Одам савдоси ва экстремизм – инсон эркинлигига таҳдид (+Радио)

11 Октябрь, 15:34 • Давра суҳбати, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 38 марта кўрилди • Комментариев к записи Одам савдоси ва экстремизм – инсон эркинлигига таҳдид (+Радио) нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Тошкент фармацевтика институтида  “Одам савдоси экстремизм ва терроризм: инсон ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур давра суҳбати «Ўзбекистон 24» радиоканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Унда Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳарбий техникаси университети вакиллари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, туман Кенгашлари раислари, ўқитувчи-педагоглар, талаба ёшлар, партия фаоллари ҳамда ОАВлари иштирок этди.

Тадбирда одам савдоси, тeрроризм ва экстремизм сингари трансмиллий жиноятларнинг инсон хавфсизлигига таҳдид қилаётгани энг хавфли ижтимоий иллатлардан бири эканлиги ҳақида сўз борди. Унда жамиятнинг нафақат сиёсий, иқтисодий ёки маданий соҳаларига зарар етказиши, балки одамларга оммавий тарзда психологик босим ўтказиб, энг мудҳиш оқибатларга олиб келиши таъкидланди. Мамлакатдаги ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатнинг олдини олишда партия ва жамоат ташкилотларини олдида турган ҳаётий муҳим масалалардан бири эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибоев сўзга чиқиб, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади. — Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик ва нотинчликни бошидан ўтказмоқда. Экстремизм дунёдаги деярли барча мамлакатларда шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларига таҳдид солиб келмоқда. Албатта, бу жараёнлар барчамизни огоҳликка чақиради. Боиси, тинчлик бўлмаган жойда тараққиётга йўл йўқ.

Терроризм ва экстремизмга қарши курашнинг самарадорлигини оширишда партия ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, миллий қонунчиликда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш, шунингдек, ёшлар маънавиятини, тарбиясини кучайтириш ва аҳолида экстремистик ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш муҳим ўрин тутади. Шунингдек, давра суҳбатида сўзга чиққанлар, қайсики мамлакатда экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиши, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилишини баён қилишди.

Бугунги кунга келиб одам савдоси, экстремизм ва тeрроризм сингари иллатлардан жабр чекаётганлар, афсуски, кўпчиликни ташкил этмоқда, — дейди партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Фарҳод Эшонқулов. — Ҳудуд ва чeгара билмайдиган бу жиноятларнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий xавф туғдирмоқда. Улар орасида айниқса, одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шунингдек, давра суҳбатида сўзга чиққан, Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳарбий техника университети офицери Шерзод Жалолов ёшларга интернетдан фойдаланишда қандай ахборотларни қабул қилиш керак ва уни тарқатишда нималарга эътибор қаратиш лозимлигини тушунтирди. Қўл телефони орқали бузғунчи ғояларни тарғиб қилувчи маълумотларни тарқатиш ҳам жиноят эканлигини таъкидлади.

Инсон тирик мавжудотлар орасида ақл-идрок берилган онгли мавжудот бўлиб, у ўтган замонларда ҳам озод ва эркин яшашга ҳаракат қилган. Уни эркидан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги дунё ҳамжамияти томонидан тасдиқланган қонунларда ҳам белгилаб қўйилган. Бироқ, бугунги кунда дунё бўйлаб одам савдосидай ўта хавфли иллатнинг кенг тарқалиши инсон шахси, шаъни, қадр-қиммати, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига жиддий таҳдид туғдирмоқда. Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги  чора-тадбирларни  амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилнинг 17 апрелидаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва 2008 йил 8 июлдаги «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори мамлакатимизда одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг миллий қонунчилик асосларини яратиб берди.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент  шаҳар Кенгаши ҳам “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Ўзбекистон инсон қадри улуғланган юрт”  каби қатор лойиҳалар доирасида аҳоли ва ёшлар ўртасида, жамоат ташкилотларида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиб келмоқда. Мазкур учрашувларда Ўзбекистоннинг одам савдоси, экстремизм ва терроризмга қарши халқаро майдонда олиб бораётган сиёсати минтақа ва умумбашарий даражада тинчлик-барқарорликни сақлаш мамлакат суверенитети ривожланишининг бардавомлиги ҳамда халқнинг эркин ва фаравон ҳаётини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари омма орасига кенг тарғиб қилинмоқда.

Давра суҳбати якунида йиғилганлар мавзу юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби 

Одам савдоси ва экстремизм – инсон эркинлигига таҳдид (+Радио) was last modified: Октябрь 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »