“Адолат” СДП депутатлари аудиторларни мажбурий аъзолик балосидан сақлаб қолмоқчи

11.03.2020 12:03:22

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари қатори “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, замонавий аудит жамият манфаатларини қондиришга ва инвесторлар ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган тадбиркорлик фаолияти ҳисобланади. Шу боисдан бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган аудиторлик хизматини ташкил этиш, ушбу Қонуннинг асосий мақсади бўлмоғи лозим. Бундан ташқари лойиҳада аудиторлик касбининг нуфузини ва улар ишининг сифатини оширишга ҳам алоҳида эътибор берилиши лозим.

Шу каби мақсадларни инобатга олиб ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси эскирган ва ҳаволаки меъёрларни қайта кўриб чиқишга ва тўғридан-тўғри амал қиладиган янги нормаларни жорий қилишга йўналтирилган. Бунда, аудиторлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини соддалаштириш ва аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун қоғоз шаклдаги лицензия беришни бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Йиғилишда фракция аъзолари лойиҳада мавжуд камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, лойиҳанинг 30-моддасида акс этган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиши шартлиги масаласи баҳсга сабаб бўлди. Чунки, мавжуд қонунчилигимизда жамоат бирлашмаларига аъзолик ихтиёрийлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Шу билан бирга аъзолар тўлайдиган аъзолик бадали масаласи ҳам ўрганилмаганлиги танқидий баҳоланди.

Бундан ташқари аудиторларни малакасини ошириш тегишли лицензияга эга бўлган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари қошидаги ўқув марказида ҳар йили амалга оширилиб борилиши ҳам танқидга сабаб бўлди.

Биринчидан, бу ҳолат яъни аудиторларни ҳар йили малака ошириши фақатгина бир марказ томонидан амалга ошириши худди “Автотест” воқеаси сингари монополиянинг бир кўринишига сабаб бўлиб қолади.

Иккинчидан, малака оширишнинг фақат бир ташкилот томонидан амалга оширилиши ўз-ўзидан коррупцион ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.

Шу билан бирга фракция аъзоси Акмал Бурханов томонидан ауидиторлик фаолиятини лицензиялашни бекор қилиш таклифини ўртага ташлади. Чунки аудиторда шундоқ ҳам малака сертификати бўлади. Бундан ташқари жорий йилги давлат дастурида ҳам лицензиялар миқдорини икки баравар қисқартириш вазифаси турганда аудиторлардан лицензия талаб қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳасидаги мазкур камчиликлар иккинчи ўқишга қадар тўғриланмаса лойиҳани рад этишларини маълум қилишди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси

ижрочи котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+