Фотосуратлар, аудио-, видеоёзувлар жиноят ишига қандай қўшилади

13 Сентябрь, 19:01 • Ҳуқуқий маслаҳатхона, Янгиликлар • 29 марта кўрилди • Комментариев к записи Фотосуратлар, аудио-, видеоёзувлар жиноят ишига қандай қўшилади нет

Олий суд Пленуми томонидан қабул қилинган қарорларда жиноят ишлари бўйича далиллар мақбуллигига оид масалалар кўриб чиқилган ва фуқаролик ишларини кўришга тайёрлаш тартиби белгиланган.

Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, қуйидаги ҳужжатлар ҳақида сўз бормоқда:

  • Олий суд Пленумининг 24.08.2018 йилдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 24-сон қарори.

Ушбу мавзудаги аввалги ҳужжат билан солиштирганда, олий суд инстанцияси исботлаш жараёнида қийноққа солиш ва куч ишлатишнинг бошқа шаклларини қўллаш номақбуллигига кўпроқ эътибор қаратди. Шу йўл билан олинган ҳар қандай далиллар яроқсиз деб топилади.

Процессуал ҳаракатда қонунга кўра ҳимоячи иштироки шарт бўлиб, далил унинг иштирокисиз олинган бўлса, ёхуд ҳимояга бўлган ҳуқуқ тушунтирилмаган ёки бу ҳуқуқдан фойдаланиш имконияти амалда таъминланмаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари бузилган ҳисобланади.

Далилларни олишнинг айрим процессуал жиҳатларига аниқлик киритилди. Айниқса мақбул эмас деб топиладиган далилларга батафсил тўхталинди. Булар, масалан, номаълум ёхуд аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан ва ЖПК нормаларини бузган ҳолда олинган ҳар қандай маълумотлардир.

Фотосуратлар, аудио-, видеоёзувларни жиноят иши материалларига қўшиш қоидалари ҳам тилга олинди. Ушбу материалларни тақдим этган шахслар сўроқ қилинган ва улар ким томонидан, қачон, қаерда, қандай ҳолатларда топилганлиги аниқланган ҳолдагина улардан фойдаланиш мумкин. Предметлар (нарсалар)ни кўздан кечириш тўғрисидаги баённома тузилганидан сўнг албатта уларни ишга ашёвий далил сифатида қўшиш тўғрисида қарор (ажрим) чиқарилади. Зарур ҳолларда тегишли экспертиза тайинланади (ЖПКнинг 173-моддасида батафсил қаранг).

  • Олий суд Пленумининг 24.08.2018 йилдаги «Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш тўғрисида»ги 26-сон қарори.

1999 йилдаги худди шундай ҳужжат ўрнига қабул қилинди. 2018 йил 1 апрелдан ФПКнинг янги таҳрири кучга кирганини қайд этиб ўтамиз, Пленум энди унга ҳавола қилмоқда.

Ишни кўришга тайёрланиш жараёнида суд томонидан амалга ошириладиган барча ҳаракатлар қадамма-қадам батафсил баён этилган. Алоҳида процессуал ҳаракатлар амалга ошириладиган муддатлар кўрсатилган.

Маълумот учун: қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича Олий суд Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир («Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси). 

  Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.08.2018 йилдан кучга кирди.

 Манба: Norma.uz

Фотосуратлар, аудио-, видеоёзувлар жиноят ишига қандай қўшилади was last modified: Сентябрь 15th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »