Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди

14.08.2019 09:08:26

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамиятдаги сиёсий фаоллогини ошириш ҳамиша давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келган. Айниқса, охирги 3 йилда қабул қилинган норматив ҳужжатлар мазкур йўналишни янги босқичга олиб чиқди. Шунга қармай мазкур соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам талайгина. 

Бугунги кунда шахсга нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш жиноий жазоланадиган қилмиш бўлишига қарамай, амалиётда аёлларга нисбатан, айниқса оилавий-маиший ҳаётда зўравонлик ҳолларига ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва бошқа давлат органлари томонидан муносиб эътибор қаратилмаётганини кўриш мумкин.

Мисол учун, 2018 йилда жиноий ҳаракатлар оқибатида 932 нафар аёл жабр кўрган. Шундан 215 нафари жинсий эркинлиги, 169 нафари ҳаёти, 366 нафари соғлиғи, 182 нафари бошқа турдаги жиноятлардан жабр кўрган. Бу ҳолат уларга нисбатан тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этиш ҳолатлари ҳали ҳам сақланиб қолаётганлигини исботламоқда.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида ушбу масалалар ечимига қаратилган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Фракция йиғилишида дастлаб, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан қайд этилганидек, ушбу лойиҳанинг асосий мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Жумладан, лойиҳада тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, уларга дуч келган шахсларни ҳимоя қилиш, шунингдек, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик, ҳамда энг асосийси бу иллатларнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришга қаратилган нормалар белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш механизми қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйилади. Бундан ташқари, ваколатли давлат органлар жавобгарлигини оширади, шунингдек ушбу соҳада тегишли тузилмалар ижтимоий шериклик механизми белгилаб олинади ва амалга оширилади.

Фракция аъзолари эътироф этганидек, ушбу лойиҳа “Адолат” СДП ғояларига мос бўлиб, партия социал-демократиянинг энг муҳим қадриятлари бўлган ҳар бир шахснинг қонун олдида тенглиги, эркинлик, бирдамлик ва имкониятлар тенглиги ғояларига мос. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият тамойилини тўла таъминланишига хизмат қилади.

Шуларни инобатга олиб, фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлашди.

Фракция йиғилишида шунингдек, “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Депутатлар томонидан ушбу лойиҳа сиёсий-ижтимоий ҳаётимизда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида аҳамияти муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 июндаги Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида хотин-қизлар учун муносиб иш ва турмуш шароитлари яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, аёлларнинг социал-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилигани таъкидланиб, ушбу қонун лойиҳаси ҳам бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлиги таъкидлашди.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, “Гендер тенглик” тушунчаси эркаклар ва аёллар ҳуқуқлари ҳамда имкониятларининг тенглигини, шунингдек оила, жамоа ва жамиятда ресурслар ва хизматлардан тенг фойдаланиш билан бирга, барча соҳаларидан тенг фойдалана олиши, демократик бошқарув, қарорлар қабул қилишда тенглик асосида иштирок этишини назарда тутади.

Бундан ташқари, лойиҳада давлат хизмати соҳасида, лавозим эгаллаш учун танловда эркаклар ва аёлларнинг тенг иштирокини таъминлаш, сайлов ҳуқуқини амалга оширишда, маърифат, фан-таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, соҳаси ва тадбиркорлик фаолиятида меҳнат мажбуриятларини тенглик тамойилларига амал қилиш масалалари ўз аксини топган.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Фракция депутатлари томонидан, ушбу қонун лойиҳаси “Адолат” СДП мақсад ва ғояларига мос эканлиги эътироф этилди. Хусусан, партия ўз дастурида эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлайдиган жамият тарафдори эканлиги ва шу мақсадда аёлларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятлар учун интилишини қўллаб-қувватлаши алоҳида қайд этилган. Айниқса устувор вазифалар сифатида эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлигини, уларнинг меҳнати учун бир хил ҳақ тўланишини кафолатлаш; хотин-қизларнинг таълим олиши, касбий тайёргарлик ва мослашувини таъминлайдиган дастурларни қўллаб-қувватлаш; оилани режалаштириш масаласида амалий кўмак кўрсатиш; болалар тарбияси учун имтиёзлар бериш; мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш; уларнинг давлат органларини барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлаш белгиланганлиги асосида ушбу қонун лойихаси қўлаб қувватланди.

Йиғилишда муҳокама этилган ушбу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиқадиган фракция таклифлари ва муносабати билдирилди, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+