Йўл ҳаракати соҳаси ва дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарлик кучайтирилади

13 Сентябрь, 20:46 • Марказий аппарат, Фракция, Янгиликлар • 62 марта кўрилди • Комментариев к записи Йўл ҳаракати соҳаси ва дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарлик кучайтирилади нет

Статистик маълумотларга қараганда йўл ҳаракати ва дори воситаларининг ноқонуний муомаласи соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар сони юқорилигича сақланиб қолмоқда. Масалан, 2016 йилда йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида 3 385 051 ҳуқуқбузарлик қайд этилган, 2017 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 3 727 430 тани, 2018 йилнинг июнь ойи ҳолатига эса 1 890 585 тани ташкил этди.

Йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиши баробарида йўлларда ҳалок бўлганлар сони ҳам ортаётганлиги кузатилади. ЙТҲ ҳолатларида 2016 йилда содир бўлган 10 мингдан зиёд автоҳалокатда 2 510 нафар, 2017 йилда 2 473 нафар, 2018 йил июнь ойи ҳолатига эса 3 774 автоҳалокатда 943 нафар шахс ҳаётдан кўз юмганлиги афсусланарли ҳол, албатта.

Статистик кўрсаткичлар ортишини Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатларига киритилмаган ҳамда таркибида психофаол моддалари мавжуд, яроқлилик муддати ўтган, сифатсиз дорилар савдоси билан дорихоналардан ташқарида, яъни кўчада, бозорларда шуғулланиш ҳолатларида ҳам кўриш мумкин.

Дори воситаларининг ноқонуний савдоси юзасидан 2012 йилда 10 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган бўлса, 2014 йилда 23, 2015 йилда  226, 2016 йилда 611, 2017 йил 67 та, жорий йилнинг 7 ойи мобайнида 84 та ҳолат қайд этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги, дори воситалари савдосидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масаласини ўзида акс эттирган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари дастлаб “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларнинг қабул қилинганлиги ва жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.

— Қонун лойиҳасида назарда тутилган қоидаларини иккита асосий йўналишга ажратишимиз мумкин, — дейди фракция аъзоси Ё.Холияров. — Хусусан, қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган.

Ушбу соҳадаги содир этилган ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилинганда уларнинг асосий сабаби йўл ҳаракати иштирокчилари белгиланган қоидаларни бузганлик учун амалдаги маъмурий чораларга “кўниккани” билан боғлиқлиги аён бўлмоқда.

Шуни назарда тутиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси (хавфсизлик камаридан ва мотошлемдан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик), 128-1-моддаси (бошқарув вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши), 128-3-моддаси (белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш), 131-моддаси (Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш), 133-моддаси (ҳайдовчиларнинг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги  ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши) ва бошқа бир қатор моддаларида қайд этилган қоидабузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Фракция аъзоларининг фикрича, маъмурий жавобгарликни кучайтириш йўл ҳаракати иштирокчиларининг интизомини оширишга, уларни йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларига сўзсиз риоя қилиш зарурлигини англаб етиши ва қоидага бўйсунишини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу қонун лойиҳасида Жиноят кодексига жарима ихтиёрий равишда тўланганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бунга кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, етказилган зарарни қопласа ва ихтиёрий равишда ушбу Кодекснинг Махсус қисми тегишли моддаси санкциясида назарда тутилган жариманинг энг кўп миқдорига тенг суммани тўласа, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқбузарликларга мисол тариқасида Кодексда қайд этилган сохта тадбиркорлик (179-модда), ҳарбий ёки муқобил хизматдан бўйин товлаш (225-модда), суд ҳужжатини ижро этмаслик (232-модда), виждон эркинлигини бузиш (145-модда), фирибгарлик (168-модда иккинчи қисми), ўғрилик (169-модда иккинчи қисми), диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (2162-модда) ва бошқа бир қатор моддаларда акс этган жиноят турларини келтиришимиз мумкин.

Мажлисда депутатлар жавобгарликдан озод этиш институти партиямизнинг “ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётида самарали натижа бераётган ярашув институтини янада кенгайтириш” тамойилига ҳамоҳанг бўлиши билан бирга Жиноят кодексига рағбатлантирувчи нормаларни, жумладан, жазони енгиллаштириш ёки шахсни жиноий жавобгарлик ёхуд жазодан озод қилиш шартларини белгиловчи норма сифатида 65-1-модданинг киритилиши жиноят қонунчилигини такомиллаштириш йўлидаги ижобий қадам эканини қайд этишди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартиришлар киритган ҳолда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ноқонуний муомаласи учун белгиланган жавобгарликни мос равишда гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари учун ҳам қўллашга доир меъёрлар қонун лойиҳасида ўз ифодасини топган.

Шунингдек, мазкур лойиҳада сўнгги вақтларда республика бўйича жисмоний шахслар томонидан дори воситаларини дорихоналардан ташқари реализацияси ҳолатлари ортиши муносабати билан жавобгарликни кучайтириш масаласига эътибор қаратилади.

Муҳаррам Дадаходжаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– “Дори-дармон” АК вакиллари томонидан мазкур соҳада ўтказилган комплекс чора-тадбирлар вақтида аҳоли томонидан белгиланмаган (кўчаларда) ташкил этилган дори бозорларида сотилаётган тиббиёт маҳсулотлари орасида яроқлилик муддати ўтган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатларига киритилмаган ҳамда таркибида психофаол моддалари мавжуд ва шифокор рецептисиз истеъмол қилинган тақдирда одамда эйфория чақирувчи дорилар ҳам борлиги аниқланган. Бундай ҳолатларни биз жойлардаги ўрганишларимизда ҳам кузатганмиз.

Бу биринчи навбатда фуқаролар соғлиғига ҳамда дорихоналарнинг иқтисодий фаолиятига салбий хавф келтириб чиқармоқда.

Ҳозирда, дори воситалари ва тиббий маҳсулотларнинг дорихоналар ҳамда уларнинг филиалларидан ташқарида ноқонуний муомаласи билан шуғулланувчи шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг  164-моддаси билан жавобгарликка тортилмоқда. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун уларга нисбатан жарима жазоси назарда тутилган (ЭКОИҲ 1 дан 5 бараваригача) бўлиб, соҳадаги ноқонуний фаолиятдан ҳуқуқбузарлар юқори фойда олаётганлиги сабабли ушбу таъсир чораси самарасиз қолмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, дори воситалари ва тиббий маҳсулотларнинг дорихоналар ҳамда уларнинг филиалларидан ташқарида ноқонуний муомаласига чек қўйиш ҳамда уларнинг сифати устидан назоратни кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164 моддасидан дори-дармон воситалари ёки тиббий буюмлар билан” жумласи чиқариб ташланди ва ушбу кодекснинг 1651-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 1863-моддасига “дори воситаларини дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқари реализация қилиш” қўшимча нормаси билан тўлдирилди.

Натижада қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан дори воситалари ва тиббий маҳсулотларнинг дорихоналар ҳамда уларнинг филиалларидан ташқарида ноқонуний муомаласи билан шуғулланувчи шахслар аввалгидек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддаси (энг кам иш ҳақининг 1 дан 5 бараваригача) билан эмас, 1651-моддасига асосан (шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима) жавобгарликка тортилишади.

Агар шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 1863-моддасига асосан (энг кам иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш) жавобгарлик белгиланади.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳаси партия сайловолди дастуридаги дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш вазифасини ҳаётга татбиқ этилишида муҳим ўрин тутишини таъкидлашди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари иккинчи ўқишда қўллаб қувватланди ва улар юзасидан фракциянинг позицияси ва тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Йўл ҳаракати соҳаси ва дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарлик кучайтирилади was last modified: Сентябрь 14th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »