Тиланчилик учун жавобгарлик белгиланмоқда

12 Октябрь, 11:24 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 38 марта кўрилди • Комментариев к записи Тиланчилик учун жавобгарлик белгиланмоқда нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги тиланчиларни жавобгарликка тортишга оид қонун лойиҳаси қизғин муҳокамалар асосида кўриб чиқилди.

Унга кўра, тиланчилик фаолияти билан шуғулланганларни маъмурий жавобгарликка, сўнг шундай ҳаракатларни яна такроран содир этса, жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда. Бундай қилмиш учун таклиф этилган жазо чораларини белгилашда ҳам тегишли кодекслар хусусиятидан келиб чиқиб ёндашилган.

Албатта, бу аксарият аҳоли кундалик ҳаётида дуч келадиган ҳолат ҳисоблангани учун ҳам фуқароларимиз томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Айримлар ушбу лойиҳани маъқулласа, яна бошқалар бунга қарши фикрда эканлиги аён бўлди.

Кези келганда ушбу қонун лойиҳаси ташаббускорлари, аввало, жамиятдаги долзарб масалани ҳал этиш юзасидан қонунчиликка қўшимча киритишни таклиф этганини ижобий баҳолаш мумкин. Чунки сўнгги вақтларда кўчаларда, жамоат жойларида тиланчилик билан шуғулланадиганлар кўпайиб бораётганлиги бу мавзуни жиддий ўрганишни тақозо қилди. Уларнинг, айниқса, серқатнов йўлларда туриб автомобиль ҳайдовчиларидан пул сўраши ёки ёш болаларни кўтариб олиб ёки эргаштириб, одамни раҳмини келтиришга уринишлари, турли жамоат транспортларига чиқиб тиланчилик қилишларини кўпчилик яхши билади. Афсуски, бу ҳолатлар камаймаяпти. Ҳозирга қадар бундай қилмиш учун қонунчиликда аниқ жавобгарлик белгиланмаганлиги ҳам мазкур муаммонинг илдиз отишига сабаб бўлмоқда, дейиш мумкин.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, аввало, жамоат жойлари, яъни аэропорт, вокзал, парк, дам олиш масканлари, бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудлари, бекатлар, автомобиль йўллари, маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда тиланчилик фаолиятини амалга оширганларга нисбатан жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.

Шу ўринда афсусланарли бир ҳолат хусусида тўхталиб ўтиш жоиз. Яъни тиланчилик қилувчи шахслардан гуруҳлар тузиб, турли даражада имконияти чекланганларни ногиронлик аравачаларига ўтқазиб, жамоат жойларига жойлаштирадиган, улар орқали “тадбиркорлик” қиладиган “уддабурон”лар ҳам борлигини назардан четда қолдириб бўлмайди. Қонун лойиҳасида бундай “уддабурон” шахсларга нисбатан жазо янада жиддийроқ тарзда белгиланганлиги айни муддаодир. Чунки улар оддий тиланчилар сонининг кўпайишига сабабчи бўлмоқда. Фикримизча, жавобгарликни қўллашда шу жиҳатга кўпроқ эътибор қаратилиши зарур.

Масаланинг яна бошқа бир жиҳати ҳам бор. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга ҳам бундай иллатлар ўз салбий таъсирини кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас. Ўзбекистондаги энг чиройли гўшаларни, гўзал тарихий обидаларимизни завқ ва қизиқиш билан кузатаётган киши қаршисидан бирор “уддабурон” йўллаган тиланчининг чиқиши, табиийки, сайёҳнинг ҳам дилини хира қилади.

Кўпни кўрган инсонлар, нуронийларнинг фикрича, ҳақиқий ночор, иқтисодий қийинчиликка учраганларнинг ҳам камдан-кам қисми тиланчилик қилади. Негаки, ҳалол ризқ топишга одатланган халқимиз азалдан бундай ишлардан ор қилади. Тиланчилик қилувчиларнинг кўпчилиги меҳнат қилмасдан яшашга ўрганган, бошқалар ҳисобига кун кўрувчи шахслар эканлигини жамоатчилик фикридан ҳам англаш қийин эмас.

Фикримизча, фақат жавобгарликни қўллаш йўли билангина эмас, балки бу борада тушунтириш-тарғибот ишларини ҳам кучайтириш зарур. Диний таълимотларда ҳам мазкур қилмишлар қораланиб, инсонларни ҳалол меҳнат қилиб, турмуш кечиришга чақирилган. Бу борада дин уламолари ҳам ушбу масалага ўз муносабатларини билдиришса, диний манбаларда, шариатда бундай қилмишларнинг жазоси ҳақида ОАВда чиқишлар қилишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди. Уни иккинчи ўқишга тайёрлашда нормалар янада аниқлаштирилади.

Биз депутат сифатида, ушбу лойиҳанинг ғоясини қўллаб-қувватласак-да, мазкур ҳужжатни кейинги ўқишларга тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнида, кам таъминланган, ҳақиқатда ҳам ночор ҳамда ёлғиз, боқувчиси йўқ пенционерларни, шунингдек, мажбурликдан мазкур ишга қўл урганларни жавобгарликка тортишнинг ҳуқуқий механизмларини аниқ белгиланишига ҳаракат қиламиз.

Албатта, тиланчилар сони, уларнинг асосий жойлашуви, бундай шахслардан тузилган гуруҳлар, улардан фойдаланиб даромад олаётган “тадбиркор”лар, уларнинг жамиятга етказаётган зиёни ҳақида таҳлилий маълумотлар ҳам чуқур ўрганилади. Шунингдек, иқтисодий қийинчилик орқали шундай ишларга мажбур бўлганларнинг ҳолати таҳлил қилиниб, уларга шароит яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Шуни унутмаслик лозимки, қонунда муайян жавобгарлик белгиланиши тарғибот ва тарбия вазифасини ҳам ўтайди. Чунки жавобгарлик мавжудлигининг ўзи ҳам бундай қилмишлардан кўпчиликни қайтаради. Зеро, қонуннинг тарбиявий функцияси ҳам мавжуд.

Шунингдек, қонуннинг вазифаси фақатгина жавобгарликка тортиш эмас, балки жамиятда тартиб ўрнатишдир. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши жамият ҳаётидаги бир иллатни бартараф этишга, жамоат жойларида бу борада тартиб ўрнатилишига хизмат қилади.

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Тиланчилик учун жавобгарлик белгиланмоқда was last modified: Октябрь 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »