Илмий фаолиятнинг қонунчилик асослари мустаҳкамланмоқда

9 Октябрь, 10:38 • Фракция, Янгиликлар • 41 марта кўрилди • Комментариев к записи Илмий фаолиятнинг қонунчилик асослари мустаҳкамланмоқда нет

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришиш, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларини кенг жорий этиш учун таълим, илм-фан ва тадбиркорликни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратиш шу каби мамлакатимиз келажагини белгиловчи вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 сентябрь куни имзоланган “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида акс эттирилган.

Ҳеч кимга сир эмаски, ушбу мақсадларга эришиш учун илм-фанни ривожлантириш, барча соҳаларга инновацияни жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда мазкур соҳларнинг равнақини таъминловчи мустаҳкам ҳуқуқий база талаб этилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида шу мақсадда ишлаб чиқилган “Фан тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида илмий ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари, илмий ва илмий-техник натижаларнинг иқтисодий самарадорлиги ва амалий аҳамиятини комплекс тарзда баҳолаш, ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолиятни молиялаштиришнинг асосий принциплари, манбалари ва шакллари каби асосий масалалар ўрин олган.

Ёрмамат Холияров, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳозир дунёдаги замонавий тараққиёт тенденцияси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётнинг инновацион ривожланишини рағбатлантириш, илғор илм-фан ютуқларини иқтисодиёт тармоқларига жорий қилиш барқарор иқтисодий ўсишнинг бош омили ҳисобланади.

Шу мақсадда лойиҳада фанни давлатнинг интекллектуал ривожланиш даражасини белгиловчи ижтимоий аҳамиятга эга соҳа сифатида эътироф этилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Бунинг учун илмий фаолиятни давлат томонидан тартибга солишнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда.

Биринчидан, мамлакатнинг рақобатбардош илмий салоҳиятини шакллантириш учун шароит яратиш ва амалга ошириш;

Иккинчидан, илмий ва илмий-техникавий фаолиятни молиялаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари, халқаро ташкилотлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағларини жалб этишга кўмаклашиш;

Учинчидан, республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларига миллий интеллектуал мулк объектларини татбиқ этишни рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

Тўртинчидан, ихтирочилик ва патент-лицензия фаолиятини ривожлантириш, илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларига оид муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг ишончли механизмини яратиш, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилинишини таъминлаш ва улардан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш;

Бешинчидан, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш.

Йиғилишда фракция аъзолари партия Сайловолди дастурида илмий фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ҳамда саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтириш, ишлаб чиқариш, илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлигини айтиб ўтишди. Шунингдек, қонун лойиҳаси партия ташаббуси асосида Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда етакчи илмий муассасаларда ва ҳудудлардаги олий таълим муассасаларида 20 дан ортиқ тадбирларда кенг муҳокамадан ўтказилгани, уларда билдирилган таклифлар лойиҳада ўз аксини топгани таъкидланди.

Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қўллаб қувватланди. Шунингдек депутатлар лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ўз таклифлари билан фаол иштирок этишларини унда асосий эътиборни соҳага ажратилаётган бюджет ва грант маблағлари сарфланишининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган норма киритилиши ҳамда лойиҳадаги ҳаволаки нормаларни камайтиришга қаратишларини маълум қилишди.

Шундан сўнг депутатлар ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратишни назарда тутувчи “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар критиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини кўриб чиқишди.

Қонун лойиҳасида туризмни давлат томонидан тартибга солиниши қонунчилик билан бир қаторда туроператор ва турагентлар фаолиятини лицензиялаш, тоғ чанғи трассаси ва пляжлар, шунингдек, гид ва йўриқчи-кузатувчиларни сертификатлаш мажбурияти орқали ҳам амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, туристлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус ваколатли давлат органи томонидан туроператор, турагент, турист ва экскурсантларни агар улар вақтинча бўладиган мамлакатда (жойда) хавфсизликка таҳдид мавжуд бўлса, у ҳақда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида маълумотлар бериш орқали хабардор қилиниши лозимлиги белгиланган.

Фракция аъзолари лойиҳа билан кўзда тутилган ўзгартиш ва қўшимчалар амалдаги қонундаги қоидаларни ривожлантириш асносида туризм хизматларини кўрсатиш масалаларини батафсилрок тартибга солишини таъкидлашди. Туризм жабҳасида хизматларни ҳуқуқий тартибга солиш режимининг батафсил аниқлаштирилиши мазкур соҳанинг миллий конунчилик ҳужжатлари доирасида ва замонавий тенденцияларини хисобга олган ҳолда амалга оширилгани қайд этилди.

Мамлакатимизда ички ва ташқи туризмнинг ривожланиши энг аввало халқимиз фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлаган ҳолда қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда маъқулланди.

Шунингдек йиғилишда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП

фракцияси ижрочи котиби

Илмий фаолиятнинг қонунчилик асослари мустаҳкамланмоқда was last modified: Октябрь 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »