Касб-ҳунар таълими истиқболи қандай? Депутатлар саволига вазирлик жавоб қайтарди

02.06.2020 16:06:24

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодиёт тармоқларига киритилаётган инновацион технологик жараёнлар, тадбиркорлик, кичик бизнес соҳаларида яратилаётган янги иш ўринлари ўрта бўғин кадрларини тайёрловчи мутлақо янги касб-ҳунар таълими муассасалари тармоғини шакллантиришни тақазо этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, 2020 йил 1 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”да “Касб-ҳунар таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларни касбий таълимга кенгроқ қамраб олиш чора-тадбирлари, таълим сифатини ошириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш ҳолати ҳамда соҳани ривожлантиришдаги режалар тўғрисида”ги масала юзасидан халқ вакиллари саволларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги жавоб берди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, мавжуд таълим дастурларига кирадиган мутахассисликлар бўйича меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжни аниқлаш, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг мақсадли кўрсаткичларига мувофиқлиги, кейинчалик битирувчиларни ишга жойлаштириш мақсадида тармоқларда потенциал иш берувчиларни аниқлаш юзасидан касб-ҳунар коллежлари фаолияти ҳар томонлама танқидий ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2020-2021 ўқув йилидан янги профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилди. Хусусан, юртимиздаги 211 та касб-ҳунар коллежлари 26 та вазирлик, идора ва ташкилотлар тизимига ўтказилди. Ушбу коллежларда кадрлар тайёрлаш «Ҳаёт давомида таълим олиш» принципи асосида камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахсларни жалб қилиш, касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилиши белгиланди.

“Ҳукумат соати”да 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО-2011) даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилгани ижобий баҳоланди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда вазирлик ва идоралар тизимидаги коллежларга 80 537 нафар ўқувчилар иш берувчиларнинг ўрта бўғин мутахассисларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинмоқда. Айниқса, олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилаётган техникумларга 54 658 нафар ўқувчини олий таълимнинг бакалавриат таълим дастурлари билан интеграциялашган тегишли мутахассисликлар бўйича ўқишга қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Парламент аъзоларининг қайд этишича, 2019-2020 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари билан пандемия шароитида машғулотларни масофавий тарзда давом эттириш учун вазирлик томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда.

Хусусан, бугунги кунда касб-ҳунар таълими тизимида интернет тармоғидан фойдаланиб, ушбу жараёнга 15 602 нафар педагог ходим жалб этилди. Улар томонидан 136702 та масофавий таълим бериш билан боғлиқ видеодарслар, тақдимотлар, инфографикалар, тестлар тўплами, амалий топшириқлар тўплами ва бошқа электрон ресурслар ўқувчиларга етказилди.

Йиғилишда депутатлар томонидан касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг иш билан таъминланиши юзасидан олиб борилаётган ишлар, мамлакатдаги таълимнинг миллий стандартлари халқаро таълим стандартларига мослиги, ўқув жараёнига инновацион ғоялар, замонавий технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш, касб-ҳунар таълими ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш масалалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига зарур бўлган касблар бўйича мутахассисларни тайёрлаш ҳамда тизимга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш, амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан саволлар ўртага ташланди.

Депутатлар томонидан кўтарилган масалаларни бартараф этиш юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг аниқ ёндашуви, истиқболдаги режалари атрофлича баён этилди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой кечган “Ҳукумат соати”да Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига касб-ҳунар таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларни касбий таълимга кенгроқ қамраб олиш чора-тадбирлари, таълим сифатини ошириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш ҳолати ҳамда соҳани ривожлантириш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Айниқса, тизимда олиб борилаётган ишларни янада жонлантириш, соҳада ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига илғор услубларни, хусусан, индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш масалалари юзасидан қатор тавсиялар берилди.

Соҳага оид барча ютуқ ва камчиликлар, долзарб муаммолар таълим тизими масъуллари ҳамда парламент аъзолари томонидан қизғин ва амалий руҳда муҳокама этилди, аниқ вазифалар белгиланди. Келгусида тадбирлар ижроси устидан самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди.

 

Манба: parliament.gov.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+