Фаол аёллар партия танилувчанлигини таъминлайди

23.09.2020 17:09:20

 

Бугунги жамиятнинг фаол қатлами бўлмиш аёллар «Адолат» социал-демократик партияси фаолиятида ҳам ўз ўринларига эга бўлишмоқда. Хусусан, Аёллар қаноти таркибида ўз ташаббуси билан ажралиб турувчи фаол аёллар туфайли партиянинг хотин-қизлар орасидаги танилувчанлиги ортиб бормоқда.

Яқинда Шайхонтоҳур туман Аёллар қанотида ўтказилган онлайн конференцияда ҳам айнан ўтган йилларда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари тингланди. Унда туман Аёллар қаноти Кенгаши фаоллари, партиянинг шаҳар ва туманларидан вакиллар иштирок этишди. Асосий масала партия лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар ҳолати ва уларнинг бажарилиши хусусида борди.

Бугунги кунда Шайхонтоҳур туманида 2000 дан ортиқ партия аъзоси мавжуд бўлиб, уларнинг 43 фоизини аёллар ташкил этади. Ўз навбатида ушбу аёллар «Саломатлик йўлида бирлашайлик», «Тозалик йўлида бирлашайлик», «Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори», «Адолат – қонун устуворлигида» каби партиянинг ўнлаб халқчил лойиҳаларини амалий ҳаётга кенг татбиқ этишда жонбозлик кўрсатди. Шунингдек, ушбу лойиҳалар асосида кўплаб тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Аёллар қанотининг саъй-ҳаракатлари туфайли «Энг тоза хонадон», «Энг тоза кўча», «Энг обод маҳалла» кўрик-танловлари ташкил этилиб, ғолиб номинациялар аниқланди. «Адолат – қонун устуворлигида» лойиҳаси доирасида эса маҳаллалардаги турли муаммоларнинг олди олинди ва бартараф этилди. Жумладан, хотин-қизларнинг ажримлари, саломатлигини тиклаш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, ҳунар ўргатиш каби ишларда кўмак берилиб, уларнинг бир қатор касблар эгаси бўлишига эришилди.

Аёллар қаноти таркибида ўтган йилги парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда ўз номзодини қўйиб, фаол иштирок этган аёллар ҳам мавжуд. Феруза Абдуллаева Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, Дилдора Исломова, Наргиза Умаровалар Халқ депутатлари Шайҳонтоҳур туман Кенгашига номзод этиб кўрсатилган эди. Шулардан Дилдора Исломова номзоди депутатликка сайланиб, бугунги кунда ўзининг фаолиятини фаол олиб бормоқда.

Конференция давомида ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра Кенгашнинг таркиби янгиланиб, ундаги аъзолар сони 7 та бўлиши белгиланди. Амалда Аёллар қаноти раиси бўлган М.Иноғомованинг фаолияти Кенгаш иштирокчилари томонидан ижобий баҳоланган ҳолда ўз хоҳишига кўра раисликни топширишни ихтиёр этди. Кенгашнинг янги Аёллар қаноти раислигига эса «Архитектор» БПТ раиси Ф.Абдуллаева номзоди кўрсатилди ва бир овоздан маъқулланди. Ўринбосар эса Н. Умарова этиб сайланди.

Конференция якунида янги таркибдаги Шайхонтоҳур туман Аёллар қаноти ўтган йиллардаги камчилик ва хатоларга йўл қўймаслик учун ўз олдига партия дастуридан келиб чиқиб, бир қатор муҳим вазифаларни белгилаб олди.

Партия Тошкент шаҳар Кенгашининг бошқа туманлар Аёллар қанотларида ҳам шу зайлда конференциялар бўлиб ўтди.

Хумора ГУЛМИРЗАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+