“Адолат” СДП кредит тўлолмаётганларга ёрдам беради

09.10.2019 18:10:14

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой ҳарид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. 3-4 йил давомида кредит маблағларини ўз вақтида тўлаб келади. Кредит истеъмолчиси маълум бир сабаблар яъни иш жойидан бўшагани ёки соғлиғи ёмонлашгани учун маълум ой кредит учун тўловни амалга ошира олмади. Дарҳол банкдан устма-уст қўнғироқлар, аввал ўртача, кейин қўпол муомала, уйни тортиб олиш ва судга топшириш ҳақидаги иддоалар... Банкдан қарздор бўлган мижоз яна кимданддир қарз ҳавола қилиб бир амаллаб уни қоплайди. Афсуски шундан бошқа чораси ҳам йўқ. Ушбу жараёнлар кўпчилигимиз учун таниш. Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси халқимизни қийнаётган мазкур муаммони бартараф этиш бўйича амалий ташаббусга қўл урди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонун ташаббускорлиги ҳуқуқларидан фойдаланиб “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси тайёрланмоқда.

Уй-жой харид қилиш учун жалб этиладиган ипотека кредитлари фуқароларнинг кўп йиллик меҳнат фаолиятини қамраб оладиган, узоқ муддатли ва қатъий мажбурият эканлигини инобатга олиб мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги кунда фуқароларга ипотека кредитларини бериш билан деярли барча тижорат банклари шуғулланмоқда. Хусусан, тижорат банклари томонидан 2017 йилда 2 трлн. 826 млрд. сўмлик 25970 та, 2018 йилнинг 1 август ҳолатига 1 трлн. 250 млрд. сўм миқдорида 13 930 та ипотека кредитлари ажратилган.

Депутатлар таҳлилига қараганда, қонун ҳужжатлари ва амалиётни ўрганиш мазкур соҳа мамлакатимизда ҳали талаб даражасида ривожланмаганлигини кўрсатмоқда.

Бунинг асосий сабабларидан бири бу – ипотека кредитларини бериш тартиби ва шартлари фуқаролар учун бир қанча қийинчиликларни юклаётганлигида бўлмоқда. Масалан, ипотека кредитини олишдан олдин сотиб олинаётган уй-жой нархининг 10 фоиздан 25 фоизгача олдиндан тўлаб бериш мажбурияти қўйилганлиги, кредит олингандан сўнг уни олган шахснинг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганларнинг моддий аҳволи узрли сабабларга кўра ўзгарганлиги муносабати билан кредит шартларини қайта кўриб чиқиш (реструктуризация қилиш) имконияти мавжуд эмаслиги, фуқаролар манфаатлари талаб даражасида таъминланмаётганлигидан далолат беради.

Шу мақсадда мазкур ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасида “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига қўшимча киритиш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасида ипотека олувчи мажбуриятларини бажаришига касаллиги ёки ишдан бўшаганлиги ёхуд фарзанд кўрганлиги учун таътилга чиққанлиги сабабли имконияти чекланган ҳолатларда тўловлар учун таътиллар (ипотека таътиллари) берилиши кўзда тутилган. Бунда, таътиллар миқдори уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга, лекин ипотека даврида уч мартага қадар берилиши, бироқ бир йилда бир марта кечиктириш ҳуқуқи шартноманинг шартида кўрсатилиши белгиланмоқда.

Таҳлилларга қараганда, хорижий мамлакатларда ҳам ипотека кредитлаш иқтисодиёт ўсишининг асосий манбаларидан бири бўлиб, мазкур тизимда кредитни реструктуризация қилишнинг қуйидаги асосий шакллари мавжуд: кредит муддатини узайтириш, кредит тўлашнинг имтиёзли муддатини белгилаш (унда кредит олган шахс фақатгина кредит фоизини тўлайди ёки мазкур фоизларни ҳисоблаш тўхтатилади), қарзни қайта молиялаштириш (қарзни қайтариш учун қулай шартларда янги кредит расмийлаштирилади). Масалан, Исроил давлатининг шундай қонунида ипотека олувчи  мажбуриятларини бажаришига касаллиги ёки ишдан бўшаганлиги ёхуд фарзанд кўрганлиги учун таътилга чиққанлиги сабабли имконияти чекланган ҳолатларида кредит қайтарилишини кечиктириш юзасидан таътил бериш  кўзда тутилган.

Юқорида келтирилган асослашлардан кўриниб турибдики, ипотека кредити олган истеъмолчиларни қўллаб қувватлаш амалиёти хорижда ҳам кенг қўлланилиб келинади. Адолат СДП депутатлари томонидан таклиф этилаётган қонун лойиҳаси ипотека кредити олган истеъмолчилар, халқимиз иқтисодиётини, фаровонлигини барқарорлаштиришда муҳим ўрин тутади.  

 “Адолат” СДП
Матбуот хизмати

Улашинг!