Ҳар бир аёлга гул

23.07.2019 12:07:48

Баҳор нафаси билан кириб келган муборак айём – 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами Андижонда ўзгача бошланди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши ташаббуси билан ўтказилган байрам тадбирига партиямиз сафидаги фаол хотин-қизлар таклиф этилди. Уларнинг ҳар бирига гуллар тақдим этилди.

— Сизлар орқали барча сафдошларимиз ва опа-сингилларимизни чин қалбдан муборакбод этаман,  деди вилоят кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов йиғилганларни қутлар экан.  Сизлар ҳамма вақт юксак эҳтиромга лойиқсизлар. Андижонимизнинг равнақида, ислоҳотлар ривожи ва ютуқларимизда ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор. Оила деб аталмиш энг буюк салтанат ҳам сизлар билан мустаҳкам.

Дарҳақиқат, бугун андижонлик сафдошларимизнинг 8 мингдан ортиғи хотин-қизлардир. Опа-сингилларимиз турли соҳаларда фаолият юритмоқдалар. Айниқса, сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда улар доим фаол. Жумладан, ёшлар тарбияси, таълим сифатини кўтариш, ўқитувчи ва тарбиячилар масъулиятини ошириш, турмуш фаровонлиги ва оилалар мустаҳкамлигига эришиш йўлида олиб бораётган фаолиятлари алоҳида эътирофга лойиқ.

— Биз бундай эътибордан хурсандмиз,— дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Избоскан тумани кенгаши раиси Дилфузахон Аҳмедова.- Бунга жавобан янада фаоллик билан иш олиб борамиз.

Тадбирда сўз олганлар “адолатчи” аёллар хақида илиқ фикрлар билдирдилар. Куй ва қўшиқларда ҳам уларнинг гўзаллиги, лобарлиги шарафланди.

Муҳаббат ОТАМИРЗАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти Кенгаши

иш юритувчиси

Улашинг!