Депутатлар фаолияти такомиллашади

12 Октябрь, 10:00 • Наманган вилояти, Сессия, Янгиликлар • 28 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутатлар фаолияти такомиллашади нет

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари иштирок этдилар. Сессия қатнашчилари вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида”ги маърузасини тинглади. Бундан ташқари, депутатлар бошқа қатор масалаларни ҳам муҳоками қилдилар.

Иброҳимжон Абдуллаев Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” социал-демократик партияси гуруҳи аъзоси:

– Сессия кун тартибига қўйилган барча масалалар ўзига яраша аҳамиятли бўлди. Шахсан мени қизиқтирган бир қатор масалалар ичида халқ депутатлари  вилоят кенгаши раиси ўринбосари лавозимининг жорий этилиши бўлди. Бу бўйича қатор депутатларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Улар янги лавозим жорий этилишини маъқулладилар. Кенгашдаги партиямиз гуруҳи аъзолари ҳам қўйилган масалани ёқлаб овоз бердилар.

Шу ўринда кейинги йилларда жамиятда сиёсий партияларнинг, халқ депутатларининг ролини янада кучайтириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги фаоллигини оширишга қаратилган кўплаб тадбирлар амалга оширилганлигини қайд этиш лозим. Кенгаш раисининг ўринбосари лавозимини таъсис этиш билан биргаликда у билан бирга ишлайдиган сиёсий партияларнинг вакиллари ҳам тасдиқланди. Масалан, “Адолат” СДП гуруҳининг ижрочи котиби вазифаси Зиёджон Маҳкамовга топширилди.

Исроил Жўраев Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг раиси:

– Мен ҳам бошқа сиёсий партияларнинг вакиллари билан биргаликда халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясида иштирок этдим. Юқорида тилга олинган масаланинг кўриб чиқилишини депутатлар фаолиятини кучайтириш йўлидаги қадамлардан бири деб ҳисоблаймиз. Бу билан халқ депутати кенгашининг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатишда қўл келади. Доимий комиссиялар, депутатлик гуруҳларининг фаоллиги ҳам ошиши кутилмоқда. Очиғини айтганда, ҳозиргача депутатларнинг ҳам, депутатлик гуруҳининг фаолиятини ҳам ўта қониқарли деб бўлмасди. Мана энди, бу камчиликка барҳам бериш тадбирлари кўрилади, деб ўйлайман. Ўз навбатида партия кенгаши ҳам янги тизим билан ҳамкорликда иш олиб бориш режаларини тузишга киришди.

Халқ детатлари вилоят кенгашининг мазкур масала юзасидан қабул қилган қарорида қатор вазифалар ҳам белгилаб берилди. Хусусан, янги тизим воситасида энг аввало, доимий комиссиялар, депутатлик гуруҳлари ва депутатларнинг фаолияти такомиллаштирилади. Айниқса, уларнинг иш режаларини бажаришлари назорат остига олинади, аҳоли билан мулоқотлари мувофиқлаштириб борилади. Давлат ва ҳудудий дастурларнинг ижросини таъминлаш, депутатлик сўровлари самарадорлигини ошириш масалалари ҳам диққат марказида бўлади. Сессияларни тайёрлаш юзасидан ҳам ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар, Олий мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва қарорларини депутатлар томонидан фуқаролар ўртасида тушунтириш ишларининг узлуксизлигини таъминлаш ҳам эътиборда бўлади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгашининг

матбуот котиби

Депутатлар фаолияти такомиллашади was last modified: Октябрь 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »