Кимдан ва нимадан хавотирдамиз?

25.02.2021 14:02:46

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис  Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ушбу Қонун лойиҳаси концепциясида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган эди.

Депутатлар томонидан кўтарилган ушбу ташаббусга сабаб, сўнгги йилларда сўз ва фикр эркинлигига берилаётган имкониятлар, мотивациялар, рағбатлантиришлар суистеъмол қилинаётганлиги, очиқлик ва ошкоралик сиёсатининг нотўғри талқин қилинаётганлиги, ижтимоий тармоқларда оммавий тартибсизликлар ва зўровонликни даъват этиш, аҳоли хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этиш мақсадида ахборотни тарқатишлар, инсонларнинг шаъни ва шахсиятини камситувчи ахборот ёки тасвирларнинг тарқатилишидир.

Дарҳақиқат, сўз эркинлиги – бу ҳам ҳуқуқ. Яъни инсоннинг ўз фикрини оммавий тарзда (оғзаки ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзма) баён этиш имкониятини билдиради. Мазкур ҳуқуқ Асосий Қомусимизнинг 29-моддасида ҳам “ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга”лиги билан белгиланган.

Шу билан бирга, “эркин фикр” билдириш натижасида:

- оммавий тартибсизлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват этиш;

- фуқароларни қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ёки уларни бузишга омма олдида, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали даъват қилиш;

- жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш;

- давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;

- порнографияни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўзини ўзи ўлдиришга тарғиб қилиш;

- вояга етмаганларни уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этишга ундашга ва бошқа тарзда жалб қилишга йўналтирилган ахборотларни тарқатиш сингари қонун бузилиш ҳолатлари содир бўлса, нима учун уларнинг “муаллифлари” ёки “ҳомийлари” ёҳуд веб-сайт саҳифасининг эгаси жавобгарликка тортилмаслиги,  шу жумладан блогерлар ўзлари тарқатаётган контентларига қонун олдига жавоб бермасликлари керак?!

Ахир сўз эркинлиги  бу масъулият ва маданият  ҳам эмасми?! Сўнгги кунларда мазкур мавзу юзасидан фикр билдираётганларнинг аксарияти Қонун лойиҳасини айнан ўз соҳалари доирасидаги чекловлар деб қарамоқдалар.

Таъкидлаш жоизки, бу ҳужжат “баъзи кимсаларнинг қўйнида бекитиқча” сирли равишда ишланган ҳужжат эмас. Унда халқнинг дарди, хавфи, андишаси баён этилган бўлиб, муҳокама учун яна қайта  жамоатчиликнинг ҳукмига ҳавола этилмоқда.

Тўғри, ҳамманинг ўз эркинлик ва бурчлари бор. Қонун ҳамма учун бир. Қонунларга дўст бўлиш учун “ёқимтой” бўлиш шарт эмас. Лекин қонунларга дўстона муносабатда бўлмасангиз, у албатта бошқа ҳеч кимга ишлатмайдиган қонун ва унинг нормаларини албатта ишлатади. Нима учун? Чунки Сизга чинакам дўст бўлгани учун, Сизни ҳимоялаш учун, шаънингизни оёқ ости қилмасликлари учун.

Мазкур Қонун лойиҳасининг кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётгани одамни қувонтиради. Демак, юқорида келтирилган “сўз эркинлиги”  орқасидаги таҳдидлар, тазйиқлар, одобсизлик, зўравонлик, шафқатсизлик каби даъватлар “илмоғига” ҳар биримизнинг яқинларимиз, азиз инсонларимиз, меҳрибонларимиз илинмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Бу каби жиноятларни амалга оширадиганлар учун жазо муқаррар бўлиши лозим.

Яна бир гап. Ўзбекистонда қонуннинг барчага баробарлиги, мустақил суд ва барча бўғинларда сайланадиган ва халққа ҳисобдор ҳокимият тизими  аллақачон яратилган. Республика Президентининг “ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак” тамойили остида юритаётган сиёсати натижасида “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизими жорий этилди. Аҳолининг барча қатлами, оиланинг ҳар бир аъзосига алоҳида мақсадли ва тизимли эътибор қаратиш, аниқ ёрдам бериш мақсадида “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” амалиётга татбиқ қилинмоқда. Мавжуд муаммолар жойида ҳал этилмоқда.

Баъзи эътирозчиларнинг “ҳокимият вакиллари талабига бўйсунмасликка даъват қилганлик учун жиноий жавобгарликнинг белгиланиши” хавотири “Қўрқоқ олдин мушт кўтаради”  деган ўзбек мақолини эслатади.

Бу каби тор ўйламаслик учун давлатимиз раҳбарининг “Ёшларимизнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам менинг фарзандим” деб бағрикенглик қилиб, шахсий намуна қўрсатаётганига эътибор қаратиш лозим.

Бир сўз билан айтганда, қонунга хилоф, давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи, ахборотни тарқатганлик учун юридик жавобгарлик чораларининг кучайтирилиши, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коммуникация тизимига долзарб ва ишончли ахборотларнинг киритилишига, шунингдек жамиятнинг хафвсизлиги ва барқарорлигини, оилалар тотувлиги, ҳотиржамлигини, ҳар бир фуқаронинг инсонийлик ғурурини таъминлашга кўмак беради.


 

Гулрух АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+