“Адолат” СДП фракцияси Давлат дастурининг ярим йилликдаги ижросини қандай баҳолади?

21.07.2020 15:07:40

Бугун Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йил биринчи ярим йилликда бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи атрофлича муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари томонидан таъкидланганидек, бутун дунё иқтисодиётини беқарор ҳолатга келтираётган коронавирус пандемияси мамлакатимизни ҳар жиҳатдан ривожлантиришга қаратилган режаларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Аммо, давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилинганлиги иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда барқарор вазиятни сақлаб туриш имкониятларини кўпайтирди.

Депутатлар томонидан ҳисоботни кўриб чиқишда, давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз муддатида ва пухта бажарилишини таъминлаш бўйича Ҳукумат томонидан мунтазам муҳокамалар ўтказиш тизими йўлга қўйилгани, бу ўз навбатида давлат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилгани таъкидланди.

Фракция аъзолари Давлат дастури бандлари ижросини бирма-бир муҳокама қилар эканлар айрим ижроси таъминланмаган бандларга эътибор қаратиб, уларда белгиланган вазифаларни бажаришда йўл қўйилган камчиликлар, ижро этиш ҳолатининг кечикканлиги ёки етарлича асосга эга бўлмай вазифалар муддати узайтирилигани жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб ўтдилар.

Дастурда келтирилган 2020 йил учун аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этишга доир дастурнинг кечикаётгани фракция аъзоларининг эътирозига сабаб бўлди. Ушбу масала депутатлар томонидан 1-чорак ижроси муҳокамаси чоғида ҳам кўтарилиб, унинг бажарилиши юзасидан аниқ таклифлар киритилган эди. Мазкур ҳужжат айниқса, ҳозирги шароитда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим саналган ишсиз шахсларни ишга жойлаштириш, эҳтиёжидан келиб чиқиб кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларини ҳал этишда, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг ҳуқуқлари таъминлашда муҳим саналади.

Яна бир муҳим масала, телекоммуникация соҳаси, давлат хизматларини кўрсатиш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари, соғлиқни сақлаш, давлат кадастри ва бошқа соҳаларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш уларни қўллаб-қувватлаш долзарб бўлиб турган айни дамда Давлат дастурида белгиланган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш вазифаси ўз ижросини кутмоқда. Депутатлар ушбу масала бўйича мутасаддиларни саволга тутди.

Муҳокамалар чоғида фракция аъзолари томонидан Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, дастурда белгиланган ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш лозимлиги айтиб ўтилди. Бунда ҳар бир масъул ушбу дастур аввало одамларни рози қилиш ва мамлакатни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қаратилганлиги нуқтаи назаридан ёндашишлари зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида Давлат дастурининг 2020 йил биринчи ярим йилликдаги бажарилиши тўғрисидаги ҳисобот фракция томонидан маъқулланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

 

Анвар Эгамқулов

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+