Ер участкалари бўйича қарор чиқариш ҳокимлардан Кенгашга ўтказилиши муаммога ечим эмас

20.08.2020 14:08:15

Сўнгги вақтларда хусусий мулк ва ер участкалари масаласида фуқароларимиз ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти ўртасидаги муносабатлар турли хилдаги зиддиятларга сабаб бўлмоқда. Бунда асосан туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг қарорлари асосида ер участкаларини олиб қўйиш, ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқларини ва ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини тугатиш билан боғлиқ ҳолатлар сабаб бўлмоқда.

Бунинг натижасида, жойларда шаҳарсозлик лойиҳалари жараёнида амалга оширилаётган “снос”лар билан боғлиқ ҳолатларда турли хилдаги зиддиятлар келиб чиқмоқда. Бу каби салбий ҳолатлар эса, фуқароларимизда ижро ҳокимиятига нисбатан ишончсизликни юзага келтирмоқда. Юқоридаги салбий ҳолатларни бартараф этиш ҳамда фуқаролар, мулкдорлар ҳуқуқларининг тўлақонли кафолатини таъминлаш мақсадида “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартишлар киритиш таклиф қилинмоқда.

2020 йил 20 август куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида мазкур қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиришлар атрофлича муҳокама этилди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгиланиши, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича уларнинг ваколатлари чекланиб, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериш тартиби жорий этилаётгани ижобий ҳолат сифатида қайд этилди.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 37-моддасига киритилаётган ўзгартиришга биноан ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги бўлган тақдирда ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорига ёҳуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилиши белгиланмоқда. Фракция депутаталари муҳокамалар жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори устидан шикоят қилиш белгиланган тартибда амалга оширилади дея умумий тушунча сифатида берилишига жиддий эътироз билдирди.

Фракция аъзолари томонидан фуқаро ёки ижарачининг бу ҳақдаги қарордан шикоят қилиш ҳуқуқи қонунчиликда фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланганлиги қайд этилди. Бу ҳолат фуқароларнинг судга мурожаат қилишига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш борасида қонунчиликда маълум бўшлиқни юзага келтириши юзасидан фикрлар билдирилди. Шу боис халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ёки Вазирлар Маҳкамасининг ер участкаси билан боғлиқ қарори устидан судга мурожаат қилишнинг аниқ механизмларини қонунчиликда акс эттириш зарурлиги қатъий таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, бу каби ҳолатларда асосий муаммо ер участкалари бўйича чиқарилган қарорларнинг ким томонидан қабул қилинишида эмас, аксинча, қонунчилик механизмининг тўлақонли ишламаслигида эканлиги айтиб ўтилди. Жумладан, зиддиятли ҳолатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаши зарур бўлган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормалари бугунги кунда тўлиқ ишлаши учун зарур чоралар кўрилмаётганлигига ҳам депутатлар томонидан эътибор қаратилди.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси ҳам муҳокама этилди. Муҳокама жараёнида депутатлар томонидан сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилган бўлса-да, амалда кутилган натижага эришилмаётганлиги танқид қилинди.

Эндиликда Қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартириш орқали халқ депутатлари Кенгашларининг ташкилий фаолиятига кўмаклашувчи Кенгашнинг юридик шахс ҳисобланувчи котибият бўлими ташкил этилмоқда. Натижада халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифасини ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибиятига ўтказилади. Халқ депутатлари Кенгаши депутатлари ўз вақтида зарурий ҳужжатлар, ахборот ва маълумот материаллари билан таъминланади.

Фракция йиғилиши якунида кун тартибида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари юзасидан қарорлар қабул қилинди

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+