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Миллий палатанинг коллегиал маслаҳат органи ҳисобланган Ўзбекистон Республикасида Соғлиқни сақлашнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича маслаҳат кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилаётганлигини таъкидлаш лозим. Айтингчи, жамғарма маблағлари айнан қайси йўналишларга сарфланиши кўзда тутилган?

Албатта, Миллий палатанинг олдига қўйилган мақсадларни тўлиқ бажарилишида молиявий манбалар билан тўлиқ таъминланиши ҳамда уларнинг тўғри сарфланиши муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан қарорда жамғарма маблағларининг сарфланишига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Хусусан:

Халқаро стандартларга мувофиқ илғор тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини ташкил этиш, шунингдек, уларни замонавий ускуналар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш;

Замонавий  клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар, тиббиёт ташкилотларини моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш;

Республика шифокорлари ва провизорлари тўғрисида умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва юритиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Миллий палата зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга қаратилган бошқа тадбирларни молиялаштириш.

Партиямиз Социал-демократлар партияси сифатида соғлиқни сақлашнинг миллий тизимини ривожлантиришга йўналтирилган фаол солиқ, божхона, молиявий сиёсат тарафдоридир. Шу боисдан 2021 йилнинг охирига қадар Миллий палата ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларда, ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, компьютер техникаси, ўқитишнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, қурилиш материаллари, инвентарь ва бошқа моддий-техника ресурслари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилишини айтиб ўтиш жоиз.

Шунингдек, қарорда яна кўплаб муҳим ва аҳамиятга молик вазифа ва топшириқлар акс этган.

 Ўзбекистон “Адолат” СДП ушбу қарорнинг қабул қилиниши  муҳим аҳамиятга эга эканлигини, қарор соғлиқни сақлашни бошқариш тизимини самарадорлигини ошириш, шунингдек соҳага хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва инновацион технологияларни жорий қилишга хизмат қилишини  таъкидлайди.

Умуман олганда, депутатимизнинг сўзларига кўра, қабул қилинган чора-тадбирлар яқин келажакда Ўзбекистоннинг  минтақада аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг самарадорлиги бўйича  етакчи мавқега эришиши ҳамда дунё рейтингида соғлиқни сақлаш тизимининг самрадорлиги бўйича муносиб ўриннни эгаллаш имкониятини беради.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати бош мутахассиси

Гулбаҳор Аллакова суҳбатлашди

Тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар: барчаси халқимиз фаровонлиги ва юртимиз келажаги учун was last modified: Август 10th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »