82 нафар аёл ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди

07.09.2020 16:09:26

Истиқлолнинг   29 йиллиги давомида мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш борасида бирмунча ишлар амалга оширилди.   Жамиятнинг асоси ва  халқаси бўлмиш оилада  аёлнинг ўрни ва роли ортди.  Аёлга муносабат - миллат, давлат, эртанги кун ва келажак авлодга бўлган эътибор  кучайди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга   йўллаган  Мурожаатномасида, хотин-қизлар таълимига, билим олиши ва касб эгаллашига катта эътибор қаратиш шартлиги белгиланган. Шу нуқтаи назардан, аёлларнинг барча йўналишдаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни олий таълимга янада кўпроқ қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Шунингдек, давлатимиз раҳбари  томонидан пандемия  даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли  қатламларини  моддий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.  Кўрилаётган  бу чора-тадбирлар   туфайли хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Натижада кўпгина оилаларда барқарор даромад  манбаи яратилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам хотин-қизлар ва ёшлар муаммоларини бартараф этиш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида бир қатор устувор  вазифалар белгиланган. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда партиянинг  Қашқадарё вилоят Кенгаши  “Аёллар қаноти”  томонидан ҳам кейинги йилларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича анчагина ишлар амалга оширилди. Айни пайтда Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгашида  38386 нафар аъзолар уюшган бўлса, шуларнинг  17504 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Халқ депутатлари  вилоят Кенгашига  4 нафар,  туман ва шаҳар Кенгашларига  эса бугунги кунда партиямиздан сайланган 18 нафар хотин-қизлар фаолият олиб бормоқда. Партия Сиёсий Кенгаши  ташаббуси билан хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятда уларнинг ролини  кучайтириш, энг фаол, ташаббускор аёлларни аниқлаш мақсадида ҳар йили “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” Республика кўрик танлови мунтазам равишда ўтказиб келиняпти. Шунга монанд оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ёш оилаларнинг  ажралишларини олдини олиш, келинларга адолатли муносабатда бўлиш борасида ибрат кўрсатаётган  қайноналарни  аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида  туман, шаҳар, вилоятимиз  миқёсида “Адолатли қайнона”  кўрик-танлови ҳам ҳар йили зўр кўтаринкилик билан  ўтказиб келинмоқда.        

Дарвоқе, бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан вилоят маданият ва тарихи давлат музейи тадбиргоҳида уюштирилган “Аёллар қаноти” нинг 4 ҳисобот-сайлов конференциясида ҳам айнан шу каби  масалалар тилга олиб ўтилди.

Тадбирда  фаоллар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Анжуманда партия Сайловолди дастурида белгиланганидек, инсон ҳуқуқлари жамиятнинг юксак қадриятлари эканлиги, қонун устуворлиги, ҳамма учун ижтимоий адолат мезонларини таъминлаш “Адолатчилар”нинг бош мақсади эканлиги эътироф этилди.

-  Мамлакатимизда  ёшлар ва хотин-қизлар  бандлиги  давлат сиёсати даражасига кўтарилган,-деди тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилган партия вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов.- Бу эса қабул қилинаётган қонунлар, Президент Фармон, қарорларида ҳам ўз аксини топмоқда.

-Жорий йилнинг 14 июль куни муҳтарам юртбошимиз томонидан  уюштирилган видеоселектор йиғилишида ҳам  ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди,-деди анжуманда вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” етакчиси  Азима Зайнуддинова.-   Карантин шароитида ва ундан кейин ҳам партиямиз фаоллари  эҳтиёжманд оилаларни  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, даромад билан таъминлаш борасида кенг қамровли ишларни амалга ошириб келишмоқда. Шу мақсадда партиямизнинг “Бир ойда бир иш  ўрни” лойиҳаси доирасида биргина шу йилнинг ўзида 82 нафар хотин-қиз ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди.    

Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда  хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятимизда хотин-қизлар бандлигини самарали таъминлаш мақсадида нодавлат таълим муассасаларида ўқув курслари ташкил этилган бўлиб, курсларга жалб этилаётган аёллар косметология, кичик ҳамширалик, сартарошлик, қандолатчилик, пазандачиликдан бирламчи сабоқларни  олишаётир. Ҳозиргача ўқув курсларига 2251 нафар уйда ўтирган хотин-қизлар қамраб олинди. Ўнлаб аёлларимиз эса  касб-ҳунар  ўрганиб, хизмат кўрсатиш объектларида  ўз ишларини аллақачон  бошлаб юборишди. Шу йўналишда  фаолият  юритишни истаган аёллар учун эса мутасаддилар иштирокида  амалий семинарлар  ташкил этиб боряпмиз.

Таъсирчан ва танқидий руҳда ўтган Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши қошидаги “Аёллар қаноти”нинг  4-ҳисобот конференциясида  сиёсий кучнинг  5 йиллик иш фаолияти таҳлил этилди. Ҳисоботда айтиб ўтилган камчиликлар, ютуқлар ва келгусида бажарилиши керак бўлган ишлар юзасидан галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Дарҳақиқат, бугун ҳар бир аёл пассив кузатучи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг, ислоҳотларнинг  фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлиши лозим.                                                                     

Гулноза РАДЖАБОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

Кенгаши раиси ўринбосари  

                                              

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+