Акмал Бурҳонов: Депутатлар ўрганган муаммолар ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайми?

23.10.2019 12:10:54

Барча соҳада бўлгани каби кейинги икки-уч йил давомида тиббиёт тизимида ҳам эътиборга лойиқ ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, соҳада тиббий маданиятни шакллантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш борасида қилинаётган ишлар диққатга молик. Натижада тизимдаги муаммолар комплекс ўрганилиб, уларга ечим топишга эътибор кучаймоқда.

Жойларда аҳоли билан бўлиб ўтаётган мулоқотлар жараёнида халқимиз сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизими, хусусан, тиббий хизматлар сифати сезиларли даражада яхшиланаётганини, уларнинг кўлами кенгайиб, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳолининг сифатли тиббий хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари ортиб бораётганини эътироф этмоқда.

Айни йўналишда, ўз навбатида, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар учун масъуллардан бири этиб белгиланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам ушбу масалага дахлдорлик ҳисси билан парламент назоратининг барча таъсирчан шаклларидан унумли фойдаланяпти.

Бироқ жойларда халқимиз билан ўтказилаётган учрашувлар, сайловчиларимизни қийнаётган муаммоларни ўрганишлар мобайнида мазкур соҳада ҳали ҳам қатор муаммолар сақланиб қолаётгани яққол кўзга ташланяпти.

Биз депутатлар ўтган вақт мобайнида республикамиз миқёсида олиб борилган мақсадли ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятига, қолаверса, тегишли вазирлик ва идоралар олдига бир неча бор масала сифатида қўйдик, бу борадаги ишлар ҳали ҳам давом этмоқда.

Аммо шунга қарамай, аксарият муаммолар ечилмай қоляпти, бу борада ижобий натижа ёки олдинга силжиш ҳолати кузитилмаяпти.

Шу ўринда бир масалага эътибор қаратсак. Мамлакатимизнинг аксарият шаҳар ва туманларида шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ташкил қилинган бўлиб, уларнинг нормативлари, яъни шифо ўрин (койка)лари сони номутаносиб ҳолда белгиланиб келинмоқда. Натижада аҳоли сони ва касалланиш ҳолати ҳисобга олинмасдан қолмоқда. Жумладан, 168 минг аҳоли мавжуд бўлган ва ҳудудидан катта магистрал йўл ўтган Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида ҳам, 49 минг аҳоли яшайдиган Зафаробод тумани реанимация бўлимида ҳам койка сони 6 та. Миришкор тумани аҳолиси 115 минг нафар бўлган шошилинч тиббий ёрдам бўлимида 15 та койка мавжуд бўлса, 120 минг аҳолиси бўлган Пешку туманида 30 та койка мавжуд. 243 минг нафар аҳоли яшайдиган Қўқон шаҳрида койкалар сони 110 та бўлса, 489 минг аҳолиси бўлган Ургут туманида эса, 30 тани ташкил этади.

Афсуски, бир-бирига номутаносиб бўлган бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Мазкур муаммо юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига шифо ўрин (койка)ларини хатловдан ўтказиб, қиёсий таҳлил қилиш, Молия вазирлиги билан биргаликда янги ишлаб чиқилган нормативларни тасдиқлаш ва уни ҳаётга тезроқ жорий этиш вазифаси икки йилдан буён қўйиляпти-ю, масала ҳал бўлмай қолмоқда. Яъни, у вазифалигича қолиб, депутатларнинг жон куйдириши ўз самараси ва натижасини бермаяпти.

Ушбу масалалар 2019 йилнинг ўтган даврида парламент қуйи палатаси йиғилишларида бир неча бор кўрилиб, муҳокамалар қилинди, мазкур йиғилишлар якуни бўйича қабул қилинган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарорлари Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимовга, Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадмановга ва унинг ўринбосарларига, Молия вазирининг ўринбосарларига юборилишига қарамай, уларнинг ижроси таъминланмай қолди. Ҳудудлардаги муаммолар эса, кун сайин ортиб бормоқда.

Табиий савол туғилади: депутатлар ўрганган муаммолар Ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайми ёки улар нима учун мазкур масалага хайрихоҳлик билдиришмаяпти? Масалага панжа ортидан қарашга уларни ким ёки нима мажбур этмоқда?

Албатта, тиббиёт тизими оёғига тушов бўлиб турган мазкур долзарб масала ечими топилаверилмагач, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси шошилинч тиббий ёрдам ва реанимация бўлимлари учун белгиланган койкалар миқдорини қайта кўриб чиқиш бўйича Парламент сўровини айнан Бош вазир А.Ариповга жўнатди.

Мана шундай реал муаммолар, тиббиётдаги камчиликлар ва ечилиши мумкин бўлган масалалар соҳанинг Президентимиз томонидан қўйилаётган талаблар асосида тизимли ривожланишига сунъий тўсиқ бўлмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари эса, назаримизда, амалий ишлар билан бирга, асосан баландпарвоз гаплар, жимжимадор рақамлар ортидан қувиш билан банд бўлиб, реал ҳаётдан ортда қолмоқда.

Шу боис, депутатлар Бош вазирга юборилган парламент сўровининг жавобига катта умид боғлаб қоладилар.

                                                                                  Акмал БУРҲОНОВ ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+