Соғлом танда – соғ ақл

26 Сентябрь, 11:28 • Ёш адолатчилар, Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 58 марта кўрилди • Комментариев к записи Соғлом танда – соғ ақл нет

Яқинда давлатимиз раҳбари жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам аниқ кўрсатилиб, уларни бартараф этиш юзасидан йўл-йўриқлар берилди. Мен ҳам спортчи сифатида уларни  тўла маъқуллайман. Чунки халқимизнинг “Соғлом танда – соғ ақл” деган ажойиб нақли ҳақ эканлигига кўп марта ишонч ҳосил қилдим.

Чиндан ҳам ўзининг саломатлигини ўйлайдиган, узоқ умр кўришни истайдиган киши биринчи навбатда жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиши зарур. Бу, биринчи навбатда инсонга ўзини доимо бардам ҳис этиш, олдига қўйилган вазифаларни, улар қанчалик кўп вақт ва меҳнат, сабр-тоқат талаб қилишидан қатъий назар, муваффақиятли бажариш имконини беради. Қолаверса, соғлом юриш, бу фикр бирмунча ғалати туюлса ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам ҳар бир инсонга фойда. Чунки хасталикка учраганда дори-дармонга қанча харажат кетишини ўйлаб кўринг. Боз устига даволаниш учун анчагина вақтни қурбон қиласиз. Шу фурсатни фойдали меҳнатга йўналтирсангиз, анчагина даромадга эга бўлиш мумкин.

Яна бир эътиборли жиҳати – спорт кишида қатъий иродани тарбиялайди. Бунга нафақат доимий машқлар, балки кескин курашлар остида ўтадиган мусобақалар жараёнида ҳам эришилади. Чунки одам олдига қўйилган вазифани уддалаш учун астойдил ҳаракат қилган сари унинг куч-ғайрати ёки маҳорати ошиб бораверади. Шунингдек, мақсад сари интилганда ўзининг барча имкониятларини сафарбар этиш қобилияти шаклланади. Қисқаси, спорт кишини ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этади.

Юқорида тилга олинган йиғилишда ҳам бу масала қайта-қайта тилга олинди. Тўғри, мамлакатимиз спортчилари жаҳон ва қитъа миқёсида ўтказилаётган чемпионатларда, турли нуфузли мусобақаларда яхши кўрсаткичларга эришмоқдалар. Мисол учун, яқинда якунланган Осиё ўйинларида вакилларимиз 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза – жами 70 та медални қўлга киритдилар. Мамлакатимиз олтин медаллар сони бўйича 5-ўринни эгаллагани ўзбек спорти тарихида энг яхши натижа бўлди.

Мен ҳам бир неча йилдан буён карате билан шуғулланиб, қатор юқори натижаларга эришдим. Бир неча бор қитъа ва мамлакат чемпиони бўлдим. Айни пайтда Наманган муҳандислик-қурилиш институтида ўқиш билан бирга спорт маҳоратимни ошириб бормоқдаман. Қатор беллашувларда иштирок этиб, олий ўқув юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдим. Яқинда “Мард ўғлон” нишонига сазовор бўлганим мен учун катта мукофот бўлди.

Президентимиз айтганидай, “Биз халқаро спорт майдонларида Ўзбекистоннинг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшган спортчиларимиз билан фахрланамиз”.

Айни пайтда бундай натижалар билан кифояланмасдан оммавий спортга ҳам катта эътибор беришимиз керак. Бу билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга салмоқли ҳисса қўшган бўламиз. Бунинг учун ёшларни жисмоний тарбия ва спортнинг оммавий турлари билан шуғулланишлари учун кенг йўл очилмоғи даркор. Айниқса, таълим муассасаларидаги спорт объектларидан атрофдаги маҳаллаларда яшайдиганлар ҳам фойдаланишлари учун йўл очиб беришлари керак. Шу билан бирга ҳар хил миқёсдаги мусобақалар сонини кескин кўпайтириш, ғолиб ва совриндорларни муносиб тақдирлаш тамойилини йўлга қўйиш ҳам яхши самара беради.

“Мамлакатимизда спортни оммалаштириш бўйича беш йиллик миллий концепция ишлаб чиқиш зарур. Аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш кечиришга жалб этиш, шу орқали касалликларнинг олдини олиш, одамларнинг умрини узайтириш концепциянинг асосий йўналиши ва натижаси бўлиши керак”, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Қисқача айтганда, юртимизда инсон манфаатларининг улуғлигини ҳисобга олиб, жисмония тарбия ва спортни янада ривожлантириш бўйича истиқболли тадбирларни амалга оширишга киришилмоқда. Ўйлаймизки, бу мақсадга эришиш орқали халқимизнинг турмуш даражаси янада ошиб, фаровонликнинг янги чўққилари забт этилади.

Сарвар МУРОДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти”  аъзоси.

 

Соғлом танда – соғ ақл was last modified: Сентябрь 26th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »