25-сон

Биз — мустақиллик бунёдкорларимиз

Коллеждан — корхонага, бизнес лойиҳадан — амалий ишга ёки Самарқандда ўтказилган бир тақдимот ёш мутахассисларнинг меҳнат бозоридаги ўрнини аниқлашга қай даражада кўмаклашгани хусусида

altТафсилотлар хусусида мулоҳаза юритишдан аввал битта маълумотни таъкидлаб ўтишни истардик. Самарқанд вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси, Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тақдимот аллақачон анъанавий тус олиб, меҳнат бозори учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган «Энг яхши мутахассис» ва «Энг яхши бизнес лойиҳа» тақдимотлари иш берувчилар ишончини оқлабгина қолмай коллежлардаги таълим-тарбия жараёнларининг бугунги кун талабларига қанчалик мос келиши ва ёшлар сиёсатига эътибор ҳокимият идораларининг доимий назоратида турганлигини намоён этмоқда.

altТақдимот давомида жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган маълумотларга кўра, 2012-2013 ўқув йилида вилоятдаги 158 та касб-ҳунар коллежларини 60 794 нафар ёш кадрлар битириб чиқиши кутилмоқда. Шундан 30 883 нафарини қизлар ташкил этади. Республика Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 10 январдаги мажлиси баёни асосида вилоятдаги 57 971 нафар ёки жами битирувчиларнинг 95,4 фоизи 19987 та корхона-ташкилотга амалиёт ўташ ва кейинчалик ишга жойлаштириш мақсадида уч томонлама шартнома асосида бириктирилган.

Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича Республика ҳукумати томонидан қўйилаётган ниҳоятда муҳим ва масъулиятли вазифани бажариши учун Самарқанд вилоятидаги ҳокимият ва бошқарув идоралари ҳамда барча манфаатдор ташкилотлар қандай имкониятларни ишга солишмоқда? Коллеж битирувчиларининг ёш мутахассис сифатида корхонада муқим ишлаб кетиши ёки ўзи мустақил фаолият юритиши, хусусий бизнес билан шуғулланиши, банклар томонидан молиявий кўмак олиши учун ҳамма шароитлар яратилаяптими?

altТаъкидлаш ўринлики, вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мақсадли ва аниқ манзилли тартибда бандлигини ишлаб чиқилган «Вақтинчалик тартиб» асосида жорий йилнинг март-апрель ойларида барча манфаатдор томонлар билан амалий учрашувлар ўтказилди. Натижада 46 452 нафар битирувчиларнинг ота-оналарига фарзандлари кафолатли иш билан таъминланиши ҳақидаги ваколатни берувчи махсус сертификатлар топширилди. Бундан аввалроқ эса вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналар, фермер хўжаликлари ва ташкилотлардан иш берувчи сифатида 48 890 нафар битирувчига кичик мутахассисга бўлган талаб, тўланадиган ойлик маош миқдори ҳамда ишга қабул қилиш муддати аниқ кўрсатилган буюртмалар олинди.

Марказий банк ва Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармалари томонидан кўп меҳнат ва харажат талаб қилмайдиган кичик ҳамда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 14 та йўналиш бўйича намунавий бизнес режалар тузилиб, касб-ҳунар коллежларининг интернет тизимидаги ёзма ва электрон сайтлар орқали битирувчиларга етказилди.

altТадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 20 минг нафар коллеж битирувчиси учун махсус ўқув ташкил этилиб банк, молия, солиқ идоралари ҳамда Савдо-саноат палатаси мутахассислари томонидан 26 соатлик амалий машғулотлар ўтказилди.

Ва, ниҳоят Марказий банкнинг вилоят бошқармаси ташаббускорлик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида тижорат банклари томонидан 20 минг нафар ёш мутахассисга 20 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратиш жадвалини тасдиқлади. Ҳозиргача ана шу маблағнинг 7,1 миллиард сўмлик қисми энг яхши бизнес лойиҳалари эгаларига топширилди.

«Энг яхши мутахассис» ва «Энг яхши бизнес лойиҳа» тақдимотлари ҳам коллеж битирувчиларининг меҳнат бозорида ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш мақсадидаги кўп қиррали ҳамкорликларнинг мантиқий давоми десак, сира янглишмаймиз.

Тақдимотда иштирок этган жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда коллеж битирувчиларининг ота-оналари, устозлари ёшлар фантазияси нечоғлик жозибадор, маҳорати, билим-кўникмаси салмоқли ишларга қодир эканлигининг яна бир бор гувоҳи бўлдилар.

altСамарқанд банк коллежи ўқувчиси Нурсалим Умаров иқтисодиёт ва экология учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бизнес лойиҳаси билан кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Полиэтилен маҳсулотларини қайта ишлаб гранула хомашёсини олишга асосланган мазкур лойиҳага «Микрокредитбанк»нинг вилоят бўлими томонидан 56 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.

— Мен ўз таклифим билан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ташаббуси билан ўтказилган танловда «Республикадаги энг яхши инновацион ишлаб чиқариш лойиҳаси» ғолиби деган номга сазовор бўлдим, — дейди ғоя муаллифи. — Энди узоғи билан уч ҳафта ичида иккиламчи полиэтиленни қайта ишлаш технологиясига эгалик қилиб, ўз ишлаб чиқаришимни йўлга қўяман.

Тақдимотнинг яна бир иштирокчиси — Самарқанд темирйўл транспорти коллежи ўқувчиси Зебо Неъматова туризм инфратузилмасини ривожлантириш, уни халқаро андозаларга мослаштириш борасида изланувчанлиги, куйинчаклиги билан кўпчиликни, ҳатто сайёҳлик ташкилоти вакилларини ҳайратга сола олди.

— Мен йўл давомида меҳмонларга инглиз тилида хизматларни таклиф этадиган шинам қаҳвахона очмоқчиман, — дейди бўлғуси тадбиркор. — Бунда ўрганганим асқотади. «Халқ банки» бизнес лойиҳам бўйича 11 миллион сўмлик кредит бериш ҳақидаги мурожаатимни маъқуллади.

— Истеъмол бозорини кўп марта кузатганман, — дейди Самарқанд банк коллежи ўқувчиси Дилшод Мамаридаев. — Бир қарашда кичик ва арзимасдек туюлган музқаймоқ чўпчалари етишмас экан. Кунига юз минглаб қадоқ музқаймоқ сотувга чиқарилаётганини назарда тутсак, менинг лойиҳам ана шу етишмовчиликнинг ўрнини тўлдириш ва яхшигина фойда олишга имкон беради.

Ровамак қурилиш ва миллий меъморчилик коллежи ўқувчиси Феруз Жўрақулов эса картошкачиликни ривожлантириш ва янги уруғлик етиштиришни кўзда тутган бизнес лойиҳасини таклиф этади. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, янгича шароитларда йилига икки марта сара ҳосил етиштириш ва банк кредитини бир йилдаёқ тўлиқ қайтарган ҳолда даромад эгаси бўлиш мумкин.

Жомбой иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Сарвиноз Расулованинг тикувчилик цехи очиб, 4 кишини иш билан таъминлаши, болалар кийимларини арзон ва сифатли тайёрлаб, ўз мижозларини топиш ҳақидаги бизнес лойиҳаси ҳам «Халқ банки» вакиллари томонидан 1 миллион 800 минг сўмлик кредит сертификати билан тақдирланди.

Умуман тақдимот давомида 15 та соҳа бўйича бизнес лойиҳалар таклиф этилиб, шу ернинг ўзида 17 та тижорат банклари томонидан 250 та бизнес лойиҳага кредит сертификатлари топширилди.

«Энг яхши мутахассис» тақдимоти бўйича Самарқанд ахборот-коммуникация технологиялари коллежи битирувчиси Заршед Сафотуллаевнинг маҳорати олқишларга сазовор бўлди. У кўзи боғланган ҳолда 3 дақиқа ичида компьютернинг тизимли блок қисмларини йиғиб, 1-ўринни қўлга киритди.

Ургут туманидаги Испанза агротадбиркорлик ва сервис коллежи битирувчиси Ислом Зоҳидов тақдим этган тикувчилик-трикотаж йўналишидаги 50 дан ортиқ янги турдаги либослар моделлари экспертлар гуруҳи томонидан энг юқори баҳога сазовор бўлди.

605 нафар битирувчи иштирок этган ҳамширалик иши йўналиши бўйича Сўзангарон тиббиёт коллежи битирувчиси Азиза Аҳтамова муолажа жараёнидаги ёндашувларини инглиз тилида равон ифодалаб бергани ёшларнинг иқтидорига ҳавас, эътиборни уйғотди десак, янглишмаймиз. Тақдимотда иштирок этган Самарқанд автомобилсозлик коллежи битирувчиларидан 20 нафарига «СамАвто» заводига, 10 нафарига эса «MAN» Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасига кафолатли ишга қабул қилиш тўғрисидаги сертификатлар топширилди. Умуман, тадбир жараёнида фаол иштирок этиб юқори ўринларни эгаллаган, замонавий билим ва касбий кўникмаларини намойиш қила олган 100 нафар коллеж битирувчиси шу ернинг ўзида иш берувчилар томонидан ишга қабул қилинди. Меҳнат бозоридаги рақобатни қаранг-ки, энди мутахассис иш жойини эмас, иш берувчи мутахассисни излаяпти. Тақдимот пайтида Боғишамол саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Юсуф Донобоевга бирваракайига 3 та иш берувчи — Самарқанд шаҳри, Оқдарё ва Иштихон туманларидаги корхоналар раҳбарлари меҳнат шартномаси тузиш таклифларини билдирдилар.

Вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Муродилла Холмуҳаммедовнинг таъкидлашича, тақдимот меҳнат бозорида кичик мутахассисга бўлган талаб-эҳтиёждан янада чуқур хабардор бўлишга, иш берувчилар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кучайтиришга ёрдам беради. Коллеж ўқувчилари касб-ҳунар ўрганиш баробарида фундаментал ва замонавий билим асосларини пухта ўзлаштириб бораётганликлари, ҳатто хорижий тилларда сўзлашиб, интернет янгиликларидан воқиф бўлишаётгани яна бир муҳим ижобий ҳолат. Самарқандда фаолият юритаётган хорижий ва қўшма корхоналар айни шундай мутахассисга кўпроқ эҳтиёж сезишмоқда.

«Адолат» СДП аъзоси, вилоят Кенгаши депутати Самарқанддаги «СамАнтипгилам» қўшма корхонаси раҳбари Камол Абдуллаев эса бу фикрни қувватлаб, шундай мулоҳаза юритади:

— Тақдимот жараёнида кенг тарғиб этилган инновацион технологияларни ўзлаштириш ғояси партиямиз дастуридан алоҳида ўрин эгаллаган. Чунки, инновацион янгиликдан хабардор, дунёқараши кенг мутахассис иқтисодиётда янгича сифат ўзгаришларини таъминлашга қодир. Асосан экспорт йўналишида фаолият юритаётган корхонамиз ҳар йили коллеж битирувчилари бўлган ўнлаб дизайнерларни, операторларни ва гилам тўқиш ускуналарининг бошқа мутахассисларини ишга қабул қилмоқда. Коллежлар билан ҳамкорлик бизга бўлғуси мутахассисларнинг касбий тайёргарлигини шакллантиришга ва олдиндан назорат қилиб боришга имкон беради.

Энди тақдимотнинг айримлар учун сабоқ бўларли жиҳатлари хусусида тўхталсак. Байрамона руҳдаги ушбу тадбирда коллежлардаги машғулотларга мунтазам қатнашмайдиган 320 нафар ўқувчининг ота-оналари махсус таклиф этилдилар. Бу ерда кўрганлари хусусида хулоса чиқарганлардан бири — Самарқанд шаҳрининг Нақшбандий кўчасида истиқомат қилувчи Камол Исмоилов шундай фикр юритди:

— Тақдимот менинг коллеж ҳақидаги тасаввуримни тубдан ўзгартирди. Коллежни битираётган ўғил-қизлар шу қадар чуқур билим ва маҳорат эгаси бўлиб етишаётганига шахсан ишонч ҳосил қилдим. Шу бугуноқ ўғлим Шерзод Муродов ўзи ўқиётган коллежга канда қилмай қатнаши, таҳсил олиши ва юриш-туришини доимий назорат қилиб бораман.

Тақдимотнинг фойдали жиҳатлари ҳақида бундан-да керакли ва самимий сўзларни айтиш қийин. Зотан ота-она ўз фарзандининг келажаги ҳақида қайғуради. Коллеж эса тинимсиз ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш ва яратувчанлик билан қадр топади.

Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,

«Аdolat» мухбири

Суратларда: коллеж битирувчиларининг тақдимот учрашувларидан лавҳалар.


Муносабат

Ватан равнақи, тинчлик-тотувлик, халқимизнинг фаровон ҳаёти истиқлол йилларида қўлга киритган энг катта бойлигимиздир

altҲаётимиздаги энг улуғ, энг азиз байрам — истиқлолимизнинг йигирма икки йиллиги яқинлашиб келмоқда. Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ҳар биримизнинг ҳаётимизда ёруғ ва муқаддас тарихий воқеа бўлиб қолган бу умумхалқ шодиёнасини муносиб равишда кутиб олиш ва кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида олиб борилаётган тайёргарлик ишларига янгича маъно ва мазмун бахш этди.

Даврнинг бугунги тезкор шиддатига қарамай, истиқлол шароитида ўтаётган умримизнинг ҳар бир йили келгуси авлодларга намуна бўлгудек зарҳал саҳифа сифатида мамлакатимиз тарихидан, миллий истиқлол солномасидан жой олади. Ҳар бир йил жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида, одамларнинг тафаккури, дунёқараши ва турмуш тарзида, янгича шароитда ўсиб-улғаяётган ёш навқирон авлод онг-шуурида алоҳида из қолдиради. Шу маънода кейинги йигирма икки йил ичида кечган ҳаётимизга назар ташласак, уларнинг ҳар бири, ҳар ойи, ҳар лаҳзаси давлатимиз раҳбари Ислом Каримов бошчилигида эришган ютуқларимиз мазмунига кўра ой ва йил тушунчаларини ортда қолдириб, янада кенг ва чуқур мазмун-моҳият касб этганига гувоҳ бўламиз.

Бу давр ичида мамлакатимиз янги мустақил давлат, жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий тамойиллари, истиқбол режалари, мақсад-муддаоси аниқ жамият сифатида шаклланди ва эътироф этилди. Ҳар биримизнинг шахсий ҳаётимизда, оиламизда, маҳалламизда, меҳнат жамоамизда, илмий-ижодий фаолиятимизда улкан ўзгаришлар юз берди, турмуш тарзимиз миллий ва умуминсоний қадриятлар билан бойиди. Янада муҳими, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида Ўзбекистон танлаган миллий тараққиёт йўлининг тўғри ва халқчиллиги амалий фаолиятимизда ўз исботини топди. Мустақил Ўзбекистон ўша йиллари айрим «башорат»чилар ўйлаганидек, миллий маҳдудликка берилмади, ўз қобиғига ўралиб қолмади, аксинча, истиқлолнинг дастлабки кезларидан бошлаб, маърифий дунё сари интилди, илмий, техникавий тараққиётга юзланди. Халқнинг бой илмий, маънавий-маърифий меросидан баҳрамандлик имкониятлари яратилди. Мамлакатнинг буюк келажагини, миллий тараққиётни таъминлайдиган, озод ва обод Ватан шуҳратига шуҳрат қўшадиган янги ёш авлод тарбияси, таълим-тарбия уйғунлиги, инсон манфаатлари, оиланинг мустаҳкам ва муқаддаслиги, жамият ҳаётида маҳалла жамоатчилик институтининг етакчи роли ва аҳамияти, оналик ва болаликни муҳофаза этиш, аёлни улуғлаш каби масалалар устувор аҳамиятга эга бўлди. Бугун Ўзбекистон демократик янгиланиш ва тараққиёт йўлида ўзининг буюк келажаги сари дадиллик билан одимламоқда, иқтисодий салоҳияти мустаҳкамланиб бормоқда, халқимизнинг фаровонлиги, турмуш тарзи, харид қуввати ўсаётир. Одамларнинг бугун дунё ҳавас қилаётган тинч-тотув ҳаёти, кўпмиллатни халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқлиги, дунёнинг ривожланган кўплаб мамлакатлари иқтисодий таназзул таъсиридан чиқа олмай, ижтимоий муаммолар гирдобига дуч келиб турган бир пайтда, мамлакатимизда иқтисодий ривожланиш барқарор давом этаётгани энг катта ва муҳим ютуқларимиздан бири десак, янглишмаган бўламиз.

Истиқлол йилларида ҳаётнинг оғир, кутилмаган синовларига дуч келдик. Олдимизда собиқ тузумдан қолган мажруҳ иқтисодни қайта жонлантириш, таъминотдаги узилишларни бартараф этиш, қисқа қилиб айтганда, бир пайтнинг ўзида ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий, маданий-маърифий муаммолар ечими билан шуғулланиш, мустақилликни бутун чоралар билан мустаҳкамлаш, одамлар онг-шуурига янги жамиятнинг янги ғояларини сингдириш, халқнинг қадр-қимматини кўтариш, ор-номусини жой-жойига қўйиш вазифаси турар эди. Президентимиз раҳбарлигида миллий тараққиётнинг халқимизнинг турмуш тарзи ва тарихий тажрибасига ҳамоҳанг йўли, миллий истиқлол мафкурасининг асосий тамойиллари ишлаб чиқилди. Бу тамойилларда ўтиш даврида давлатнинг бош ислоҳотчи бўлиши, жамият ҳаётида қонун устуворлигига эришиш, кучли ижтимоий ҳимоя ва ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган эди. Янада муҳими, Ўзбекистон бу йилларда ўз кучи ва имкониятига, халқимизнинг буюк салоҳиятига, сабр-бардошига таяниб иш кўрди. «Биз борини асраш ва йўғини яратиш йўлидан борамиз» деган ниҳоят муҳим даъватга амал қилганимиз, демократияга эришиш борасида сохта обрўга интилмаганимиз, пишиқ-пухта, узоқни кўзлаб қарорлар қабул қилингани айни муддао бўлди.

Тўқсонинчи йилларнинг бошида вазият ўта мураккаб ва кескин эди. Эҳтирослар жунбушга келган, ваъзхонлик авжига чиққан, собиқ тузумнинг «ёғли» жойларидан ажраб қолганлар ўзларини ҳар ёққа ташлаб, воқеалар ривожи қайси томонга бурилишини зимдан кузатишарди. Қарорда таъкидланганидек, бу мураккабликларни халқимизнинг ақл-заковати, сабр-бардоши, ҳаётий тажрибаси ва, албатта, истиқлол ғояларига садоқати билан енгиб ўтдик. Ҳаётнинг ўзи биз танлаган йўлнинг тўғрилигини исботлади. Истиқлолимизнинг барҳаётлигига, ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишига, буюк келажагимизга бўлган қатъий ишонч, дунё эътироф этган «ўзбек модели» ютуқларимизнинг бош омили бўлди. Биргина мисол: 2008-2012 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати 8,2 фоиздан кам бўлмади, давлат бюджети ва тўлов балансининг профицит билан бажарилиши, экспорт ва олтин-валюта захираларининг кўпайиши мунтазам равишда таъминланди. Бундан атиги йигирма икки йил аввал мустақилликка эришган Ўзбекистоннинг дастлабки қадамларига ишонқирамай қараганлар, истеҳзо қилганлар бугун ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётнинг кўпгина соҳаларида биз эришган ютуқларни, айтиш мумкинки — Ўзбекистоннинг ўтиш давридаги ноёб тажрибасини, масалан, давлатнинг бу даврда бош ислоҳотчи бўлишини ўрганишга ҳавасманд бўлиб туришибди. Бу — бугунги мураккаб шароитда дунёнинг фақат айрим давлатларигагина хос бўлган муваффақият ҳисобланади.

Истиқлол йилларида жамиятимизда амалга оширилган ишларнинг ҳар бири ўзига хос тарихга, маъно-мазмунга эга. Қисқа вақт ичида янги демократик тизимнинг шаклланиши, халқимизнинг жамики орзу-истакларига мос янги Конституциянинг қабул қилиниши, унда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд-ҳуқуқ тармоқлари билан ўзаро муносабатлари аниқ-равшан белгилаб қўйилиши, бу муносабатлар орасидаги мутаносибликни таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда кўппартиявийликнинг юзага келиши, сиёсий партиялар фаолиятининг йўлга қўйилиши, партиялараро соғлом рақобат чиндан ҳам тарихий аҳамиятга эга.

Ҳар йили мустақиллик байрамини нишонлар эканмиз, ўтган бир йил ичида мамлакат миқёсида, жамият ҳаётида ва ҳар биримизнинг шахсий ҳаётимизда рўй берган ўзгаришларни сарҳисоб қиламиз. Давлатимиз раҳбарининг қарорида ўтган йиллар ичида қўлга киритган ютуқларимизни яна бир бор таҳлил қилиш, юртимизда мустақил давлат барпо этиш, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ҳаёт даражасига эришиш, Ўзбекистонимизни дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кўтаришдек улуғ мақсадларни олдимизга қўйиб, бу марраларнинг нақадар буюк ва масъулиятли эканини чуқур тасаввур қилган ҳолда, ана шундай юксак уфқлар сари бораётганимизнинг асосий омил ва мезонларини яна бир бор таҳлил қилиш, «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ватан» деган шиорни асосий ғоя сифатида белгилаб, бу йўналишда олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ишларида кейинги йигирма икки йил ичида қўлга киритган, жаҳон ҳамжамияти эътироф этган барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши, ишга, ҳаётга муносабати бутунлай ўзгариб, Ватан равнақи, халқимизнинг фаровон, тинч-тотув ҳаётига дахлдорлик туйғуси, шунингдек, ўз кучи ва имкониятларига ишончи тобора мустаҳкамланиб бораётгани, мустақил тараққиёт йўлида қандай ютуқларга эришган ва эришаётган бўлсак, уларнинг барчасининг негизида, авваламбор, одамларимизнинг ўсиб бораётган сиёсий, ҳуқуқий, маданий савияси ва ижтимоий фаоллиги мужассамлигини кўрсатиб беришга эришишимиз лозим.

Қарорда, шунингдек, ҳозирги кунда бизнинг қандай шиддатли ва нотинч замонда яшаётганимизни инобатга олган ҳолда, тинч ва осойишта ҳаёт учун курашиш, керак бўлса, фидойилик кўрсатиб, доимо огоҳ, сезгир ва маънавий уйғоқ бўлиб яшаш, энг катта бойлигимиз бўлмиш, юртимиздаги миллатлар ва фуқаролараро аҳиллик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраш ва мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган ишларнинг маъно-моҳиятини очиб бериш ҳам бирламчи энг муҳим вазифалардан иборатлиги алоҳида таъкидланади.

Биз бугун, ҳаётимизда энг улуғ ва энг азиз бўлиб қолган байрамимизнинг йигирма иккинчи йили арафасида шу тўғрисида ўйлар эканмиз, нечоғли қийин ва мураккаб йўлни босиб ўтганимизни, халқимизнинг пешонасига мустақиллик нури текканида мамлакатда, собиқ иттифоқ ҳудудида, дунёда қандай қалтис вазият мавжудлигини доимо ёдда тутишимиз зарурлигини ҳис этамиз. Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч», «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» асарларини, «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»ни такрор-такрор мутолаа қилишимиз, партия аъзолари, айниқса, ёшлар орасида олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишимизда, ўтказилаётган маънавий-тарбиявий тадбирларда улардаги хулоса ва кўрсатмаларга қатъий амал қилишимиз лозимлигини англаймиз.

Собир ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси раҳбари


Қонун ижодкорлиги

Иш ўринлари ташкил этишга доир қарорларни бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Тадбиaltркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларга нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик чораларини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг мажлисида қизғин муҳокама этилиб, иккинчи ўқишда маъқулланди.

Қонун лойиҳаси билан «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида», «Стандартлаштириш тўғрисида», «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида», «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида», «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Хўжалик процессуал, Божхона, Солиқ кодексларига ва бошқа қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августда қабул қилинган «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан ишлаб чиқилган. Унда юридик шахслар учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш билан боғлиқ бўлмаган молиявий санкцияларни бекор қилиш, айни бир вақтнинг ўзида такрорий қоидабузарлик учун хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини икки баравар ошириш, шунингдек, божхона назоратининг охирги муддатини уч йил билан чеклаш ҳамда товарлар божхона тозаловидан ўтказилган вақтдан бошлаб бир йил ўтганидан кейин божхона тўловларини қўшиб ҳисоблашни тақиқлашни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Айниқса, қонун лойиҳаси аҳоли фаровонлигини янада яхшилашга, ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Жумладан, қонун лойиҳаси ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларидан (турар жойлар, жамоат ва ишлаб чиқариш бинолари, иморатлар ва иншоотлар, соғлиқни сақлаш ва спорт объектлари, маданий-кўнгилочар ва бошқа муассасалардан) тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлаш бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун жавобгарликни кучайтиради.

Маълумки, адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш «Адолат» партиясидан сайланган депутатлар қонунчилик фаолиятининг асосий ва бош йўналишидир. Шу нуқтаи назардан қонун лойиҳасида назарда тутилаётган қонун ҳужжатларини бузганлик учун бутун ташкилот эмас, балки аниқ айбдор мансабдор шахслар жавоб бериши назарда тутилаётгани, айниқса, «Адолат» СДП фракцияси қарашларига мос келади. Бу тадбиркорлик субъектларига ташкилотлар мансабдор шахсларининг айби билан жарималар тўлаш тарзидаги ортиқча сарф-харажатлар қилишнинг олдини олиш, шу билан юридик шахслар мулкдорларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради. Бунда мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги оширилмоқда ва юридик шахсларга ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чоралари (фаолиятни, лицензияни тўхтатиб қўйиш, тугатиш ва ҳоказолар) сақлаб қолинмоқда.

Қонун лойиҳаси ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун давлат ҳокимияти органларининг жойларда иш ўринлари ташкил этишга доир қарорларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий маълумот олган ёки касбий тайёргарлик ва қайта тайёргарликдан ўтишга, малака оширишга юборилган, илгари маълум қилинган шахсларни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда жавобгарликни кучайтириш ҳам назарда тутилаётир. Қонуннинг бу талаблари бажарилмаган тақдирда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилиши қонун лойиҳасида белгилаб қўйилмоқда. Хусусан, ушбу қонун лойиҳасига мувофиқ бўш иш ўринлари мавжуд бўлганда меҳнат бўйича маҳаллий органлар йўлланмасига эга шахсни ишга қабул қилишни асоссиз рад қилганлик мансабдор шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади. Бу ҳам партиямиз дастурида белгиланган Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси яхши ҳақ тўланадиган муносиб иш топиш, яхши мутахассис бўлиш билан бирга, истаган пайтида ўз ишини ташкил этиш имконига эга бўлиши лозимлиги ҳақидаги қарашларига тўла мос келади.

Мазкур қонун лойиҳаси орқали киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, истеъмолчилар ҳуқуқларини янада мустаҳкам ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида товар ишлаб чиқарувчиларнинг товарлар ва хизматлар сифати учун, яроқлилик муддати тугаган товарларни яроқлилик муддатини кўрсатмай реализация қилганлик ва сотганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида божхона назоратининг охирги муддатини уч йил билан чеклайдиган ҳамда товарлар ишлаб чиқарилган вақтдан бошлаб бир йил ўтганидан кейин божхона тўловларини қўшиб ҳисоблашни тақиқлайдиган норма жорий этиш назарда тутилган. «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тегишинча равишда бузганлик учун реклама берувчилар, реклама ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчиларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги нормаларни чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.

Мухтасар айтганда, қонун лойиҳаси иқтисодиётни янада эркинлаштириш, аҳоли даромадларини изчиллик билан ошириш имконини беради. Шу нуқтаи назардан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон «Адолат» СДП дастурий ғояларидаги вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади. Зеро, партиямиз дастурида партия иқтисодий соҳадаги фаолиятини иқтисодий ўсиш натижаларини аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини оширишга адолатли йўналтирадиган бозор иқтисодиётининг ижтимоий йўналишини чуқурлаштиришга қаратиши белгиланган. Шу боис, фракциямиз аъзолари мазкур қонун лойиҳаси партия мақсад ва вазифаларига мослигини алоҳида таъкидлаган ҳолда маъқуллайди ва уни янада такомиллаштиришда фаол иштирок этади.

Умид ЖУМАНИЁЗОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси


Партия фаолига кўмак

Жамоатчилик назорати фуқаролик жамияти ривожининг муҳим шарти

Ҳаётнинг бугунги тезкор шиддати, жамоатчилик назорати функциясини бажариш журналистлардан ҳам касб маҳоратларини муттасил ошириб боришни, мамлакат, миллат, жамият олдида турган энг муҳим, долзарб вазифаларни янада теран идрок этишни талаб этмоқда.

Жамоатчилик назорати фуқаролик жамиятининг муҳим шарти, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш имкониятидир. Буни дунёнинг кўплаб мамлакатлари ҳаётида кўриш мумкин.

Жамоатчилик назорати ҳар бир кишида мамлакат ривожига, миллий юксалишга бевосита дахлдорлик туйғусини кучайтиради. Бундай назоратга эришилган жойда одамлар мансабдорлар, мутасаддилар, бошқарув органлари вакилларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига, мансабларини суиистеъмол қилаётганларига, қонун талабларининг бузилишига ва шу каби бошқа салбий ҳолатларга бефарқ бўлмайдилар. Мамлакат қонунларида турли даражадаги раҳбарларнинг, жумладан, Қонунчилик палатаси аъзоларининг, вилоят, шаҳар ва туман кенгаши депутатларининг сайловчилар олдида вақти-вақти билан ҳисоб бериши белгилаб қўйилган.

Жамоатчилик назорати собиқ тузум вақтидаги «давлат назорати», «халқ назорати» ниқоби остида фуқароларни доимий равишда кузатишдан, тирноқ тагидан кир ахтаришдан эмас, аксинча, ҳар бир одамга ишонч билдириш, халқ, миллат олдидаги масъулиятини оширишдан иборат.

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида жамоатчилик назорати бир неча йўналишларда ташкил этилади. Жумладан, мамлакатимиз Конституциясида давлат органлари ўз фаолиятидан жамоатчиликни доимий равишда хабардор қилиб туриш, фуқароларнинг турли сўров ва мурожаатларига ўз вақтида, аниқ жавоб қайтариши белгилаб қўйилган бўлади. Иккинчидан, жамоатчилик назорати йўлга қўйилган жойда фуқаролар маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари фаолияти, турли йиғинлар, учрашувлар, жамоатчилик эшитувлари орқали мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётига доир ўз қарашларини, танқидий фикр-мулоҳазаларини эркин-эмин баён қиладилар, муаммоларни ҳал қилиш, камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан таклиф-мулоҳазаларини билдирадилар. Мустақилликнинг дастлабки қадамларидан бошлабоқ жамиятнинг муҳим бошланғич бўғини бўлган маҳалла институтига алоҳида эътибор берилганининг боиси ҳам шунда.

Жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда оммавий ахборот воситалари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этишига замин яратиш учун, аввало, жамиятда ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода этадиган холис минбарга, жамият ҳаётининг ўзига хос кўзгусига айлантириш зарур. Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи, Концепцияда айтиб ўтилганидек, «инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади».

Мустақиллик йилларида бу борада самарали ишлар қилинди. Оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолиятини, сўз эркинлигини таъминлайдиган, демократик талаб ва стандартларга мос келадиган қонунчилик базаси яратилди. Муҳими шундаки, бу йўналишда қабул қилинган қонунларнинг барчаси умумхалқ муҳокамасидан ўтди. «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши эса одамларнинг ўзлари истаган ахборотни ҳеч бир монеликсиз олиш, айни чоғда, ахборотни муҳофаза қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш имконини берди.

Аммо эътироф этиш керакки, матбуот фаолияти самарадорлигини таъминлаш борасида ҳали кўп ишлар қилиниши керак.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, демократик матбуот, биринчи навбатда, холис ва халқчил минбарга айланиши керак. Матбуотдаги фикрлар хилма-хиллиги — бу миллий тараққиёт йўлида белгиланган мақсад-муддаога етишнинг хилма-хил йўллари демакдир. Биз бугун дунёнинг ривожланган, тараққий топган давлатлари сафидан мустаҳкам ўрин олаётган, жаҳон майдонига дадил чиқаётган эканмиз, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар бу борадаги масъулиятларини асло унутмасликлари керак.

Ҳаётнинг бугунги тезкор шиддати, жамоатчилик назорати функциясини бажариш журналистлардан ҳам касб маҳоратларини муттасил ошириб боришни, мамлакат, миллат, жамият олдида турган энг муҳим, долзарб вазифаларни янада теран идрок этишни талаб этмоқда. Шу маънода, Юртбошимизнинг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида» қонун қабул қилиш ва бу борада Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳуқуқий эксперимент ўтказиш таклифи жамиятимизда демократик тамойилларни янада мустаҳкамлаш, матбуот ва сўз эркинлигини янги сифат босқичига кўтариш пайти етилганидан далолат беради.

Жамоатчилик назоратини йўлга қўйишнинг яна бир тури мамлакат миқёсида қабул қилинаётган қонунлар лойиҳасини тайёрлашда жамоатчиликнинг фаол иштироки ҳисобланади. Очиқ эътироф этиш керакки, биз бу имкониятга мустақиллик туфайлигина эга бўлдик. Ҳар қандай қонунда халқ манфаатлари ўз ифодасини топар экан, бу борадаги ташаббускорлик ва фаоллик юртдошларимизнинг ҳуқуқий маданияти, миллий тараққиётга дахлдорлиги тобора ошиб бораётганидан далолат беради.

Тошпўлат МАТИБАЕВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати


Куaltчли фуқаролик жамияти сари

Маҳалла — демократия дарсхонаси

Асрлар давомида халқимизга хос ноёб ўзини ўзи бошқарув идораси сифатида шаклланиб келган маҳалла институтини ривожлантириш, унинг жамиятдаги ролини кучайтириш ва қонуний ваколатларини кенгайтириш истиқлол йилларида давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Муҳими, соҳадаги ушбу ислоҳотлар "Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари" тамойилидан кўзланган улуғвор мақсадларнинг рўёбга чиқишида муҳим омил бўлмоқда.

Дарҳақиқат, истиқлол маҳаллани демократик қадрият ва тамойиллар қарор топган мўътабар маскан сифатида тобора ривож топишига, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, маҳалла "демократия дарсхонаси" вазифасини тўлиқ ўташига кенг ташкилий-ҳуқуқий имкониятлар яратилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ижтимоий фаоллигини кучайтиришда маҳалланинг аҳамияти ҳамда роли оширилишини таъминлайдиган чора-тадбирларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ғояси илгари сурилган эди. 2013 йилнинг 22 апрелидан ушбу таклифлар асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги Қонунининг янги таҳрири кучга кирди.

5 боб ва 33 моддадан иборат бўлган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги янги таҳрирдаги қонун ушбу йўналишдаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, пировардида маҳалланинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини юксалтиришга қаратилганлиги билан ғоят аҳамиятлидир.

Қонун бир қатор янги моддалар билан тўлдирилганлиги, амалдаги кўплаб қоидаларнинг мазмун-моҳияти муайян даражада ўзгартириш орқали қуйидаги учта йирик вазифанинг ечимига йўналтирилганлиги билан ажралиб туради. Биринчидан, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларида ҳокимиятнинг вакиллик органлари, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг роли ва масъулиятини янада ошириш; иккинчидан, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш учун бевосита масъул бўлган органларнинг ваколатларини аниқлаштириш, улар ўртасида вертикал алоқани ўрнатган ҳолда ваколатларини чегаралаш; учинчидан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) номзодига қўйиладиган талабларни янада кучайтириш.

Жумладан, "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддатларини белгилаш" деб номланган 10-модда ва "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси" деб номланган 11-моддадаги янги қоидалар орқали фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалаларида ҳокимият вакиллик органлари, энг аввало, Олий Мажлис Сенатининг роли ва масъулияти янада оширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қонуннинг янги таҳририга киритилган янгиликлар, аввало, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига бўлиб ўтадиган сайловларнинг демократия талабларига мувофиқ равишда ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлашга қаратилганлиги ҳам аҳамиятга молик. Масалан, сайловни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган органларнинг ваколатларини аниқлаштириш ҳамда улар ўртасида узвий алоқани таъминлаш билан боғлиқ нормалар белгиланди.

Шунингдек, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи ваколатлари юзасидан ҳам муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Авваллари мазкур ишчи гуруҳи амалиётда кўпинча фуқаролар йиғини кенгаши қарори билан тузилар эди. Қонуннинг 14-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, эндиликда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи фақат фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан тузилади.

Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови тизимини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштиришнинг яна бир муҳим йўналиши бу — фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) этиб энг муносиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган ва аҳолининг ҳурмат ва ишончига сазовор бўлган фуқароларнинг сайланишини таъминлаш.

Ана шу мақсадда, фуқаролар йиғинини бошқаришда янгича фикрлайдиган, фидойилик кўрсатиб, қийин дамда масъулиятни ўз зиммасига оладиган, катта ҳаётий тажрибага, одамлар билан ишлаш ва мулоқот қилиш кўникмасига эга, маҳаллада обрў-эътибор қозонган, ҳалол, ташаббускор ва ватанпарварлик қонида жўш уриб турган фуқароларни йиғин раиси ва унинг маслаҳатчилари этиб сайлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, қонунга киритилган янгиликлар, хусусан, фуқаролар йиғини раиси лавозими учун номзодларга қўйиладиган талаблар билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар маҳаллада яшайдиган ҳар бир фуқарога улкан масъулият юклаши табиий.

17-моддага кўра, фуқаролар йиғини раиси лавозими учун кўрсатилган номзодларга қўйиладиган талаблар янада кучайтирилди. Хусусан, ушбу лавозимга номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, сайловгача камида беш йил шу ҳудудда доимий яшаб турган бўлиши, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига эга бўлиши тўғрисида қўшимча талаблар қўйилди. Муҳим ўзгартишлардан яна бири сайлов муқобиллик асосида ўтказилишидир. Яъни фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига икки ва ундан ортиқ номзодлар кўрсатилади. Шунингдек, номзодлар сайлов бошланишидан олдин фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ўз дастурини эълон қилади.

Фикримизча, маҳалла раиси ва унинг маслаҳатчилигига номзодлар учун талабнинг кучайтирилиши бежиз эмас. Зеро, жорий йилда бўлажак сайловларда фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига муносиб кишиларнинг сайланиши юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг шу ҳудудда ўз ифодасини топишига замин яратади.

Янги таҳрирдаги мазкур қонун маҳалла ҳаётида демократик тамойил ва қадриятларни қарор топтиришга хизмат қиладиган бир қатор янги нормалар билан тўлдирилганлигини таъкидлаш лозим.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови якунини чиқаришда фуқаролар йиғинида яшаётган фуқароларнинг айримлари овоз беришда иштирок этмаслиги мумкинлигини инобатга олиб, қонуннинг 26-моддасига ҳам ўзгартиш киритилди. Эндиликда фуқаролар йиғинида ҳозир бўлган фуқаролар эмас, балки овоз беришда қатнашганларнинг ярмидан кўпининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчиси лавозимига сайланган ҳисобланади.

Умуман, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги Қонуни маҳалла сайловини очиқ, ошкора ва демократик руҳда ўтказиш ҳамда юртимизда кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Бизнинг олдимизда, янги таҳрирда қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса, ёшларга тушунтириш, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашда фуқаролар йиғинлари ходимларининг фаоллиги ва масъулиятини ошириш, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, фуқаролар йиғинлари ходимларининг ҳудудий профилактика инспекторлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш йўналишларида жиддий ишлаш каби муҳим вазифалар турганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ойбек ТУРҒУНОВ,

Тошкент давлат юридик институти доценти,

юридик фанлар номзоди


2013 йил — «Обод турмуш йили»

«Адолат» мени қўллади

«Аёллар қаноти» ташаббуси ва Марказий банк кўмаги билан андижонлик аёлларга имтиёзли кредит олиш учун сертификатлар топширилди

Мамлакатимизда ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш эзгу анъанага айланган. Долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этиш учун тегишли давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, йил давомида амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнга инвестициялар ажратишда нафақат давлат, балки нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари, корхоналар ҳам иштирок этмоқда. Энг муҳими, буларнинг барчаси аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини янада оширишга қаратилган ишлар изчиллигини таъминлаш, жамиятимиз ва мамлакатимизнинг янада равнақ топишига хизмат қилади.

Аҳоли фаровонлиги ва реал даромадлари муттасил ўсишини таъминлаш, бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолига, аввало, ижтимоий эҳтиёжманд қатламлар ва кам таъминланган оилаларга давлат томонидан манзилли ҳимоя ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг муҳим йўналишларидандир. Дастурда режалаштирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси давлат ва нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, мамлакатимизнинг барча фуқаролари қатнашишини тақозо этади.

«Обод турмуш йили» Давлат дастуридаги асосий вазифалардан бири хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва фаоллигини оширишдан иборат. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Андижонда ўтказилган «2013 йил — «Обод турмуш йили»да хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда банк кредитларининг роли» мавзусидаги семинар-йиғилишда ҳам юқоридагилар ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати вакиллари, Марказий банк ходимлари, шаҳар ва туман партия кенгашлари раислари, партия сафидаги тадбиркор аёллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокидаги мазкур йиғилиш аввалида республикамизда бугунги кунда хотин-қизларнинг фаоллигини янада ошириш ва жамиятдаги ўрнини юксалтириш ҳақида сўз борди. Бундай эътиборга жавобан хотин-қизлар турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётгани, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, оилавий бизнесни, касаначиликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишдаги иштироки алоҳида қайд этилди.

Марказий банкнинг Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Отабек Азимов мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Марказий банк томонидан «Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди», «Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролар форуми», сиёсий партиялар, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамда вилоят ҳокимликлари билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини таъкидлади. «Адолат» партияси ғоялари атрофида жипслашган хотин-қизларнинг мазкур тадбир доирасида кўтариб чиққан бизнес режалари ва ташаббуслари ҳам ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди.

Семинарда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Юнусова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари М.Нишонова ҳамда О.Ахуновалар хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш — обод турмуш гарови эканлиги, хотин-қизлар қўмиталари ва сиёсий партиялар ҳамкорлиги, банк соҳасининг ҳуқуқий асослари ҳамда оилавий тадбиркорлик тўғрисида сўз юритдилар. Партия Марказий аппаратининг аёллар ва ёшлар билан ишлаш масалалари бўлими мудири М.Дадаходжаева партия «Обод турмуш йили» Давлат дастури ижросида тадбирбозликка эмас, балки амалий ишларга эътибор қаратаётганлигини таъкидлади.

— Партиямиз «Аёллар қаноти»нинг бу каби амалий тадбирлари «Адолат» СДП дастурий ғоя, мақсад ва вазифалари тарғиботи таъсирчанлигини таъминлашга, сафимизда сиёсий етук, фаол, ташаббускор аёлларнинг кўпайишига, энг муҳими, партиямизга бўлган ишончнинг ортишига хизмат қилади, — дейди М.Дадаходжаева.

Дарҳақиқат, семинарда партия ташаббуси ва Марказий банк кўмагида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи партиядош аёлларга имтиёзли кредит олиш учун 335 миллион сўмлик сертификатлар топширилгани фикримизнинг яққол исботидир.

— Шаҳрихон тадбиркорлар масканидир, — дейди шаҳрихонлик партиядошимиз, тадбиркор М.Мўйдинова. — Жумладан, шаҳрихонлик аёллар ҳам тадбиркорликда ўзига хос мактаб яратган. Мен ҳам 20 нафар аёллар билан болалар кийимларини тикиш билан шуғулланаман. Бугун партия ташаббуси билан 30 миллион сўм кредит учун сертификат олдим. Мақсадим фаолиятимизни янада кенгайтириш, маҳаллий ёшлар учун қўшимча янги иш ўринлари яратиш орқали партиянинг ижтимоий соҳадаги дастурий ғояларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашишдир.

— Бир неча йилдан буён якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаман, — дейди пахтаободлик Р.Машрабова. — Албатта, ишда моддий таъминот катта аҳамиятга эга. Тадбиркорлик фаолиятимни доимо қўллаб келаётган Ўзбекистон «Адолат» СДП Пахтаобод туман кенгаши «Аёллар қаноти»нинг бугунги тадбири орқали яна бир муаммони ечишга эришдим. Банкнинг 5 миллион сўмлик кредити учун сертификат олдим. Бу билан фаолиятим кенгайиб, қўшимча янги иш ўринлари яратиш имконияти туғилади.

Таъкидлаш жоизки, 11 нафар ана шундай имкониятга эга бўлганлар орасида бу йил касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяётган битирувчилар ҳам бор.

— Вилоят партия Кенгашининг «Ёш адолатчилар» қаноти томонидан ташкил этилган кўплаб тадбирларда иштирок этганман. Бугунги тадбирга аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилганлигини эшитиб келгандим. Адашмаган эканман. Ўз бизнес режаларимни тақдим этиб, 3 миллион сўм имтиёзли кредит олиш имконига эга бўлдим, — дейди Қўрғонтепа туманидаги Қурилиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси М.Мамирова.

Тадбирда ҳар бир тадбиркор партиядошимиз ўз фаолиятини янада кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш бош мақсади эканлигини алоҳида таъкидлади.

Мухтасар айтганда, «Обод турмуш йили» Давлат дастури мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча муҳим йўналишларини қамраб олган. Унинг самарали амалга оширилиши эса, халқимизнинг ҳаётини янада яхшилаш, фаровон, тинч ва осуда турмуш кечириши, мамлакатимиз равнақи йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.

Акбаржон Назаров,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилояти

Кенгаши матбуот котиби


Бошланғич ташкилот — партия негизи

Дастурий ғоялар рўёби йўлида электорат вакилларининг жипслиги ортмоқда

altЎзбекистон «Адолат» СДП мақсад ва вазифаларини кенг оммага тарғиб этишда жойлардаги партиядошларимизнинг ҳиссалари катта бўлмоқда. Хусусан, жиззахлик «адолат»чиларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни, партия дастурида белгиланган вазифаларни тарғиб этиш, ўз сафларини фаол аъзолар билан кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратаётганликлари диққатга сазовордир.

Айниқса, партия дастурий ғояларининг рўёби йўлида электорат вакилларининг жипслиги ортиб, муштарак мақсадлар учун бошланғич партия ташкилотларига бирлашаётгани қувонарли. Жиззах шаҳридаги «Сайилжой» академик лицейида мақсадлари муштарак 20 нафар партиядошларимизнинг яқинда бошланғич ташкилотига уюшганлиги фикримиз далилидир.

— Қуйи партия ташкилотимиз фаолларининг аҳоли саломатлиги, ёшларимиз таълим-тарбияси, маънавияти ва маърифати йўлида фидойилик кўрсатиб келаётган педагоглар, зиёлилар, шунингдек, билимга чанқоқ ёшлардан иборатлиги бизни янгидан-янги мақсадлар сари ундайди, — дейди БПТ етакчиси, лицейнинг тарих фани ўқитувчиси Жамолиддин Рашидов. — Фаолларимизнинг бевосита халқ ичида эканлиги, электоратимизни ўйлантираётган масалаларни яхши билишлари ижтимоий муаммоларни бартараф этишга оид таклифларни илгари суришда қўл келади.

Қуйи бўғиннинг дастлабки фаоллар йиғилишида сўзга чиққан партиянинг янги аъзолари Д.Ҳакимова, Д.Умаров, И.Абдуллаева, Ш.Синдоровлар жамиятда қонун устуворлигига эришиш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий саводхонлигини ошириш, уларни оммавий маданиятнинг салбий таъсирларидан сақлаш, баркамол авлодни камол топтириш каби партия дастурий ғояларини амалга оширишда, аввало, фаолларнинг ўзлари шахсий намуна кўрсатишлари лозимлиги, ёшлар орасига янада чуқурроқ кириб бориш ҳамда уларнинг партия ғояларига ишончини оширишда фаоллик кўрсатишлари зарурлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

— Албатта, шаҳарда партиядошларимиз сафи кенгайиб бораётганлигининг бош омили бу шаҳар партия Кенгашидаги депутатларининг самарали фаолияти ҳам десак, асло янглишмаган бўламиз, — дейди партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Р.Тўйчиев. — Чунки, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги 4 нафар депутатимиз ўз соҳасининг етук мутахассиси ва партиямиздан сайланган халқнинг ишончли вакили сифатида электоратимиз манфаати йўлида ибратли ишларни йўлга қўйишган. Қолаверса, бугун сафларимизда сиёсий жиҳатдан етук, партиямиз ғояларидан яхши хабардор, шижоатли, ўз мустақил фикрига эга ёшларимизнинг борлиги бизни қувонтиради. Бу эса барчамизни юртимиз равнақи, халқ фаровонлиги йўлида янада самарали фаолият юритишга ундайди.

Тадбир давомида БПТ аъзоларига «Обод турмуш йили» Давлат дастури ҳамда партиямиз дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросида фаол иштирок этиш, тарғибот тадбирларининг таъсирчан, самарали бўлишини таъминлаш юзасидан услубий ва амалий тавсиялар берилди.

Қосимбек РАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Жиззах вилояти Кенгаши

«Ёш адолатчилар» қаноти раиси


Семинар-тренинг

Замонавий механизмлар ва интерфаол усуллар улар асосида ташкил этилаётган сиёсий ўқувлар ҳудудий партия ташкилотларининг ўзаро тажриба алмашинувига хизмат қилмоқда

altМамлакатимизда сиёсий янгиланиш жараёнлари изчил давом этаётган айни даврда сиёсий партиялар ўз электорати манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, халқ орасидаги нуфузини ошириш ҳамда бўлғуси сайловларга муносиб ҳозирлик кўриш учун ўз фаоллари ва депутатлик гуруҳларининг сиёсий-ҳуқуқий билим-кўникмаларини мунтазам ошириш, уларни жамиятни демократлаштиришнинг янги босқичи талабларидан хабардор этиб боришлари талаб этилмоқда.

Айни шу мезонлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳудудий партия ташкилотлари фаоллари учун сиёсий ўқишлар ташкил этишда қўллаётган тажрибаси ўз самараларини бермоқда. Яъни, бундай тадбирларда замонавий механизмлар ва интерфаол усуллардан фойдаланиш, минтақавий семинарлар ташкил этиш орқали ҳудудий партия ташкилотларининг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштиришга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай сиёсий ўқишлардан навбатдагиси Самарқанд вилоят партия Кенгаши ва унинг «Ёш адолатчилар» қаноти ҳамда Тошкент шаҳар партия Кенгаши фаоллари иштирокида ташкил этилди.

Дастлаб тадбир иштирокчиларининг Олий Мажлис Сенатига ташрифи уюштирилди. Унда партия фаолларининг Сенат аъзолари билан «Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашидаги депутатлик гуруҳларининг партия ташкилотлари билан ҳамкорлиги» мавзуида учрашуви бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси М.Хўжамбердиев халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари ва доимий комиссияларига электоратни ўйлантираётган долзарб масалаларни олиб чиқишда депутатлик гуруҳларининг ваколатлари хусусида сўз юритиб, мавжуд тажрибани таҳлил қилиб берди.

Шунингдек, учрашувда халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати А.Самеджанов маҳаллий Кенгаш депутатлик гуруҳларининг фаолияти, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидаги иштирокини таъминлаш механизмлари тўғрисида атрофлича тўхталиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Самарқанд вилояти партия Кенгаши раиси ўринбосари М.Шарипова халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашида ижроия ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботи эшитувини ташкил этишда ҳудудий партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлиги юзасидан тўпланган амалий тажрибалар ҳақида сўзлаб берди.

Учрашув давомида партия «Ёш адолатчилар» қанотининг Самарқанд вилояти, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар фаоллари бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклифларини Сенат аъзоларига тақдим этдилар.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига депутатлар ва депутатлик гуруҳлари ваколатларини янада кенгайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш каби таклифлар шулар жумласидандир.

Қизғин савол-жавобларга бой бўлган учрашув давомида партия фаоллари Сенат аъзоларидан кўтарилган масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари Миробод туман партия кенгашининг «Темир йўлчилар сиҳатгоҳи» қошидаги БПТ фаолияти билан яқиндан танишиб, бошланғич ташкилот ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳамкорликдаги иш тажрибаларини ўргандилар. Тошкент шаҳар ва Самарқанд вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, «Ёш адолатчилар» қаноти ҳамда бошланғич ташкилотлар фаоллари учун ташкил этилган мазкур сиёсий ўқишда депутатлар ва партия ташкилотлари раҳбарлари ўзларининг амалий тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Ўзбекистон «Адолат» СДП Миробод туман кенгаши раиси Т.Матибаев бугун партия ташкилотлари олдида турган энг муҳим вазифа фақат тадбирлар ўтказиш билан чекланиб қолмасдан, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотларга сўровномалар юбориш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига долзарб масалаларни киритишга эришиш, пировардида аниқ амалий ишлар орқали сайловчилар ишончини қозонишдек муҳим масалалар турганлигини таъкидлаб ўтди. Аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб боришда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан фаол ҳамкорлик ўрнатиш катта самара бериши юзасидан ўз тажрибаларини сўзлаб берди.

Сиёсий ўқишнинг иккинчи кунида иштирокчилар Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида бўлиб, депутатлар, мутахассис ва экспертлардан бўлғуси сайловларга тайёргарлик ишларини жонлантириш, бу жараёнда сиёсий етук, партия электорати манфаатларини дадил ҳимоя қила оладиган кадрлар захирасини шакллантириш, уларни қонунчилигимиздаги янгилик ва ўзгаришлардан доимий хабардор қилиб бориш юзасидан тегишли тавсияларни тинглаб, ўзаро фикр ва тажриба алмашишди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси мажлисида бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлишди.

— Икки кунлик мазкур тадбир бизга сиёсий-ҳуқуқий билимларимизни янада ошириш, ҳудудлардаги амалий ишлар борасида партиядошларимиз билан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда жойларда ўтказиладиган тарғибот-ташвиқот тадбирларини сифат ва мазмун жиҳатдан бойитиш, уларда янги сиёсий технологиялардан фойдаланиш лозимлиги юзасидан қимматли маслаҳатлар олдик, — деди Самарқанд вилояти партия Кенгаши «Ёш адолатчилар» қаноти раиси С.Ўртамуродов. — Айниқса, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари билан бўлган учрашув бизда катта таассурот қолдирди. Бу орқали биз мамлакатимиз қонунчилик тизими ва сиёсий жараёнлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик.

Дарҳақиқат, бундай шаклда учрашувлар, сиёсий ўқишларни ташкил этиш, замонавий усул ва услублардан фойдаланган ҳолда партия фаолларини ўқитиш ўз ижобий самарасини бериши баробарида, партия фаоллари ҳамда етакчиларида масъулиятни орттириб, янада фаол, ишчан бўлишга ундайди.

Илёс САХАТОВ,

«Adolat» мухбири


Ўзбекистон «Адолат» СДП хабарлари

Давр талабига мос билим ва кўникма партия обрўсини юксалтиради

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан «Партия аъзоларида партия позициясини мустаҳкамлаш ва партиявий фаолиятни кучайтириш йўллари» мавзуида ўқув курси ташкил этилди. Унда Нукус шаҳридаги БПТ етакчилари, шаҳар партия кенгаши аъзолари, кадрлар ва депутатлик захирасига олинган партия аъзолари иштирок этишди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик янгиланиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилаётган айни даврда аҳолининг кенг қатлами ўртасида сиёсий партиялар фаолиятига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Шу боис, бўлғуси сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнида аҳолининг фаол қатлами бўлган ёшларимизнинг кун сайин онгу тафаккури ва сиёсий билимлари юксалиб бораётганлигини, уларнинг ҳар бири давлат ва жамият қурилишида дахлдор шахслар эканлигини эсдан чиқармаслигимиз лозим.

— Кадрлар захирасига олинган ва номзоди депутатликка лойиқ, деб топилган ҳар бир партия фаолининг қалбида ўз партияси сайловолди дастуридаги ғояларининг ҳаётбахшлигига бўлган ишонч ва фахр туйғуларини уйғотиш, партия позициясини мустаҳкамлаш, партиявий топшириқларни бажаришга бўлган масъулиятини оширишда ҳудудий партия ташкилотлари томонидан ташкил этилаётган ўқув курслари ўзининг ижобий самарасини бериши аниқ, — деди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоси Д.Дошетов.

Шу билан бирга, тадбирда сиёсий партиялар фаолиятига оид адабиётлар ва Ўзбекистон «Адолат» СДП Марказий аппарати томонидан нашр этилган норматив ҳужжатлар кўргазмаси ташкил этилиб, улардан самарали фойдаланиш механизмлари ҳақида маслаҳатлар берилди.

Албатта, келгусида ҳар бир партия аъзосининг давр талабига мос билим ва кўникмага эга бўлиши аҳоли ўртасида сиёсий ва ҳуқуқий маданиятнинг юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Шарипа ТОРЕШОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Kенгаши матбуот хизмати котиби


Дастур доирасидаги вазифалар

Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмаси билан ҳамкорликда «Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизими: ютуқлар ва муаммолар» мавзуида амалий семинар ўтказилди.

Тадбирда Давлат солиқ инспекцияси, Молия бошқармаси, Марказий банк ва бир қатор тижорат банкларининг вилоят филиаллари вакиллари, мутахассислар, вилоят партия Кенгаши фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимидаги мавжуд муаммолар ечимининг амалий таҳлилига бағишланган йиғилишда партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб, бу борадаги муаммоларни бартараф этишда Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ҳамда депутатлик гуруҳлари олдида турган вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар пластик карточкалар билан савдо қилиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот бердилар.

Айниқса, видеороликлар орқали жойларда аниқланган техник муаммоларни тўлалигича бартараф этишга қаратилган тушунтиришлар, нуқтаи назарлар пластик карточкалар тизими аҳолига нақд пулли муомаладан кўра кўпроқ қулайликлар яратишини яна бир бор исботлаб берди. Ўз ўрнида, айрим савдо шохобчаларида сотувчилар томонидан асоссиз электрон тўловларда нархларнинг оширилиши, техник носозликлар баҳона қилиниши каби истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учраб турганлиги қайд этилиб, бу каби муаммоларни бартараф этиш йўллари хусусида фикр-мулоҳаза алмашилди. Соҳага алоқадор мутасадди ташкилотлар билан депутатлик гуруҳларининг жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Жойларда жамоатчилик назоратини жонлантириш юзасидан партиянинг Риштон тумани кенгаши раиси Г.Раҳмонова, Олтиариқ тумани кенгаши раиси М.Қазақов, Фарғона шаҳар кенгаши раиси Ш.Аҳмедова ва бошқалар кўтарилган масала юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Семинар давомида иштирокчилар соҳа мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

Бахтиёр АЛИЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Фарғона вилояти Кенгаши матбуот хизмати


Таълиaltм

Билимлар беллашуви

Халқ таълими вазирлиги томонидан 2010-2011 ўқув йилидан бошлаб тизимда таълим сифатини оширишга қаратилган янгилик сифатида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг фанлар бўйича билимлар беллашувларини ташкил этишнинг тўрт босқичли (мактаб, туман, вилоят ва республика) механизми ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Билимлар беллашувининг ўтказилишидан асосий мақсад ўқувчиларнинг қобилият ва иқтидорларини қуйи синфдан аниқлаш ва ривожлантириш, мактабларда соғлом рақобатни ташкил этиш орқали ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, Давлат таълим стандартларида белгиланган талабларнинг бажарилишини ўрганиш, умумтаълим мактаблари ва ҳудуддий халқ таълими бошқаруви идоралари фаолиятига холисона баҳо бериш, уларнинг рейтингини аниқлашдан иборат.

Билимлар беллашувларининг биринчи (мактаб) босқичи 2012 йил декабрь-январь ойларида, иккинчи (туман, шаҳар) босқичи январь-февраль ойларида, учинчи (вилоят) босқичи март ойининг охирги ўн кунлигида ўтказилди.

alt2013 йил 14-28 июнь кунлари Тошкент шаҳрида билимлар беллашувининг якуний Республика босқичи бўлиб ўтади. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан ташриф буюрган 522 нафар ўқувчилар иштирок этади.

Якуний босқич фанлар кесимида иккига бўлиб ўтказилади. Булар:

- 14-15 июнь кунлари аниқ ва табиий-ижтимоий фанлардан (жами 265 нафар ўқувчи);

- 27-29 июнь кунлари филология фанларидан (жами 257 нафар ўқувчи).

Мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилувчи билимлар беллашувининг якуний Республика I босқичи Чилонзор туманидаги Республика ихтисослаштирилган Мусиқа ва санъат академик лицейида бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазирлиги, Халқ таълими бош бошқармаси масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

alt— Билимлар беллашувининг нуфузи мактаб ўқувчилари орасида йилдан-йилга ошиб бормоқда, — деди Халқ таълими вазири ўринбосари А.Холбеков. — Буни биргина беллашувда иштирок этиш истагини билдирган ўқувчилар сонининг йилдан-йилга ошиб бориши мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Билимлар беллашуви-2013 танловларида ўтган йилга нисбатан 690 минг нафар кўп ўқувчи иштирок этди. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан билимлар беллашувини юқори савияда ва адолатли ташкил этиш мақсадида жорий йилда қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, билимлар беллашуви ўтказиладиган фанлар сони 10 тадан 16 тага оширилди (немис, француз тиллар, ҳуқуқ ва иқтисод фанлар қўшилди), ёзма иш, лаборатория машғулотлари, хорижий тиллар бўйича ёзма ва оғзаки мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган назорат турлари киритилди, билимлар беллашуви иштирокчилари учун саволлар банки яратилиб, уларнинг махфийлиги таъминланди, билимлар беллашуви ўтказилган аудиторияларда ота-оналар вакиллари иштироки таъминланди, билимлар беллашувини ўтказиш ва текшириш жараёнларига ўқувчиси иштирок этмаган педагоглар жалб қилинди, беллашувларни ташкил этиш бўйича методик тавсиялар, назорат материалларининг намуналари ишлаб чиқилиб, вазирликнинг интернет тармоғидаги расмий www.uzedu.uz сайтига жойлаштирилди.

— Мусобақада Тошкент вилоятидан 15 та фан йўналиши бўйича 37 нафар 5-8 синф ўқувчилари иштирок этмоқда, — деди Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси давлат таълим стандарти мониторинг бўлими бошлиғи Гулмира Утегенова. — Вилоят мактабларида ҳам фан олимпиадаларига катта эътибор қаратилаётгани боис, мазкур мусобақада бизнинг ўқувчилар ўз тажрибаларини бир неча йилдан бери кўрсатиб, олдинги ўринларни эгаллаб келишмоқда. Масалан, Паркент туманидаги 1-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Маҳмудов Абдумўмин 3 йилдан бери география фани бўйича, Бўстонлиқ туманидаги 44-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Хушбахт Жумабоев математика фанидан ва Пискент туманидаги 2-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Саида Ортиқбоева биология фанидан билимлар беллашувида қатнашиб, ўз билимларини намоён этиб келишмоқда.

Билимлар беллашувида иштирок этган ўқувчиларни рағбатлантириш ҳамда энг илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Республика босқичида қатнашган барча ўқувчилар Тошкент вилоятидаги «Ёзги интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи»да дам олишади. Оромгоҳга билимлар беллашувида ўқувчиси муваффақиятли иштирок этган 50 нафар ўқитувчи ҳам жалб қилинади. Мазкур оромгоҳда юртимизнинг етакчи профессор-ўқитувчилари, таниқли шоирлар, маданият ва санъат ходимларини жалб этган ҳолда фан кечалари, мастер-класс учрашувлари, викториналар, шеърхонлик кечалари, турли танлов ва мусобақалар ўтказилади.

«Ёзги интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари» республиканинг барча ҳудудида ташкил этилиб, уларга беллашувнинг вилоят босқичида 2- ва 3-ўринларни олган ўқувчилар (жами 1040 нафар) жалб қилинади. Қолаверса, уларнинг ўқитувчилари моддий ва маънавий рағбатлантирилади.

Феруз ЖЎРАЕВ,

«Аdolat» мухбири


Таҳририят меҳмони

Аюб Шаҳобиддинов: «Бугунги қаҳрамон — маънавий етук ва кучли шахс»

altБугунги суҳбатдошимиз ёш бўлишига қарамай, яратаётган фильмлари юксак эътироф ва қизиқишларга сабаб бўлаётган интилувчан, истеъдодли режиссёр Аюб Шаҳобиддиновдир. Режиссёр билан унинг ижоди ва бугунги кино санъати хусусида суҳбатлашдик.

— Авваламбор, Сиз саҳналаштирган «Паризод» фильми яқинда Нью-Йоркда ўтказилган халқаро кинофестивалда, ўтган йили эса Россиянинг Анапа шаҳридаги «Киношок» фестивалида юқори баҳо олди. Шундай пайтларда хаёлингиздан нималар кечди? Нима учун айнан «Паризод» юксак эътирофларга сазовор бўлди?

—  Тўғрисини айтсам, шундай даражадаги баҳога сазовор бўламиз, деб ўйламаган эдим. Эришилган ютуқларнинг аниқ омиллари ҳақида бирон нарса дейиш қийин. Агар буни билганимизда эди, ҳар бир фильмни суратга олишда шундай услуб ва йўналишга амал қилган бўлар эдик.

Шахсан менинг фикримча, биринчи навбатда, сценарий муаллифи Эркин Аъзамнинг поэтик-реализм услубида ёзилган асарида бир томондан реал ҳаётга, иккинчи томондан бадиий рамзларга мурожаат қилингани, одамларнинг «Пари қиз»га муносабати тимсолида уларнинг ҳаётга, бир-бирларига нисбатан дахлдорлик туйғуси, меҳр-оқибатнинг йўқолаётгани, мўъжизага ишонмай қўйилаётгани нафақат бир миллат ёки мамлакатга, балки умумбашариятга тегишли муаммо эканлиги халқаро мутахассисларнинг юқори баҳоларига сабаб бўлди, десам адашмайман.

altФильмни суратга олиш жараёнига тўхталадиган бўлсак, бизнинг олдимизда қандай қилсак, асарнинг маъно-мазмуни сақланиб, уни томошабинга муносиб тарзда кўрсатиб бериш мақсади ётган эди ва ўйлаймизки, биз кўзлаган мақсадимизга етдик.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, фильм кўплаб кинотанқидчилар, киношуносларнинг эътиборига тушди, ҳатто уларнинг айримлари фильм шакли жиҳатидан фестивалга мос эмас, услуби ва муҳити жиҳатидан камтарин ишланган, деган фикрларни ҳам билдиришди. Айни пайтда «Киношок» фестивалида ҳакамлар ҳайъати раиси ҳисобланган машҳур драматург Владимир Войновичнинг фикрлари ҳеч ҳам ёдимдан кўтарилмайди. Унинг «Айнан шу вазиятда фильмни суратга олишдаги тажрибанинг катта-кичиклиги ҳам, унга сарфланган маблағнинг миқдори ҳам муҳим эмаслиги аён бўлди. Муҳими, «Паризод» фильми томошабиннинг юрак-юрагига етиб бора оладиган фильм эканлигида, шунинг учун ҳам барчамиз ушбу фильмни бир овоздан маъқулладик», деган гаплари ҳанузгача эсимда.

Нью-Йоркда ўтказилган фестивалнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унда баҳони ҳайъат аъзолари эмас, балки оддий томошабинлар қўйишади ва ҳар бир номинация бўйича энг кўп овозга эга бўлган фильмлар ғолибликни қўлга киритади. Томошабинлар тақдим этилган 25 фильм орасидан «Паризод»га энг яхши режиссура номинацияси бўйича ғолибликни муносиб кўришган экан, бундай юксак эътироф ва баҳодан хурсанд бўлдим, айни пайтда бундай муваффақиятлар биз, ижодкорларда ўз-ўзига бўлган талабчанликни оширади, деб ўйлайман.

— Ёшлигингизда режиссёр бўлиш ниятини билдириб, таниқли кино ижодкорларга мактуб йўллагансиз, деб эшитган эдик. Ана шу мактубингиздаги сатрлар ёдингиздами?

— Тўғри. Мактубимда асосан кино устаси бўлиш учун нималарга эътибор қаратиш, қайси олийгоҳда таҳсил олиш керак каби саволларни ёзган эдим. Ижодкорлар телевидение орқали саволимга атрофлича тушунтириш беришганди. Ҳанузгача ёдимда, Санъат институтига кириш имтиҳонларини топшириш мақсадида олийгоҳга келиб-кетиб турганимда режиссёр Мунаввара Абдуллаева билан яқиндан танишиб, уларнинг фикрлари билан қизиққандим ва улар менга, авваламбор кўпроқ китоб мутолаа қилишга, асарни обдон таҳлил қилишга одатланишим кераклигини айтгандилар.

— Сизнинг режиссёрлигингизда суратга олинган «Телба», «Ўтов», «Кечиккан ҳаёт», «Паризод» фильмларини томоша қилар эканмиз, бош қаҳрамонларингизнинг кўпчилиги оғир-вазмин, камгап инсонлар эканлигининг гувоҳи бўламиз. Сўнгги пайтларда халқимизга тақдим этилаётган тижорат фильмларининг аксариятида комик қаҳрамонлар, ҳолатлар намоён этилиши оммалашган бир пайтда фильмларингиздаги жиддийлик томошабинларни зериктиришидан чўчимайсизми?

— Агар ижодкор, айниқса, кинорежиссёр ўз фильмининг томоша қилиниш-қилинмаслигидан чўчиб фаолият юритса, ўз услуби ва ўрнини, маълум маънода ўзлигини йўқотиб қўйиши мумкин, деб ўйлайман.

Қаҳрамонларимнинг хулқ-атворига тўхталадиган бўлсак, дарҳақиқат, уларнинг аксарияти камгап, камсуқум, интраверт инсонлардир. Айнан шундай қаҳрамонларнинг ўзига яраша дарди, ички кечинмасини томошабинга ҳавола этишни яхши кўраман. Мен учун киноқаҳрамон — маънавий етук ва кучли шахс. Шу сабабли баъзан қаҳрамоннинг фикрини, ички оламини унинг ортиқча гап-сўзларисиз ҳам кўрсатиб беришга одатланганман. Негаки, томошабин фильмни кўриб, ўзи хулоса чиқариши, таҳлил қила олиши, керак бўлса, ундан ўрнак олиши ёки аксинча, у қилган хатони қайтармаслиги керак.

— Халқимиз азалдан санъатсевар халқ. Бироқ сўнгги пайтларда халқимизга ҳавола этилаётган фильмларнинг аксарияти қайнона-келин муносабатини кўрсатишдан нарига ўтмаяпти. Бундай фильмлар бир марта кўришга ярайди, холос. Яхши драматургия ва режиссура етишмаётгандек... Айнан сиз фильмни суратга олишда нималарга эътибор қаратасиз?

— Сценарий танлашга талабчанлик билан ёндашаман. Баъзан яхши асар топишим учун жуда кўп вақт кетади.

Авваламбор, сценарий саводли, тушунарли ёзилган бўлиши керак. Айни пайтда суратга тушириш учун тайёр ҳолда ёзилмаган бўлиши менинг қизиқишимни орттиради, сабаби мен режиссёр сифатида асарни ўқиб, уни қандай, қаерда тасвирга олиш жараёни ҳақида бош қотиришни, хаёлот дунёимни ишга солиб, асарни кадрга туширишда ўз услубимда ишлашни маъқул кўраман.

Шахсан мен тижорат студияларида олинган бўладими, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан бўладими, қилаётган ишимга бирдек масъулият ҳамда куч-ғайрат билан ёндашаман. Бироқ давлат фильмларига нисбатан тижорат фильмларида ҳиссиётларга кўпроқ бериламан. Давлат буюртмасига асосан суратга олинган фильмларим эса анча босиқ, вазмин характерга эга бўлади.

— Одатда, ижодкорлар фуқаролик бурчини теранроқ ҳис этишади, воқеликка баҳо беришда ҳам бошқаларга ибрат бўлишади, дейишади. Бизни ҳам сизнинг «Адолат» партияси ҳақидаги фикрингиз қизиқтиради.

— Бу масалада бошқаларга ибрат бўлолмасам керак... Бир-иккита ҳамкасбларим билан қизиқарли суҳбатлар чиққан экан, газеталарингизни олиб келиб қолишди. Шундан буён «Адолат»ни мунтазам бўлмаса ҳам ўқиб тураман. Партияга келсак, менга унинг сафида зиёлилар кўплиги маъқул бўлди. Назаримда, ҳар қандай жамиятда ҳам зиёлилар ўз сўзларини айта олишлари учун бирлашишлари табиий ҳол. Мана шу маънода мен партиянинг келажаги ёрқин бўлишига умид билдириб қоламан.

— Яқинда премьераси бўлиб ўтган «Турист» фильмингиз ҳақида тўхталсангиз.

— Ушбу фильмни ёш актёр ва режиссёр Ёқуб Аҳмедов билан биргаликда суратга туширдик. Фильмда ҳамкасбим бош қаҳрамонлардан бирини ижро этди.

«Турист»да ўзига яраша муаммолар гирдобида ўралашиб қолган ёш қизнинг ҳаёти тасвирланган. Шундай кунларнинг бирида аэропортда тўсатдан бир йигит билан танишиб қолади ва уни турист деб фаҳмлайди. Йигит ҳам қизга ростини айтмасдан ўзини турист деб кўрсатаверади ва бу орада ёшлар бир-бирларига кўнгил қўйишади...

Романтик-мелодрама жанрида суратга олинган ушбу фильмда нафақат ишқ-муҳаббат тафсилотлари, синовлари, балки гиёҳвандлик сингари иллат, унинг оқибатлари ҳам қораланган. Уёғи томошабинларнинг ҳукмига ҳавола.

— Самимий суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Сизга янги-янги ижодий ютуқлар тилаб қоламиз.

— Фурсатдан фойдаланиб, газета ходимларини яқинлашиб келаётган касб байрамлари билан чин дилдан табриклайман.

— Раҳмат.

Саодат СОДИҚОВА,

«Аdolat» мухбири


Cўранг, жавоб берамиз?

Мерос трансмиссияси

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик нима?

М.Камолова, Бухоро шаҳри

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1140-моддасига мувофиқ, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Бола, невара, чевара, эвара меросхўрлигида тақдим қилиш ҳуқуқи қариндошлик даражаси чекланмаган ҳолда амал қилади, ён қариндошлик бўйича меросхўрликда тақдим қилиш ҳуқуқига мерос қолдирувчининг туғишган ака-укалари (опа-сингиллари) номидан унинг жиянлари ёхуд мерос қолдирувчининг туғишган амакиси (тоғаси) ёки аммаси (холаси) номидан унинг амакиваччалари (тоғаваччалари) ва аммаваччалари (холаваччалари) эга бўладилар.

Мерос трансмиссияси (Меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқининг ўтиши) қандай маънони англатади?

С. Ражабов, Вобкент тумани

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11401-моддасига кўра, агар васиятнома ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтиши — мерос трансмиссияси дейилади. Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.

Вафот этган меросхўрга тегишли меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрлари томонидан умумий асосларда амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, мазкур моддада, меросхўрнинг ушбу кодекснинг

1142-моддасида назарда тутилган, яъни мулкидан олинадиган мажбурий (мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан, фарзандликка олган болалари, шунингдек, меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан, уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар) мероснинг бир қисмини мажбурий улуш сифатида қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Саволларга Бухоро вилоят Адлия

бошқармаси бўлим бошлиғи

вазифасини бажарувчи А.Аминов жавоб берди.


altАҚШ ва ЕИ савдо пакти

Европа Иттифоқи ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида эркин савдо зонасини яратиш режалари мана бир неча йилдирки амалга оширилмай келмоқда. «Катта саккизлик» таркибига кирувчи давлат раҳбарларининг Шимолий Ирландияда бўлиб ўтган саммитида «тарихдаги энг катта икки томонлама савдо битими»ни имзолаш режалари тўғрисида музокаралар олиб борилди.

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон сўзларига қараганда, бу битим иқтисодиётдаги ўсиш суръатларини ва экспортни рағбатлантиришга хизмат қилади. Кэмероннинг фикрича, ушбу шартноманинг имзоланиши бошқа шунга ўхшаш битимларнинг ҳаммасини бирга қўшиб ҳисоблаганда ҳам жаҳон иқтисодига унингдек катта таъсир кўрсата олмайди.

АҚШ президенти Барак Обама ҳамда Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозу иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида «Бундай имконият бир неча ўн йиллар давомида бир маротаба юзага келиши мумкин ва бу имкониятдан унумли фойдаланиш ниҳоятда зарур», дея фикр билдирилди. Анжуман қатнашчилари ушбу битимнинг Европа Иттифоқига 160 миллиард доллар, Америка Қўшма Штатларига 125 миллиард ва дунёнинг бошқа давлатларига 135 миллиард доллар миқдорида фойда келтиришини айтишмоқда. Бу эса ўз навбатида икки миллионта иш ўрнини яратиш имконини бериш билан бирга нархларнинг пасайишига ҳам олиб келади.


Мия микроархитектураси

Америка Қўшма Штатларидаги кўпчилик илмий марказларнинг олимлари биргалашиб, нейронлар қон томирларига мутлақо алоқаси йўқ, деган хулосага келдилар. Сичқоннинг бош мия қобиғи ўрганилганда капиллярлар асаб толалари жамланган устунчаларга ҳеч қандай таъсир ўтказмаслиги маълум бўлди.

Нейробиологлар томирларини ранг берувчи флуоресцент бўёқлар билан тўлдирган ҳолда сичқон миясини кўпгина ингичка кесмаларга ажратиб чиқишди. Тасвирларнинг махсус таҳлилий тизимидан фойдаланиб, улар капиллярларнинг уч ўлчамли тармоғини қайта тиклашди ва сўнгра унинг устига асаб ҳужайралари тармоғини қўйишди. Кутилганидек, нейронлар вертикал устунчаларга жамланган бўлиб чиқди, аммо бундай устунчаларнинг кўпи бирорта ҳам қон томирига мос келмади. Тадқиқот муаллифларининг айтишича, қон томир тармоғининг топологияси нейронал устунчаларга боғлиқ эмас.

Бу кашфиёт фақатгина назарий аҳамиятга эга эмас, дея таъкидлашмоқда олимлар. Қон томирларининг асаб ҳужайралари билан алоқаси йўқлиги бўйича олинган хулоса шуниси билан аҳамиятлики, бирорта қон томирида ҳосил бўлган тромб энди осонликча таҳлил қилиниши мумкин ва бу таҳлил мия фаолиятининг ўткир ва сурункали бузилишларини тадқиқ этишда жуда асқотади. Масалан, ўткир бузилиш инсультни келтириб чиқарса, сурункали бузилиш деменция ёки хотира пасайишига олиб келади. Демак, хотира пасайиши асаб толаларига эмас, балки қон томирларига боғлиқ бўлган касалликдир.


Граффитиларга қарши кураш

Тунги безорилар ҳақида маълумотлар тўплаш мақсадида «Дрон» деб аталувчи жажжи вертолётларга инфрақизил камералар ўрнатиладиган бўлди.

Германиянинг Deutsche Bahn темирйўл компанияси тунда вагонларга граффитилар (беадаб ёзувлар) ёзиб қолдирадиганларга қарши курашиш учун митти вертолётчалардан фойдаланишга қарор қилди. Тунги безориларнинг хатти-ҳаракатлари дронларга ўрнатилган инфрақизил камералар ёрдамида тасвирга олинади ва олинган маълумотлар уларни жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Deutsche Bahn компанияси вакилининг таъкидлашича, ушбу кичик ҳажмдаги вертолётчалар тез кунларда баъзи бир деполарда синовдан ўтказилади. Бироқ бундай дронлардан фойдаланиш Германиянинг шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш тўғрисидаги қонунларига зид келиб қолиши масаласи ҳам кўндаланг бўлиб турибди.

Ҳар йили Deutsche Bahn граффитиларга қарши курашиш учун 7,6 миллион евро миқдорида ортиқча маблағ сарфлайди. Синовдан ўтказиладиган вертолётчалар атиги 60 минг евро туради ва улар ҳеч қандай шовқинсиз 150 метргача баландликда уча олади.


altМобиль ишсизлар

Ангела Меркель ёшларни ўз юртини ташлаб чиқиб кетиш ҳисобига бўлса ҳам иш қидириб топишга даъват этмоқда.

Германия канцлери Ангела Меркель ўзининг журналистларга берган интервьюсида евроҳудуддаги давлатларнинг 3,6 миллиондан зиёд ишсиз ёшлари ўзларига муносиб иш топишлари учун мобиль (кўчувчан) ва мослашувчан бўлиши лозим, дея таъкидлади. «Албатта, ёшларимиз емаган сомсасига пул тўлаши — адолатсизлик, аммо наилож бошқа чора қолмаганидан кейин баъзан кескин қарорлар қабул қилишга ҳам тўғри келади», дейди канцлер. Бир пайтлар Шарқий Германияда ишсизлик авж олган вақтларда кўплаб ёш немислар юртини ташлаб чиқиб бошқа мамлакатларга бориб иш топишга муваффақ бўлганликларини эсга олди Меркель.

Греция ва Испанияда ҳукм сураётган ишсизлик муаммоси ҳақида тўхталар экан Германия канцлери ушбу мамлакатларнинг олиб бораётган қатъий бюджет сиёсатини маъқуллади. Шарҳловчиларнинг «Бу давлатлардаги антигерман намойишларга қандай қарайсиз?» деган саволига Меркель хоним қуйидагича жавоб берди: «Бундай намойишлар фақат мана шу давлатлардагина эмас, балки Германиянинг ўзида ҳам бўлиб ўтмоқда. Сиёсатчи сифатида биз бу намойишларни нормал ҳолат деб қабул қилишимиз, намойишчиларга қарши эмас, мавжуд муаммоларга қарши чоралар кўришимиз лозим».


«Обод кўнгил — обод юрт» танловига

Болалар спорти

altСув полоси юлдузлари

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг шу йил 15 март куни бўлиб ўтган йиғилишида Юртбошимиз мамлакатимиз спортчилари сўнгги йилларда сув спорти турлари бўйича кўплаб халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётгани, энг қувонарлиси, ушбу спорт турида қизларимиз орасидан ҳам ёш чемпионлар етишиб чиқаётганлигини фахр билан тилга олдилар. Мисол учун, Малайзияда ўтказилган синхрон сузиш мусобақаларида спортчи қизларимиз 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритишди. Наманган вилоятининг ўсмирлар ва қизлар жамоалари эса ватерпол бўйича Малайзияда бўлиб ўтган халқаро беллашувда биринчи ўринни эгаллашди.

Дарҳақиқат, бугун бутун мамлакатимизда бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам болалар спортига катта эътибор қаратилмоқда. Бу ерда спортнинг бошқа турлари каби сув спорти, айниқса, ватерполга иштиёқманд ёшлар кўп.

Наманган шаҳрининг Давлатобод даҳасидаги 23-ихтисослаштирилган Болалар ва ўсмирлар олимпия захираси спорт мактабига яқинлашганингиздаёқ бу ер иқтидорли спортчилар маскани эканлигини пайқайсиз. Эшикдан кириб-чиқаётган ўғил-қизлар, ҳавзаларда давом этаётган ватерполчилар машқи, ҳакамнинг тез-тез чалинаётган ҳуштаги овози шундан далолат беради. Тренажёрлар зали ҳам ёш спортчилар билан гавжум. Улар мураббийлари раҳбарлигида жисмоний тайёргарлик даражасини оширмоқдалар. Қайта тетиклаштириш хонасида эса сузувчилар навбатдаги машқдан сўнг ҳордиқ чиқариб, яна куч тўпламоқдалар.

altБиз ҳикоя қилаётган мазкур спорт масканига қарийб ўн беш йилдан бери тажрибали мутахассис Равиль Вишняков раҳбарлик қилади. Ўзи кўп йил республикамизнинг турли ватерпол жамоаларида ўйнаган. Сув спорти турлари сирларини жуда яхши билади. Бу ерда ишлайдиган мураббийлар ҳам назария ва амалиётни пухта ўзлаштирган мутахассислардир. Шунинг учун ҳам наманганлик спортчилар мамлакат биринчиликларида, халқаро мусобақаларда, қитъа ва ҳатто жаҳон чемпионатларида ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилмоқдалар.

— Мактабимизда юқори малакали спортчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш учун барча шарт-шароитлар яратилган, — дейди Равиль Шамильевич. — Айниқса, 2011 йилда Болалар спорти жамғармаси маблағлари ҳисобидан реконструкция ишларининг амалга оширилиши имкониятларимизни оширди. Эндиликда мавжуд сув ҳавзаларида халқаро мусобақалар, жумладан қитъа биринчиликларини ўтказиш мумкин. Албатта, бундай катта эътибор ва ғамхўрлик жамоамизни руҳлантириб, янада яхшироқ ишлашга, юқори малакали спортчилар камол топиши учун бутун билим ва маҳоратларини, куч-ғайратларини сафарбар этишга даъват қилмоқда. 67 нафар спортчимизнинг ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасидаги мамлакат терма жамоалари сафидан ўрин олганлиги устозларни ҳам, ёш спортчиларни ҳам ғурурлантирмоқда.

Айниқса, ватерпол бўйича мураббийлар — Альберт Шамсиддинов ва Анастасия Сковлинанинг шогирдлари қўлга киритаётган юқори натижалар диққатга сазовордир. Фикримизни исботлаш учун мисолларга мурожаат этамиз. Ўтган йилнинг 3-10 декабрь кунлари мактаб тарбияланувчилари — 1996 йилда туғилган ёшлар ва қизлардан таркиб топган Наманган шаҳри жамоаси Малайзия очиқ чемпионатида қатнашиб қайтди.

Шуни айтиш лозимки, ҳамюртларимиз ўзларининг маҳоратлари, пухта жисмоний, техник ва тактик тайёргарликларини намойиш этиб, мутахассисларни ҳам, мухлисларни ҳам лол қолдирдилар. Мусобақаларда мезбонларнинг Мелака, Паханг, Куала-Лумпур каби шаҳарларининг шарафини ҳимоя қилган олти жамоа қатнашди. Наманганлик ватерполчи йигитлар ва қизлар барча рақибларини мағлубиятга учратиб, биринчи ўринни эгалладилар. Мазкур муваффақиятга Ҳумоюн Қодиров, Илёсбек Саримсоқов, Марлен Нурсаидов, Беҳзод Мирхолиқов, Дилхумор Мансурова, Моҳинур Аҳмаджонова, Зарина Жамолиддинова, Ҳуринисо Қаҳҳорова каби спортчиларимиз катта ҳисса қўшдилар.

Ватерполчилар ҳузурида бўлганимизда ёш спортчиларнинг сув полоси ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик. Суҳбатни мураббий Альберт Шамсиддинов бошлаб берди.

— Болалар спорти соҳасида ишлаётганимга йигирма йилдан ошди, — дейди у. — Ростини айтсам, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида ҳам спорт мамлакатимизда шу даражада тараққий этишини тасаввур эта олмагандим. Президентимиз раҳбарлигидаги амалга оширилаётган изчил сиёсат туфайли нисбатан қисқа муддатда жуда катта силжишга эришилди. Менимча, бунда болалар спортини ривожлантириш, унинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш ва мусобақаларнинг мукаммал тизими жорий этилганлиги ҳал қилувчи омиллардан бўлди. Энди йигит-қизларимиз қитъа ва жаҳон спорт майдонларида эришаётган юқори натижаларга келсак, бу сиёсий жиҳатдан жуда катта аҳамиятга эга эканлигини унутмаслик керак. Айниқса, мустақиллик қўлга киритилгандан кейин халқимизнинг барча соҳалардаги салоҳияти ва имкониятларини юзага чиқариш муҳим эди ва ҳаммаси биз тўғри йўлдан бораётганлигимизни кўрсатиб турибди. Эндиликда спортнинг оммавийлиги таъминлангани аста-секин юқори малакали спортчилар тайёрлашга шарт-шароит яратмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, яқин ўтмишни ёдга оладиган бўлсак, спорт билан шуғулланувчилар орасида маҳаллий миллат ёшлари кам бўларди...

Ёш спортчилар билан суҳбатда бевосита сув полосининг тарихи, қоидалари, ўзига хос томонлари ҳақида маълумотлар ҳам олдик. Юзаки қараганда оддий кўрингани билан ХlХ аср охирларида Буюк Британияда таомилга киритилган бу ўйиннинг мураккаб томонлари кўп экан. Биринчи навбатда, у спортчилардан кучли жисмоний тайёргарликни талаб этади.

— Ҳар сонияда ўзгариб турадиган вазиятни ўз вақтида тўғри баҳолаш ҳам муҳим аҳамиятга эга, — деб ҳикоя қилади Беҳзод Мирхолиқов. — Ўйин соф вақти саккиз дақиқали тўрт бўлимдан иборат. Жамоа таркиби дарвозабон билан бирга етти киши бўлади. Жамоалар тўпни қўлга киритгач, уни ўттиз сония ўзларида ушлаб туришлари ва дарвоза томонга зарба беришлари мумкин.

Ҳикояни Моҳинур Аҳмаджонова давом эттирди. Унинг айтишича, сув полосида ўйинчилар тўпни фақат бир қўлда ушлашларига рухсат этилади. Дарвозабон бундан мустасно холос. Сузганда тўпни сув устида суриб бориш лозим. Фақат тўпни тасарруф қилаётган ўйинчигина ҳужум қилиш мумкин. Бошқаларни ушлаш, тортиш ёки чўктиришга уриниш тақиқланади. Қўпол хатога йўл қўйган ватерполчи йигирма секундга ёхуд рақиб ҳужуми тугагунга қадар ҳавзадан чиқариб юборилади...

Мураккаб ўйин ҳисобланган сув полосини мана шу ўспирин йигит-қизлар пухта ўзлаштириб, нафақат мамлакатимизда, балки халқаро мусобақаларда ҳам ўзларини кўрсатаётганликларига, Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилаётганликларига тан бермай илож йўқ.

Дарвоқе, яқинда Наманган шаҳрида ёшлар ўртасида республика очиқ биринчилиги бўлиб ўтди. Унда қатор хорижий давлатлар вакиллари иштирок этдилар. Наманганлик ватерполчилар ёмон қатнашмадилар. Йигитлар иккинчи, қизлар учинчи ўринни эгалладилар.        

Бугунги кунда Наманган ватерпол мактаби шон-шуҳратини ошираётганлардан бири — Зиёда Тешабоева шаҳардаги олимпия заҳиралари спорт коллежида ўқийди. Ўтган йил охирида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Австралияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчилигида иштирок этиб қайтди.

— Мен оддий ўзбек оиласида туғилиб ўсдим ва спорт билан дўстлашганим туфайли турли мамлакатларга сафарлар қилдим, — дейди у. — Давлатимиз, шахсан Юртбошимизнинг халқимизнинг жисмоний ва маънавий камолоти ҳақидаги беқиёс ғамхўрликлари биз ёшларда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотмоқда. Энг муҳими, ўзимизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимизга, орамизда юксак истеъдод эгалари ниҳоятда кўплигига ишонч ҳосил қилмоқдамиз. Спорт мамлакатда оммалашаётганлигининг энг аҳамиятли натижаларидан бири шу бўлса керак.      

Биз бу масканда сув спортининг бошқа турлари ҳам ривож топаётганлигига гувоҳ бўлдик. 360 нафар болалар 24 гуруҳда машғулотларда қатнашмоқда. Ватерполдан ташқари синхрон сузиш, сувга сакраш, эшкак эшиш билан шуғулланаётганлар ҳам талайгина. Улар ҳам йилдан-йилга мусобақаларда тобора юқори натижаларга эришмоқдалар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби


Мутасаддилар диққатига!

Ҳаракат хавфсизлигига барчамиз масъулмиз, аммо...

altАвтомобиль ва ундан фойдаланувчилар сони кўпайиб бораётгани ҳам мамлакатимиз фаровонлиги, хонадонларимиз ободлигининг муҳим белгиларидан бири десак, муболаға бўлмайди. Бугун юртимиздаги ҳар 3 та хонадондан бири шахсий автомобилига эга. Бу, ўз навбатида, йўлларда ҳаракатланаётган автомобилларнинг кўпайиши йўл ҳаракати билан боғлиқ чора-тадбирларни янада кучайтиришни тақозо этади.

Маълумки, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш автомобиль ҳайдовчилари ва йўловчиларга боғлиқ ҳолат. Лекин афсуски, кўп ҳолларда қоидаларга амал қилмаган айрим пиёда ва ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ ҳодисалар учраб турибди.

Тўғри, сабабсиз воқелик бўлмайди. Бироқ бу борада, энг аввало, автоулов эгаларининг ҳайдовчилик маданияти биринчи ўринда туради. Рўй бераётган турли йўл-транспорт ҳодисалари ва улар оқибатида фуқароларнинг жабрланганлик ҳолатлари бунга шоҳидлик беради. Ушбу ноҳуш воқеаларнинг сабаби йўл ҳаракатидаги қоидабузарликлардир. Жумладан, белгиланган тезликни ошириш, светофорнинг қизил ишорасига амал қилмаслик, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, транспорт воситаларининг техник носозлиги, йўлларнинг қатнов қисмидаги лоқайдлик, эътиборсизлик, ҳайдовчиларнинг хавфсизлик тасмаларидан фойдаланмасликлари, транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан ва мониторлардан фойдаланиш, махсус йўл белгиларига амал қилмаслик ва бошқалар.

Бунга бир мисол. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги «Байналмилал» кўчаси, 2-Чархкомолон маҳалласи ҳудуди йўл бўйида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди, туман Мудофаа ишлари бўлими, 128-умумтаълим мактаби, 22-сонли Меҳрибонлик уйи жойлашган. Табиийки, бу ерда пиёдалар қатнови кўп. Одамлар эса автоулов рулини тутган айрим йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳайдовчилик маданияти йўқлигидан азият чекмоқда десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

Икки томонлама серқатнов, тор йўлни пиёдалар кесиб ўтиши учун махсус белгилар бўлишига қарамай, аксарият ҳайдовчилар мавжуд ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилмайдилар. Пиёдалар ўтиш йўлагидаги йўловчиларни ўтказиб юбориш у ёқда турсин, ҳатто тезликни пасайтирмасдан, ғизиллаб ўтиб кетишади.

— Йўл қоидаси — умр фойдаси иборасига амал қилган ҳайдовчилар нафақат ўзлари, балки пиёдаларнинг ҳам хавфсизлигини таъминлаган бўлишади, — дейди 2-Чархкомолон маҳалла раисининг Диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Васила Нуриддинова. — Афсуски, бу иборага амал қилмаган бир ҳайдовчининг айби билан ўтган йили айнан шу ерда 128-умумтаълим мактаби ўқувчиси автоҳалокатга учради. Ундан олдин эса бир ўсмир йигит ҳаётдан кўз юмган эди. Пиёдалар учун йўл белгилари ўрнига светофор ўрнатиш бўйича маҳалла фаоллари бир неча бор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишганди. Аммо унга яқин бўлган чорраҳада светофор борлиги сабабли рад этилди. Шундай бўлса-да, пиёдалар ўтиш жойи — йўлнинг транспорт қатнови қисмини пиёдалар кесиб ўтиши учун мўлжалланган чизиқлар тез-тез янгиланиб турилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ваҳоланки, бу чизиқлар яқин орада янгиланмагани боис, кўринмайдиган ҳолатга келиб қолган.

— Ўқувчиларимиз айни вақтда таътилда, — дейди 128-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Дилдора Мирсагатова. — Ҳали-замон ўқиш бошланади. Мазкур ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари тез-тез рейдлар ўтказиб туришса, ана шундай қоидабузар ҳайдовчиларни жазолашса, тартибга солинармиди.

— Пиёдалар ўтиш учун мўлжалланган ушбу йўлнинг транспорт қатнови қисмидан деярли ҳар куни ўтаман, — дейди Ойбек Тожибоев. — Автомобиллар қатновининг тезлигидан одамлар тўпланиб қолишади. Ҳайдовчиларнинг пиёдалар ўтиши учун қўйилган махсус белгига амал қилмасликлари етмагандай, «кўзинг борми...» деб ўшқиришлари одамнинг ғашини ҳам келтиради. Ахир улар ҳайдовчилик гувоҳномасини йўлдан топиб олишмаган ёки ўзлари ясашмагандир. Уни ҳам тегишли мутасаддилар ўрнатилган тартиб-қоида орқали беришаяпти-ку. Демак, тарғибот тадбирларини янада кучайтириш керак.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинаётган бир шароитда ҳаракат хавфсизлигига барчамиз масъулмиз. Шундай бўлса-да, юқоридаги ҳолатга тегишли мутасадди идоралар алоҳида эътибор қаратишса, фойдадан ҳоли бўлмасди.

Фарҳод ЭСОНОВ


Ҳаракат хавфсизлигиalt

Мастлик жиноятга етаклади

...Кеч соат 23.30 ларда Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг «Уч қаҳрамон» савдо мажмуаси олдида оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. 1977 йилда туғилган ҳайдовчи Маъдиёр Дониёров давлат рақам белгиси 01 W 552 КА бўлган «Эпика» русумли транспорт воситасини бошқараётиб, ушбу фалокатга сабабчи бўлди.

Вақтнинг алламаҳал бўлиб қолганлиги, асосийси, мастлик ўз ишини қилди. Маъдиёр автомобилни катта тезликда бошқариб келаётиб, ҳушёрликни йўқотди. Оқибатда, светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган «ВАЗ-2101» русумли, давлат рақам белгиси 01 К 130 LA бўлган автомобилнинг орқа томонидан уриб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этди.

«ВАЗ-2101» автомобилини бошқараётган Абдусамад Қодиров ўз оила аъзолари билан биргаликда хотиржам уйи томон кетаётган эди. Автомобилда унинг ўзидан ташқари яна беш нафар оила аъзолари бўлиб, уларнинг тўрт нафари болалари эди.

Ҳайдовчи ва йўловчиларнинг барчаси шошилинч равишда шифохонага жўнатилди. Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг шифокорлари бегуноҳ жабрдийдаларнинг ҳаётини асраш учун кураш бошладилар. Бош мия ёпиқ жароҳати, бош асос суягининг синиши ташхиси билан шифохонага келтирилган 1997 йилда туғилган Нафосат Маликова соат 01.50 ларда ёруғ дунёни тарк этди.

2008 йилда туғилган Аҳмаджоннинг юраги тонг маҳал уришдан тўхтади. Икки фарзандидан жудо бўлган жабрдийда ота эртаси куни вафот этди.

Маст ҳолда машина бошқаришни тақиқловчи қоидани, демакки, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларини писанд қилмай қимматбаҳо «Эпика»си рулига ўтирган Дониёр ҳам шифохонага тушди. Врачлар унинг ҳам жароҳатларини даволашди. Майли, тан жароҳатлари-ку, бир кун келиб тузалиб кетар, аммо... Одамга бир ўй тинчлик бермайди. Ушбу мудҳиш фалокат туфайли жабрдийдалар қалбига етказилган жароҳатлар битармикин? Дониёрнинг ўзи-чи, унинг виждони-чи? Унинг транспорт бошқаришини била туриб спиртли ичимлик қуйиб узатганлар, у билан бир дастурхон атрофида шакаргуфторлик қилганларнинг виждони қийналармикин?

Ҳар тонг остона ҳатлаб кўчага чиқар экан, ҳар бир инсон энг аввало, ишида барака бўлишини, қолаверса, соғ-саломат уйига, оиласи, жондан азиз фарзандлари даврасига қайтишни ният қилади. Бу нарса, айниқса, транспорт воситасини бошқарадиган ҳайдовчиларнинг кундалик ниятлари десак, асло муболаға бўлмайди. Лекин минг афсуслар бўлсинким, фақат ниятнинг ўзи билангина мақсадга эришиб бўлмас экан. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг кундалик маълумотларига назар ташлайдиган бўлсак, республикамиз автомобиль йўлларида аниқланаётган қоидабузарликлар ичида транспорт воситасини спиртли ичимликдан маст бўлган ҳолда бошқариб, йўл-патруль хизмати инспекторларига рўпара бўлаётганлар ҳам учрамоқда. Уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли жазо чоралари кўрилаяпти. Бироқ бугун уларга қарши янада кескин курашмасак, муаммо ечимига жамоатчилик эътиборини қаратмасак, маҳалла фаолларининг, маҳалла оқсоқолларининг масъулиятини оширмасак, улар сони бундан-да кўпаймаслигига ким кафолат беради?!

Шу боис, энг аввало, ўзимизнинг хавфсизлигимиз учун жорий қилинган йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз бўйсунмоғимиз лозим. Зеро, биз энг олий мавжудот, ҳазрати инсонмиз ва доимо шу номга лойиқ иш қилмоғимиз даркор.

Мансуржон РИХСИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ катта инспектори, подполковник


Божхона бекати

Иззатини билмаган «меҳмонлар»

Мамлакатимизда жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валюталарни олиб кириш ва олиб чиқиш тартибларини белгиловчи барча ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган. Уларга кўра, хорижий фуқаролар Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этган «Т-6» шаклидаги божхона баённомасида қайд этилган миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқишларига рухсат этилади.

Шунга қарамасдан амалдаги тартибларни қўпол равишда бузиб, нақд хорижий валюталарни ноқонуний равишда олиб чиқишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Яқинда «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комлпекси ходимлари томонидан шу турдаги бир нечта қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинди.

Дубайга йўл олган Баҳрайн Қироллиги фуқароси И.Ҳасан ўзи ташриф буюрган давлатнинг қонун-қоидаларини менсимаслиги оқибатида, 2300 АҚШ доллари билан хайрлашишига тўғри келди. Чунки, у ҳамёнига бекитилган ушбу валюталарни божхона баённомасида кўрсатишни гўёки «унутиб» қўйибди.

Польшалик П.Томашнинг эса бекитиб олиб ўтишга уринган салкам 3,5 минг АҚШ долларини Россия Федерацияси пойтахтида қай тарзда сарфлаш бўйича ширин хаёллари ҳам қинғир қилмиши оқибатида чиппакка чиқди.

«Амалдаги тартибларни билмасдим» дейишга айниқса, россиялик фуқаролар — М.Арзамасцева, С.Комлев ва Э.Курмаеваларнинг ҳақлари йўқ, назаримизда. Чунки, уларнинг она тилида ёзилган батафсил эслатмалар божхона баённомасини тўлдириш устунларига илиб қўйилганига қарамасдан, Хабаровскка учаётган М.Арзамасцева 3 минг АҚШ доллари, Екатеринбургга парвози олдидан С.Комлев 3,5 минг АҚШ долларидан ортиқ ҳамда Москвага учишга шайланган Э.Курмаева салкам 4,5 минг АҚШ долларини оғзаки сўровлар пайтида ҳамда божхона баённомасида маълум қилмасдан туриб, олиб ўтишга уринишган пайтда тўхтатиб қолинди.

«Тошкент-Сеул» рейси билан учиб кетаётган хитойлик Ч.Цзяньмин, шунингдек, унинг Пекинга йўл олган юртдоши Х.Гуанюларнинг ҳар бирининг 1700 АҚШ долларини яширинча олиб ўтишга уринишлари божхоначилар қаршисида ер чизиб қолиш билан якунига етди.

Хитойдан ташриф буюрган «меҳмон» Т.Чжанг эса, 2700 АҚШ долларини яширинча олиб чиқишга уриниши сабабли, Урумчига парвозини кечиктиришга тўғри келди.

Пекинга йўл олган яна бир хитойлик — Хуан Синься таваккалчиликда юқоридаги юртдошларидан ўзиб кетди. У 6300 АҚШ долларини ноқонуний равишда, бемалол олиб чиқиб кета оламан деб, оқибатда қаттиқ янглишди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2013 йилнинг ўтган даври мобайнида «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 142 та қонунбузарлик ҳолатларида 620 млн. сўмдан ортиқ эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

«ТОШКЕНТ-АЭРО» ИБК ахборот хизмати


Тиббиётда инновация

altБола кулсин дунёда

Бола кулгуси билан гўзалдир дунё. Унинг биргина табассуми ота-оналарнинг мушкулини енгил қилгандек бўлади гўё. Болажон халқимиз дунёга келажак боланинг тўрт мучаси соғ, эсли-ҳушли туғилишини ният қилишида ҳикмат кўп.

Надоматлар бўлсинки, орамизда боласининг табассумидан баҳраманд бўла олмайдиган ота-оналар ҳам учрайди. Сабаби фарзанди халқимизда бўританглай, қуёноғиз деб аталувчи юз, лаб, бурун ёриғи сингари туғма касалликларга дучор бўлган. Бундай беморларга махсус муолажа ва муомила талаб этилади.

Мамлакатимизда соғлом авлодни шакллантиришда, болаларда учрайдиган касалликларни даволаш, уларнинг олдини олишда Тошкент Педиатрия Тиббиёт институти ва институт қошидаги клиниканинг ўрни беқиёс. Хусусан, юқорида номи тилга олинган туғма касалликларни даволаш, уларга тегишли муолажаларни амалга оширишда клиникадаги Пластик хирургия бўлимининг хизмати катта.

Шу кунларда бўлимнинг малакали профессор-шифокорлари Кореянинг Ёнсе университетидан келган ҳамкасблари билан ҳамкорликда 37 нафар турли даражадаги нуқсонга эга болаларни операция қилиш билан банд. Улар сирасига нафақат туғма ёриқ касалликка учраган, балки куйишдан талофат кўрган беморлар ҳам ўрин олган.

— Яқинда «Сен ёлғиз эмассан» Жамоат фонди ташаббуси билан Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ҳиндистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда «Болаларга табассум» акцияси остида 61 нафар лаб ёриғига эга болаларда операция ўтказдик, — дейди бўлим бошлиғи, профессор Мурод Жаъфаров. — Операциялар энг янги инновацион технологиялар ёрдамида амалга оширилмоқда.

alt— Фарзандимни вилоятимиздаги шифокорларга кўрсатгани олиб борганимда, ушбу клиникага Кореядан мутахассислар келишаётганини ва операция ўтказилишини айтишганди — дейди операциядан муваффаққиятли чиққан, Фарғона вилояти, Қува туманидан келган Абдукаримов Қудратилланинг онаси Шоҳида Турғунова. — Шифокорлар кўригидан ўтказилган ўғлим шу куниёқ операция қилинди ва натижадан жуда ҳам хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, барча шифокорларга миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Шифокор билан суҳбат қурар эканмиз, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш тарафдори эканлиги ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда ўз иштирокини янада кучайтиришга ҳисса қўшиш истаги борлигини, шу боис пластик хирургия соҳасида учраётган қандай муаммо ва камчиликлар борлиги билан қизиқдик.

— Гап шундаки, пластик хирургия нафақат бизнинг мамлакатда, балки Марказий Осиё мамлакатларида янги тиббий тармоқ ҳисобланади. — дейди шифокор биз билан суҳбатда. — Тор доирадаги тиббий муассасалар, ихтисослаштирилган марказлар ташкил этилаётган бир пайтда республикамиздаги тиббий олийгоҳларда пластик хирургияга оид алоҳида факультет ёки кафедра ташкиллаштирилиши давр талаби, деб ҳисоблаймиз. Сабаби, бу соҳада малакали шифокорлар етишмаяпти. Беморлар сони эса кўпчиликни ташкил қилади. Бундан ташқари, гемонгиома деб аталувчи касалликни халқона тилда айтганда тиғ теккизмасдан даволаш имкониятини берувчи махсус лазерли ускуна олиб келиниши беморларга ҳам, шифокорларга ҳам бирмунча қулайлик туғдирар эди.

Юртимизда тиббиёт соҳасининг тараққий этишига, аҳоли саломатлиги муҳофазасига хизмат қилувчи кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда мутахассисларимизнинг хориж шифокорлари билан ўзаро тажриба алмашишлари эса тиббиётимизнинг янада ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Саодат ЖАББОРОВА,

«Adolat» мухбири

Mulohazalar

Mulohazalar: 0 | Sahifa: 0



Mulohaza qoldirish

Ism *:
Kod *:
Фотогалерея
www.adolatgzt.uz
28-сон28-сон
Барча сонлар

Газетага обуна бўлинг.
"Адолат" газетаси обуна индекси - "100"

Об - ҳаво
ВИДЕОРОЛИКЛАР

Видеороликлар


ПАРТИЯГА АЪЗО БЎЛИШ УЧУН

• 18 ёшга тўлган бўлиш

• Партиянинг Устав ва Дастурини тан олиш

• Партия Дастурида белгиланган тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этиш хоҳиши

• Аъзоликка қабул қилинишни сўраб ариза ёзиш

Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлиш ихтиёрийдир. Агар сизда бунга хоҳиш бўлса, ўзингиз яшаётган ҳудуддаги партия Кенгашига мурожаат қилишингиз мумкин.

Партия Кенгаши манзили, ишонч телефонлари, аъзоларни қабул қилишга масъул шахсни топиш ва саволларингиз учун:

(8 371) 288-46-64

Партия аъзосининг ҳуқуқлари

Партия аъзосининг мажбуриятлари

alt Аризанинг электрон варианти

ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАРИНГИЗ
Мехринисо Каримова
Ассалому-алайкум хурматли ва қимматли Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси аъзолари, қа...
Нигора Рўзиева
Азиз партиядош ҳамкасблар! Сизларни 27 - июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари к...
Ижтимоий Ҳамкорларимиз
ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТХОНА
CЎРАНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ?

– Бошланғич партия ташкилоти партиянинг негизи ҳисобланади. Камида уч нафар партия аъзоси бўлган тақдирда БПТ тегишли туман, шаҳар партия кенгашлари томонидан рўйхатга олинади.

Дунё парламентларида
Жан-Клод Юнкер Еврокомиссиянинг янги раҳбари

Шу йилнинг 15-июль куни Европарламент депутатлари Страсбургда бўлиб ўтган пленум сессиясида Еврокомиссиянинг янги раҳбарини сайлашди. Тўпланган 400 дан ортиқ овоз натижаларига кўра, Люксембургнинг собиқ бош вазири Жан-Клод Юнкер эндиликда Еврокомиссиянинг раҳбари бўлди.

У овоз бериш жараёнларидан олдин ўзининг “Европа учун янги босқич: бандлик бўйича менинг янги таклифим, иқтисодий ўсиш, демократик ислоҳотлар ва ўзгартиришлар” номли дастури билан чиққан эди. Юникернинг мазкур дастури Европанинг тараққиётини кучайтиришга, ҳусусан, ташқи сиёсатга йўналтирилди.

    Жан-Клод Юнкер:

   – Бизга шошилинч равишда ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати соҳаларининг ўзаро ҳамкорлиги зарур. Қолаверса, ташқи дунё олдида олий раҳбар орқали ягона вакилликка эга бўлишимиз лозим.

Шунингдек янги раҳбар яна бир қанча лойиҳалар ҳамда олдинда турган мақсад ва вазифалар борасида ҳам атрофлича тўхталди.

 

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!!!

“КУЧ – АДОЛАТДА”

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши  партия дастурий ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб қилиш, партиялар фаолиятини ёритишга янгича ёндашувларни шакллантириш, партия фаолиятининг энг яхши тарғиботчиларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик кунининг 23 йиллигига бағишлаб ОАВ ходимлари ўртасида “КУЧ – АДОЛАТДА” танловини эълон қилади.

Танловга 2014 йил январь ойидан 1 октябргача бўлган даврда газета ва журналларда чоп этилган, радио орқали эфирга узатилган ҳамда телевидениеда кўрсатилган ва интернет нашрларида берилган материаллар қабул қилинади.

Танловда мамлакатимиздаги барча ОАВда фаолият кўрсатаётган маҳаллий журналистлар, ОАВнинг вакиллари якка тартибда иштирок этишлари мумкин.

Танлов шартлари:

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгиланган вазифаларнинг партия томонидан ижросини ёритиш; бошланғич партия ташкилотларидан репортажлар, “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” фаолияти ҳамда партия Сайловолди дастури йўналишларини ёритиш; газета-журнал, интернет сайтларида чоп этилган, ТВ ва радио эфирга узатилган  танқид ва партиялараро рақобат руҳидаги таҳлилий мақолалар ва кўрсатув ҳамда эшиттиришлар; барча даражадаги депутатлар ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини ёритувчи мақолалар, депутатлар билан интервьюлар, кўрсатув ва эшиттиришлар.

Танловга теле-, радио-, босма материаллар ҳамда интернет нашрларида эълон қилинган ишлар (3 тадан кам бўлмаган холда) 2014 йилнинг 5 октябригача тақдим этилиши шарт.

Материаллар “КУЧ – АДОЛАТДА” танловига деб кўрсатилган ҳолда қуйидаги манзилга юборилиши лозим:

100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги, 23-уй.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати.

Телефонлар: 288-46-64; 288-42-08 (111). Эл.почта: info@adolat.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
PRESS-SERVICE.UZ
Ўзбекистон Республикаси Давлат хокимияти портали
GOV.UZ
Олий Мажлис Конунчилик палатаси
PARLIAMENT.GOV.UZ
Олий Мажлис Сенати
SENAT.GOV.UZ
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти
NIMFOGO.UZ