“Адолат” СДП Ҳукумат ҳисоботини танқидий кўриб чиқди

31.10.2019 20:10:58

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилгандир. Ушбу мақсадга эришиш учун, аввало, давлат томонидан белгиланган дастур ва режаларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш муҳим ҳисобланади. Жорий йилдан амалиётга киритилган янги институт — Ҳукумат аъзоларининг Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросига қаратилган ҳисоботларни Олий Мажлисга тизимли равишда тақдим этиб бориши мамлакат стратегик режаларининг ўз вақтида таъминланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

2019 йил 31 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи атрофлича муҳокама қилиниб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда Ҳукуматнинг аниқ стратегияси кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари эътироф этганидек, ҳисоботда Қонунчилик палатаси томонидан Давлат дастури ижросини сифатли, ўз вақтида таъминлаш юзасидан биринчи ярим йиллик якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар ижросига алоҳида эътибор қаратилганлиги Ҳукумат ва парламент ўртасида ўрнатилган тизимли ҳамкорлик ифодаси бўлиб, бу, албатта, фуқаролар томонидан кўтарилаётган масалаларнинг ечимига ҳам хизмат қилади.

Депутатлар томонидан ҳисоботни кўриб чиқишда Ҳукумат томонидан Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз муддатида, пухта бажарилишини таъминлаш бўйича Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари ҳузурида мунтазам муҳокамалар ўтказиш тизими йўлга қўйилгани, бу эса давлат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг масъулиятини янада оширишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Фракция аъзолари 2019 йилнинг тўққиз ойи давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вазирлик ва идораларга Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жами 273 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг барчасига жавоблар белгиланган тартибда олинганини қайд этишди. Лекин ушбу сўровларда кўтарилган аксарият масалалар ҳалигача ечимини кутиб тургани сабабли бу борада ҳам Ҳукумат янгича тизим яратиши ҳақида таклиф илгари сурилди. Чунки депутатлик сўровларида фуқароларни қийнаётган долзарб муаммолар ўз аксини топган.

Давлат дастури бешта йўналиш бўйича жами 274 та банддан иборат бўлиб, шундан учинчи чорак учун 203 та банд ижросини таъминлаш белгиланган. Ҳисобот даврида 168 та банднинг ижроси тўлиқ бажарилган, якунига етказилмаган 24 та банд бўйича киритилган ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилмоқда ҳамда 11 та вазифанинг муддати белгиланган тартибда узайтирилган.

Депутатлар, аввало, ижроси таъминланган бандларга эътибор қаратиб, аксарият вазифаларнинг бажарилмай қолаётганига эътироз билдирдилар.

Хусусан, дастурининг 12-16-бандларида белгиланган илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда давлат органларида профессионал бошқарувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш тизимини жорий қилиш, раҳбар фаолияти натижаларига доимий равишда баҳо бериш тизимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидаги раҳбарлик лавозимларига кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмагани муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Адолат” СДПнинг асосий дастурий йўналишларидан бўлган соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига доир масалалар ҳам фракция аъзоларининг диққат марказида бўлди. Хусусан, Давлат дастурининг 155-166-бандларида белгиланган Давлат тиббиёт муассасаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, “маблағ бино учун эмас, балки бемор учун” тамойили асосида ишни ташкил этиш, ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида яқин қариндошлар ўртасида никоҳни тақиқлаш масаласининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бу борада тарғибот ишларини амалга ошириш назарда тутиладиган хужжат  лойиҳаларининг ишлаб чиқилмагани фракция аъзоларининг танқидига сабаб бўлди. Айни пайтда фуқароларимизни қийнаётган ушбу масалаларнинг ижобий ечимини топиш ва вазифаларни ўз вақтида бажариш ўта зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, мажбурий тиббий суғурта тизимига босқичма-босқич ўтиш, соғлиқни сақлаш эҳтиёжи учун ажратилаётган пул маблағларини жамлаш ва тақсимлаш механизмларини такомиллаштиришни назарда тутадиган Мажбурий тиббий суғурта механизмларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифа ҳам ортга сурилиб бораётгани юзасидан депутатлар эътироз билдиришди.

Қайд этилганидек, бугунги куннинг ва фуқароларнинг талабига айланган олий таълим муассасаларини молиявий тартибга солувчи ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш орқали олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллигини таъминлаш, босқичма-босқич давлат буюртмаси ва табақалаштирилган тўлов-контракт тизимини жорий этиш орқали ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳанузгача тасдиқланмагани ҳам ушбу соҳада қатор масалалар ҳал этилмаганини кўрсатмоқда.

Шунингдек, фракция аъзолари жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг таъсирчан, ишончли муҳофаза қилинишини таъминлашга қаратилган жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича белгиланган вазифа ҳам кечикаётганига эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастурини ишлаб чиқиш бўйича ҳужжат лойиҳаси тайёрлашни жаддалаштириш, юқорида қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида Вазирлар Маҳкамасининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг
2019 йил учинчи чораги давомида бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи фракция томонидан маъқулланди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+