Депутат ёшлар даврасида

25.06.2020 15:06:46

Мамлакат эртасини ўйлаган давлат, ёшларга кўпроқ эътибор бериши табиий. Чунки айнан улар келажагимизни белгилаб беради. Мамлакатимизда уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шароитлар яратилган. Таълим муассасалари, спорт иншооатлари, кутубхоналар, ёшлар марказлари, умуман мамлакатимизнинг энг чиройли бинолари ҳам айнан ёшларимиз учун бунёд этилганини кўришимиз мумкин.

Албатта, ёшларимизга билим ва касб-ҳунар ўргатишдан ташқари унинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ҳам муҳим масала ҳисобланади.

Шу мақсадда куни кеча “Адолат” СДП ва Олмазор туман ҳокимлиги ташаббуси билан 30 июнь Ёшлар кунига бағишлаб депутат ва ёшлар учрашуви ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, Ёш адолатчилар кенгаши аъзолари, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад ёшларнинг сиёсий тафаккури ва баҳс маданиятини ошириш, депутатлар ва парламент фаолияти билан таништириш, уларнинг мавжуд қонунчиликка таклифларини ўрганиш ҳамда депутатлар билан мулоқот ўрнатишга қаратилди.

Тадбирда сўзга чиққан Қонунчилик палатаси депутатлари парламент томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиёти, жамиятимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг ўрни ва бурчлари, бугунги кунда ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мамлакатимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, ёшларга доир қонунларнинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунтирилди. Шунингдек, тарихан қисқа даврда Ўзбекистон ёшлари эришган муваффақият ва зафарлар замирида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган катта ғамхўрлик, яратилган кенг имкониятлар, юксак эътибор мужассамлиги ҳамда уларда келажакка ишонч ҳиссини тобора ортиб бораётганлиги ҳақида кенг ва атрофлича тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан юртимизда “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи”нинг ташкил этилганлиги ва 30 июнь санасини – Ёшлар куни деб эълон қилиниши ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлганига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Президент қарори билан тасдиқланган ёшларга доир сиёсат борасидаги барча мақсадларни ўзида акс эттирган Дастурда ёшларни масъулиятли лавозимлар захирасига киритиш, олий таълим муассасаларига имтиёз билан қабул қилиш, имконияти чекланган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби”ни ташкил қилиш сингари ғоят муҳим ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш белгилангани эътиборга молик жиҳатлардан биридир.

Шу каби ғояларни инобатга олиб, Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузилгани айтиб ўтилди. Бугунги кунда ушбу комиссия ёшларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятда ёшлар мавқеини янада ошириш, улар манфаатига хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш борасида фаол иштирок этиб келаётганлиги тадбир давомида таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда Ёшлар парламенти қарори, низоми лойиҳалари маҳаллий Кенгашларда муҳокама этилмоқда.

Ушбу лойиҳага кўра, Ёшлар парламенти аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги турли йўналишларда фаолият олиб бораётган ташаббускор, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга, кенг дунёқараш ва чуқур билим ҳамда лидерлик салоҳиятига эга 18 – 30 ёш  бўлган фуқаролар орасидан гендер тенглик таъминланган ва жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳам жалб қилган ҳолда жами 100 нафар этиб шакллантирилади.

Ёшлар парламенти ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини парламент минбарига олиб чиқиш, қонун ижодкорлигида ёшларнинг иштирокини таъминлаш, бўлғуси Сенат аъзолари ҳамда сиёсатчиларни тайёрлаш, ёшларни улкан мақсад ва аниқ лойиҳаларга йўналтириб бориш каби вазифаларни бажаради.

Ёшлар билан кечган қизғин мулоқотда кўплаб савол-жавоблар бўлиб ўтди. Қизиқувчан ёшлар томонидан берилган саволларга депутатлар ва мутахассислар тўлақонли жавоб қайтардилар.

 

Гулнисо САИДОВА,

“Адолат” СДП Марказий аппарати

Аёллар ва ёшлар фаоллигини ошириш

бўлими мудири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+