Юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал: Жиззахда кўргазмали семинар

21 Сентябрь, 17:09 • Ёш адолатчилар, Жиззах вилояти, Семинар, Янгиликлар • 60 марта кўрилди • Комментариев к записи Юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал: Жиззахда кўргазмали семинар нет

Жамиятимизни демократлаштириш, фуқаролик жамиятини қарор топтириш мақсадлари замирида аслида инсон манфаатлари, юртимизнинг, тараққиётимизнинг таянчи ва суянчи бўлган ёшлар турар эди.

Ўтган ниҳоятда қисқа вақт давомида қабул қилинган қарор, фармон ва қонунлар айнан ёшлар масаласига бағишланди.  Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз ёшларининг жамият сиёсий-ижтимоий, маънавий соҳасидаги кенг қамровли ҳуқуқларини кафолатлаб бериш билан бирга, баркамол авлод тарбияси учун дастлабки ва ҳал қилувчи ҳуқуқий асосларни белгилаб берди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида партиянинг Зарбдор туман кенгашида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида наъмунавий ўқув-семинар ташкил этилди.

Семинарда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари вилоят, туман Кенгаши депутатлари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, имом-хатиблар, МФЙ раислари ва маҳалла фаоллари, маҳаллаларда ҳурмат-эътибор қозонган нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар сиёсати масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди

Тадбир касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним” мавзусига бағишланган расмлар кўргазмасидан бошланди. Ушбу кўргазмани ташкил этишдан кўзланган мақсад- мамлакатимизда тинч ва осуда ҳаётимиз барқарорлигини, сарҳадларимиз даҳлсизлигини таъминлаш йўлида кенг кўламли ислоҳатлар амалга оширилаётгани, Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва фаровонликни асраб-авайлашга ҳар бир фуқаро маъсул экани, айниқса, бу борада ёшларнинг маъсулиятини янада оширишдан иборатдир. Кўргазмада юртимиз тинчлигини асраб-авайлаш, тўкинлиги ва ободлигини таъминлаш, миллатимизга ёт ғояларга қарши курашиб, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, бугунги ёшларнинг дунёқараши, ватанга бўлган меҳри ва келажакка умид кўзи билан қараб камол топаётганлари ўз ифодасини топди.

 

Кўргазмадан сўнг тадбир иштирокчилари партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасининг халқ фаровонлиги йўлидаги аҳамияти” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир доирасида партиядошларимиз томонидан Зарбдор туманида амалга оширилган ободончилик ва бунёдкорлик ишлари билан танишишди. Лойиҳа доирасида ташкил этилган кўрик-танлов ғолиблари “Энг тоза хонадон”, “Энг тоза кўча”, “Энг тоза маҳалла” номинациялари бўйича тақдирланишди.

Партиямиз фаоллари томонидан олиб борилган тарғибот ишлари, лойиҳадан кўзланган мақсад кенг жамоатчиликка етказилгани, тиббиёт ва таълим муассасалари ҳамда ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Ўтказилган мазкур тадбирлар давомида иштирокчилар бунга ишонч ҳосил қилишди.

Шундан сўнг семинар иштирокчилари туманнинг қатор мактабгача таълим муассасаларига ташриф буюришиб, туман Мактабгача таълим муассасалари бўлими билан ҳамкорликда партиянинг “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида  мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни спортга кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилган шашка ва шахмат майдончаларининг очилиш маросимида иштирок этишди. Очилиш маросимида болажонларнинг шашкани моҳирлик билан ўйнашлари, улар томонидан айтилган куй-қўшиқлар барчага илиқ кайфият бағишлади.

Куннинг иккинчи ярмида партиянинг вилоят Кенгаши ҳодимлари, туман ва шаҳар Кенгаши раислари ҳамда партия фаоллари билан биргаликда “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури юзасидан тумандаги МФЙларда уюшмаган ёшлар билан очиқ мулоқот ва тарғибот ишларини олиб боришди.

Ориф Шукуров, Ўзбекистон «Адолат» СДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:

— Ёшлар барча замонларда ҳам жамиятнинг энг илғор, янгиликларга ўч ва курашчан қисми саналган. Шу билан бирга, улар ҳамиша катталарнинг назорати, танқид-таҳлил нигоҳи остида бўлган. Ушбу семинар ҳам ёшларимизнинг маънавий қиёфасида бир қатор ижобий ўзгаришлар акс этишига, миллий ва умумбашарий қадриятлар ҳақидаги тасаввурларини кенгайишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Шундан сўнг, партиянинг туман ва шаҳар Кенгаши раислари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, унда партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ж.Қаршиев томонидан “Партия ишини ташкил этишнинг долзарб вазифалари ва номенклатура ҳужжатларининг юритилиши” мавзусида маъруза қилинди.

Семинар якунида иштирокчилар ўз фаолиятларини янада жонлантиришга, бу борада кенг жамоатчилик орасига чуқур кириб боришга келишиб олдилар.

 

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши матбуот хизмати котиби

Юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал: Жиззахда кўргазмали семинар was last modified: Сентябрь 21st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »