Докторантура учун қўшимча квоталар ажратиш таклиф қилинди

25.11.2020 15:11:12

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мана иккинчи йилдирки, мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати алоҳида қонун орқали қабул қилинмоқда. Қонуннинг ижро муддати аниқ, яъни у атиги бир йилга амал қилади. Қонун лойиҳаси ва унга илова қилинаётган ҳужжатлар орқали 2021 йилги давлат бюджетининг асосий  параметрлари ва макроиқтисодий кўрсаткичлари аниқ белгилаб берилмоқда. Энг муҳими, қонун билан мутасадди органларнинг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда, яъни парламентнинг роли қаерда, ҳукумат нима иш қилади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қандай вазифани бажаради, барчаси ўз тўлиқ аксини топмоқда.

Мазкур қонун нафақат Олий Мажлис, балки Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклайди. Чунки ҳар бир ҳудудий субъект, ҳар бир туман ва шаҳар бюджети алоҳида ҳалқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан тасдиқланиши йўлга қўйилмоқда.

Тан олиш керакки, 2020 йил мамлакатимиз учун анча оғир йил бўлди. Ўзбекистон коронавирус офатига қарши аёвсиз курашиб келмоқда. Инсон саломатлиги биринчи ўринга қўйилганлиги, бунинг учун барча ресурслар ишга солинганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу пайтга қадар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг пандемия ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ўнлаб қарор ва фармонлари қабул қилинди ҳамда Инқирозга қарши Республика жамғармасидан 11,1 трлн. сўм маблағ ажратилди. Қўшимча касалхоналар, карантин зоналари барпо этилди, зарур тиббий жиҳозлар ва дори воситалари етарли миқдорда харид қилинди. Ижтимоий нафақа олувчилар сони кескин оширилди.  Карантин туфайли қийин аҳволда қолган тадбиркорлик субъектларига 6 трлн. сўмдан зиёд бир марталик солиқ имтиёзлари ва енгилликлари берилди.  Бундай чора-тадбирларни амалга ошириш  ҳозирги кунга қадар давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йилги бюджетнома лойиҳасини оптимизм ва пессимизм уйғунлиги маҳсули, дейиш мумкин. Барча прогнозлар жаҳонда ва шу жумладан, Ўзбекистонда ҳали-ҳануз давом этаётган коронавирус пандемияси келтириб чиқарган ҳозирги ўта мавҳум ва ноаниқ вазиятдан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Бир тарафдан, пандемия тез орада тарқаб,  нормал ҳаёт изига тушиб кетиши ҳақида муайян некбинлик мавжуд. Иккинчи тарафдан эса, коронавирус балоси ҳали-вери инсониятга қутқу солишда давом этади, деган пессимистик кайфият ҳукмрон. Шу боис, келгуси йил учун барча рақамлар қайта ва қайта тарозига қўйилиб, мувозанатлашган ҳолда тақдим этилмоқда.

2021 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 5,1 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда. Консолидациялашган бюджет даромадлари жами 146,7 трлн.сўм, харажатлари эса 165,6 трлн. сўмни, шундан ижтимоий соҳа харажатлари салкам 86,4 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари бюджет қонуни лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллаш билан бирга қатор йўналишлар бўйича ўз таклифларини билдирдилар. Жумладан:

- жойларда бюджет маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, қонун бузилишларини олдини олиш мақсадида маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан манбаси аниқ бўлмаган тадбирларни ва параллел лойиҳалаштириш, тендер савдоларини ўтказмасдан туриб, қурилиш ва таъмирлаш ишларини молиялаштиришни чеклашни қонун билан мустаҳкамлаб қуйиш;

- илмий-тадқиқотларни янада жонлантириш, ёш олимларнинг илмий ишланмаларини қўллаб-қувватлаш ва умуман, мамлакатимизнинг илмий салоҳиятни юксалтириш мақсадида олий таълим муассасаларида ва илмий тадқиқот институтларида докторантура учун квоталар сонини босқичма-босқич ошириб боришни, жумладан, 2021 йилда докторантура учун қўшимча 500 та ўрин ажратиш;

- бюджет жараёни шаффофлигини янада ошириш мақсадида, бюджет ижросига доир маълумотларни вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш амалиётини тўлиқ йўлга қўйиш (бугунги кунда 58 та вазирлик ва идоралардан бор-йўғи 3 тасигина ушбу талабга риоя қиляпти, холос), ҳамда ўз расмий веб-сайтларида молиявий ҳисоботни эълон қилмаган вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарларини жаримага тортиш;

- қатор йиллардан бери амал қилиб келаётган солиқ имтиёзларини танқидий руҳда қайта кўриб чиқиш ва тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, самара бермаётган солиқ имтиёзларини бекор қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш, жойларларда давлат идоралари томонидан ҳаддан зиёд қиммат турувчи хизмат автомашиналари сотиб олиниши ҳолатларига барҳам бериш мақсадга мувофиқдир.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+