Она ва бола саломатлиги партия ва депутатлар нигоҳида

23.07.2019 12:07:07

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлатимиз раҳбари томонидан оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида - баркамол ва жисмонан соғлом бўлиб камолга етаётган фарзандларимиз бугун кўп соҳаларда юксак натижаларга эришмоқдалар.

Она ва бола саломатлигини янада мустаҳкамлаш, жисмоний ва маънавий етук авлодни вояга етказиш масалаларида партиянинг асосий кучи ҳисобланган депутатлар ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар. Шу мақсадда куни кеча Марғилон шаҳар туманлараро туғруқ комплексида соғлом авлодни вояга етказиш, оилани режалаштириш, репродуктив саломатлик, асоратли туғруқлар ва туғма нуқсонли туғруқларни олдини олиш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди. Семинарда халқ депутатлари вилоят, шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи аъзолари, “Аёллар қаноти” фаоллари, тиббиёт ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

М.Салимова, партиянинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Ўтган икки йил давомида “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида аҳоли билан олиб борилган тарғибот ишларида, турли тадбирларда фаол иштирок этиб, шуни чуқур англаб етдимки, партиянинг бош мақсади - инсон ва унинг хуқуқларини энг олий қадрият даражасига кўтариш экан, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам инсон ва унинг саломатлиги биз шифокорларнинг асосий вазифамиз сифатида мақсадларимиз муштараклигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, семинарда қайд этилганидек, оила – жамиятнинг асосий бўғини сифатида ҳар томонлама давлатимиз ҳимоясида. Оилани буёдга келтирувчилар саломатлиги ҳамиша муҳим ва аҳамиятга молик масала ҳисобланган. Ҳозирги кунда жойларда шифокорларимиз олиб бораётган тарғибот ишлари ҳам асосан эрта никоҳ қуриш, қариндош-уруғ ўртасидаги никоҳларни таъқиқлаш, нуқсонли туғруқларни олдини олиш каби долзарб вазифаларга қаратилган.

Ш.Эгамов, вилоят партия Кенгаши раиси:

— Келгусида депутатлик гуруҳимиз билан ҳамкорликда бажаришимиз лозим бўлган муҳим вазифлар, истиқболли режалар турибдики, уларнинг ижроси заминида халқимиз, келажагимиз устунлари бўлган оналар ва болалар саломатлиги ётади.

Семинар давомида меҳнат фаолиятидаги фаоллик ва ғайрат билан жамоадошларига ўрнак кўрсатаётган бир гуруҳ тиббиёт вакиллари, шифокорлар партиянинг ташаккурномалари билан тақдирландилар.

Оиламизнинг бир аъзоси каби хотин-қизларимиз ва фарзандларимиз саломатлиги учун қайғураётган бундай фидойи сафдошларимиз сафи тобора кенгаяверсин!

Нурбек МИРЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+