Бюджет очиқлиги – фуқароларга нима беради

11 Октябрь, 11:45 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 37 марта кўрилди • Комментариев к записи Бюджет очиқлиги – фуқароларга нима беради нет

Бугунги кунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жамият ва давлат бошқаруви фаолиятининг барча соҳаларига кенг жорий этиш орқали давлат бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, мамлакатимизда кечаётган демократик жараёнларнинг ҳозирги босқичида аҳолининг ахборот олишга бўлган эҳтиёжини қондириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, улар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим вазифалар сирасига киради.

Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида ислоҳотлар янги босқичининг устувор масалаларидан бири сифатида давлат бюджети даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни чоп этиш орқали унинг халқ учун очиқ ва ошкора бўлишини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланган эди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 22 август куни Президентнинг “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар учун қўшимча ҳуқуқий асос яратди.

Мазкур қарорга кўра, 2019 йилдан бошлаб фуқароларнинг бюджет тақсимотидаги иштирокини таъминлаш механизмлари жорий этилиб, шаҳар ва туманлар бюджетларининг энг камида 10 фоизлик қўшимча манбалари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади. Давлат бюджети, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилгунгага қадар мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари Давлат бюджети ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботга параллел равишда жамоатчилик муҳокамаси учун Молия вазирлиги томонидан «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри чоп этилади. Шунингдек, Ҳисоб палатасининг давлат бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари бўйича ҳамда давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳар йиллик ҳисоботларнинг ташқи аудити ва баҳоси натижалари бўйича хулосалари мажбурий тартибда эълон қилинади. 2019 йил 1 январдан манзилли бюджет харажатлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун «Очиқ бюджет» ахборот порталини ишга тушириш мўлжалланган. Унда давлат бюджети, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар ва Ҳисоб палатаси хулосалари эълон қилинади. Бу ерга жамоатчилик фикрини шакллантириш учун шаҳар ва туманлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилаётган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам жойланади.

Бу хулосалар фуқароларга нима беради?

Фуқаролик жамиятида аҳоли ўзи тўлаётган солиқлари ва улар қандай мақсадда сарфланаётганлигини, давлат харажатлари шаклланиши ва уларнинг тақсимланиши тўғрисидаги маълумотлардан тўлиқ хабардор бўлиб боради.

Шу билан бирга, Бюджет лойиҳаси ва унинг ижроси юзасидан хулосалар кенг оммага эълон қилиниши, ҳар бир фуқаро учун мол-мулк ёки иш ҳақидан нима учун солиқ олинаётганлиги, давлат харажатлари қай тарзда тақсимланаётганлиги, давлат томонидан аҳоли учун керакли шароитларни яратиш бўйича мажбуриятлари бажарилиши тўғрисида очиқ-ойдин ахборотлар олиш имконини беради. Бундан ташқари, аҳоли бюджетни режалаштириш, уни харажатларга йўналтириш ва давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилишда иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Бу эса адолатли, демократик, халқчил давлат қуриш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир десак асло муболаға бўлмайди.

Жамшид ПИРМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатси депутати,

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва

ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси

Бюджет очиқлиги – фуқароларга нима беради was last modified: Октябрь 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »