ЎЗБЕКИСТОН — ФРАНЦИЯ: Ўзаро ҳамкорликнинг янги даври (учинчи мақола)

6 Октябрь, 10:36 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 37 марта кўрилди • Комментариев к записи ЎЗБЕКИСТОН — ФРАНЦИЯ: Ўзаро ҳамкорликнинг янги даври (учинчи мақола) нет

III. Ўзбекистон — Франция: муштарак йўллар

Маълумки, Франция мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1992 йил 3 январда эътироф этган ва мана, 27 йилдирки, мамлакатимизнинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келаётган мамлакат ҳисобланади. Буни ўзбек халқи ҳеч қачон унутмайди ва ҳамиша қадрлайди.

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 1 мартда ўрнатилган бўлиб, 1992 йилдан июндан бошлаб Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, 1995 йил март ойидан бошлаб эса Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси фаолият олиб бормоқда.

Ўзбек — француз муносабатларига 1993 йил октябрда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Францияга давлат ташрифи мобайнида асос солинган. Шундан кейинги бир қатор олий даражадаги икки томонлама расмий ташриф ва учрашувлар давомида ўзаро муносабатларнинг муҳим ҳуқуқий базаси яратилди. 1996 йил апрель ойида Ўзбекистон ва Франция Республикалари Президентлари И.Каримов ва Ж.Ширак Париж шаҳрида Темурийлар даври тарихига бағишланган халқаро кўргазманинг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, 1402 йилда Амир Темур ва Франция қироли Шарл VI ўртасидаги тарихий алоқаларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Франциянинг дунёдаги ўрни ва роли юқори баҳоланади. Икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ушбу ҳамкорлик тенг шерикчилик тамойилига асосланган ҳолда олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда икки давлат ўртасида айниқса, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, илмий-гуманитар соҳаларда кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, бундан иккала давлат ҳам ўзаро манфаатдордир. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги икки йилдан бери бирмунча ошди. Шу пайтга қадар “Эйрбус”, “Текнип”, “Обертюр”, “Талес”, “Сериннов”, “Комау Франс” каби ўнлаб француз компаниялари Ўзбекистонда турли савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдалар. Икки томонлама муносабатлар нафақат савдо-иқтисодий соҳада, балки сиёсий, маданий, илмий-маърифий ва бошқа кўплаб соҳаларда динамик равишда ривожланиб бормоқда. Биргина туризм соҳасини олайлик: французлар дунёда энг кўп саёҳат қиладиган миллат бўлиб, Ўзбекистонга ҳам энг кўп турист айнан шу мамлакатдан ташриф буюрмоқда.

Франциянинг дунёга машҳур “Эйрбус” компанияси энг йирик самолёт ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб, ҳозирда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий компанияси паркида 30 га яқин А310 ва А320 “Эйрбус” самолётларидан фойдаланилмоқда.

Мамлакатимиз пойтахтида “Альянс францез” француз маркази самарали фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказ бир вақтнинг ўзида ҳам Франция ҳақида маълумотлар сақланадиган жой, француз тилини ўргатиш маркази ҳамда илмий-маданий учрашув ва алмашинув марказидир. Францияда ўқиш учун тайёрланмоқчи бўлган ёки француз тилини ўрганмоқчи бўлган юртдошларимиз ушбу марказ имкониятларидан унумли фойдаланмоқдалар.

Ҳозирги кунда икки мамлакат олимлари томонидан ўзаро муносабатларнинг у ёки бу жиҳатларини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, французлар томонидан қайта кашф этилди десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Кўплаб француз тадқиқотчилари мамлакатимиз тўғрисида илмий изланишлар олиб бордилар ва бормоқдалар. Бу борада О.Руа, К.Пужоль, М.Р.Жалили, Т.Кельнер, Ж.Барра, К.Ферро, Ш.Ванг тадқиқотларини мисол келтириш мумкин. Масалан, О.Руа 1997  йилда “Янги Марказий Осиё ёки  миллатларнинг шаклланиши” асарини, Ж.Барра, К.Ферро, Ш.Ванг 2010 йилда “Ўзбекистон геосиёсати” номли асарларини Парижда нашр эттирдилар.

Ўз навбатида, мустақил Ўзбекистонда ҳам Франция, унинг бой тарихи, маданияти, санъати, илм-фани, сиёсати, иқтисодини ўрганишга нисбатан қизиқиш ортиб борди. Ҳозирги кунда юртимизда 35 000 дан ортиқ ўқитувчи ва мураббийлар ярим миллиондан кўпроқ ўқувчи ва талабаларга француз тилидан сабоқ беришади. Франция тарихи жаҳон ҳалқлари тарихининг узвий қисми сифатида умумтаълим мактабларининг 6-синфидан то 11-синфигача ўқитилади. Олий ўқув юртларининг тарих факультетларида ўтиладиган ўрта асрлар, янги тарих, энг янги тарих курслари ичида Франция тарихи учун энг кўп соатлар ажратилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети ва республикамизнинг бошқа бир қатор илмий-ўқув даргоҳларида Франция тарихи ва маданиятини ўрганишга эътибор жуда юқори.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, таниқли дипломат, Ўзбекистоннинг Франциядаги биринчи элчиси Акмал Саидов қаламига тегишли ўнлаб китоблар Франция Конституцияси, қонунчилиги, тарихи, маданияти, адабиётига бағишланган. Унинг машҳур франциялик темуршунос олим Люсьен Керен билан бирга ёзган “Амир Темур ва Франция” китоби ўзининг ҳажми, мазмуни жиҳатдан фундаментал асар ҳисобланади. Мазкур асар 2016 йилда қайта нашр этилди ва ўзбек ҳамда француз жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими, тарихчи олим Шуҳрат Эргашевнинг 2013 йилда нашр этилган “Уч буюк француз (Ришелье, Наполеон, Ш. де Голль)” монографияси илмий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди ва бир неча бор қайта-қайта нашр этилди. Шу билан бирга, Ш.Эргашев француз давлат арбобларидан Жорж Клемансо, Робер Шуман, Франсуа Миттеран ва Жак Ширакларнинг сиёсий портретларини яратиб, ўзбек китобхонларига тақдим этди.

ЖИДУ профессори, тарих фанлари доктори Раҳмон Фармоновнинг деярли барча тадқиқотлари Франция давлатчилиги тарихига бағишланган. 1974 йилда у “1851 йил 2 декабрдаги давлат тўнтаришининг француз публицистикасидаги инъикоси” мавзуида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган бўлса, 1992 йилда ҳимоя қилинган докторлик диссертацияси “1848 йил инқилоби ва  Франция сиёсий тизими эволюцияси” деб номланган эди. Ушбу мавзуга бағишлаб 1992 йил охирида Р.Фармонов “Иккинчи  Республика даврида (1848-1851 йй.) Францияда ижтимоий-сиёсий ғоялар ривожи” монографиясини Москвада нашр эттирди.

1999 йилда Р.Фармонов “Сиёсий тизимлар ва кўппартиявийлик” рисоласини чоп этишга раҳбарлик қилди. Рисоланинг каттагина қисми Франция сиёсий тизимига бағишланган. 2017 йилда эса у олима М.Фармонова билан “Амир Темур кўрагон ва император Наполеон” номли монографияни чоп этди. Монография икки буюк тарихий шахснинг ҳаёт йўли ва фаолиятлари қиёсига бағишланган бўлиб, унда икки саркарданинг бунёдкорлиги, яратувчанлиги, сиёсий, ҳуқуқий, диний ва тарихий қарашларидаги ўзаро муштараклик жиҳатлари қаламга олинган. Амир Темур ва Наполеон Бонапарт бунёдкор шахслар сифатида ўзларидан жуда кўп иншоотларни, боғ-роғларни мерос қолдирганлар. Шу билан бирга, давлатчилик соҳасида, мамлакатни адолатли идора қилишда “Тузуклар”, “Кодекслар”, “Конституциялар” ва кўплаб ўгитларни ёзма тарзда қолдирганликлари маълум. Уларнинг давлат аҳамиятидаги раҳбарларни, шу жумладан, вазирларни, ҳокимларни, ҳарбийларни замонавий тил билан айтганда, кадрларни танлаш ва уларни ўз жойларига қўйиш тўғрисидаги таълимотлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

Мамлакатимизда Франциянинг бой давлатчилик анъаналарини ўрганишга ҳам муҳим эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбек тадқиқотчилари ушбу давлатнинг демократик тараққиёт йўлидаги илғор тажрибаларини ўрганишга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Чунончи, 1991-1992 йилларда мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқишда бир қатор ривожланган демократик мамлакатлар қатори французлар конституциявий тажрибасидан ҳам кенг фойдаланилди. Ўзбекистон Республикасининг сиёсий тизими ҳамда давлатчилик институтларини шакллантириш ва ривожлантириб боришда Франциянинг V Республика (1958 йилдан то ҳозирги кунгача) тизими ва институтлари тараққиётининг ютуқларидан ҳам унумли фойдаланиб келинмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон ва Франция Республикалари ўртасида, хусусан, олий ҳокимият органлари таркибий-функционал тузилишида бир қатор ўхшаш омиллар мавжудлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунончи, ҳар иккала мамлакат ҳам буюк тамаддун ва бой тарихий ўтмишга эга бўлиб, замонавий тараққиётда дунёвий давлатчилик йўлини танлаб олишган. Бундан ташқари, ҳар иккала мамлакат ҳам ўз маъмурий-ҳудудий бўлинишига кўра унитар давлатлар бўлиб, аҳолисининг миллий-этник таркиби бўйича кўпмиллатли ва кўпконфессияли жамиятлар ҳисобланишади. Ҳар иккала мамлакат ҳудудида ягона, марказлашган суд-ҳуқуқ тизими амал қилади. Шунингдек, республика Президенти, парламент ва унинг палаталари, Бош вазир, Ҳукумат ва бошқа бир қатор сиёсий институтларнинг шаклланиш тартиби, таркибий тузилиши ҳамда функционал вазифалари тақсимотида ҳам ўзаро ўхшаш омиллар мавжудлигини кўришимиз мумкин. Бу эса ҳар иккала жамиятда кечаётган демократик жараёнларнинг ривожланиш тенденцияларида ўзаро уйғунлик мавжудлигидан далолат беради.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Франциянинг аксарият халқаро глобал муаммоларни ҳал қилиш борасидаги позициялари ҳам бир-бирига анча монанддир. Бунинг тасдиғи сифатида икки давлатнинг халқаро сиёсий майдонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан билдираётган муносабати, можароларни тинч йўл билан ҳал этишга бўлган интилиш, мустақил ташқи сиёсат юритиш кабиларни қайд этиш мумкин. Бу эса Ўзбекистон — Франция муносабатларида ўзаро муштараклик мавжудлиги ҳамда икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончнинг тобора ортиб бораётганлигидан далолат беради.

Шу билан бирга, келгусида ўзбек ва француз олимлари, хусусан, тарихчиларининг ўзаро ҳамкорлик қиладиган соҳалари анча кўплигини алоҳида таъкидлаш лозим. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Шарль де Голль томонидан ташкил этилган Қаршилик (Ла Резистанс) ҳаракатидаги ўзбекистонликларнинг иштироки ва фашизмга қарши қаҳрамонона кураши ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Ёки тақдир тақозоси билан 1917 йилги большевикларнинг давлат тўнтаришидан сўнг Францияга кўчиб кетиб, у ерда умргузаронлик қилишга мажбур бўлган Исломбек Худоёрхон каби ватандошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳам ҳали тадқиқ этилмаган, “теша тегмаган” мавзулардан бири ҳисобланади.

Мухтасар айтганда, мустақил Ўзбекистон Франциядек давлат билан тенг манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга катта аҳамият қаратган бўлиб, бу ўзбек халқининг туб миллий манфаатларига ҳар томонлама мос келади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси аъзоси,

сиёсий фанлар доктори

 

ЎЗБЕКИСТОН — ФРАНЦИЯ: Ўзаро ҳамкорликнинг янги даври (учинчи мақола) was last modified: Октябрь 8th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »