Мақсуд Қурбонбоев: Тўй-маъракалар тартибли ўтиши кимга боғлиқ?

18.09.2019 14:09:55

Яқинда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солишга доир низом тасдиқланди.

Ўз-ўзидан савол туғилади: тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши учун қатъий тартиб керакми?

Ҳа, албатта, керак. Сабаби барчага аён. Бугунги кунда аҳолимизнинг яшаш шароити яхшиланиб, мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Ўз навбатида, одамларнинг эҳтиёжларига монанд равишда сарф-харажатлари ҳам ортиб бормоқда.

Бундай жараёнда тўй-ҳашамларни бизнесга айлантириб оладиган шаввозлар кўпайиши турган гап, албатта. Ҳар хил янги “одат”лар ўйлаб топиб, одамларнинг чўнтагига қўл солиш бундайларнинг асосий мақсади, даромад манбаига айланади. “Love story”, келин-куёв кортежлари, сарпо учун ҳашамдор қутилар, махсус машиналар, сон-саноқсиз пуфак безаклар ўз-ўзидан одат тусига кирмаган. Кўриб, билиб турибмиз-ку.

Аксар ҳолларда аёллар томонидан ўйлаб топилган, ортиқча харажат талаб қиладиган урф-одат, анъаналар, улар ортидан келиб чиқадиган норозилик, уруш-жанжалларни деб, қанчадан-қанча ёш оилалар ажрашиб кетмаяпти дейсиз. Ортиқча сарф-харажатларни камайтириш орқали оила бюджетини тежаш, айниқса, иқтисод қилинган маблағларни энди мустақил ҳаётга қадам ташлаётган ёш оилалар учун ёрдам тариқасида йўналтириш, албатта, ушбу оиланинг оёққа туриб кетишига кўмак бўлади.

...Бундан анча йил олдин бир танишим чет элда ишлаб келиб, укасини уйлантирган эди. Тўйдан сўнг ўша мамлакатга қайтади ва хорижлик ҳамкасбларига укасининг тўйидан олинган лавҳаларни кўрсатган экан, улар ниҳоятда таажжубланишибди.

“Мен умуман тушунмаяпман, — дебди у, — уч йилдан буён Ватанинг, яқинларингдан узоқда ишлаб топган пулингни бир кунда кўкка совурдингми? Бунча дабдаба нима керак?..”

Ҳа, ажнабийнинг бу ҳақли саволига жавоб топиш осон эмас. У ўзбекчиликни қаердан билсин дермиз, аммо, ўзбекчилигимизда ҳам дабдаба, исрофгарчилик маъқулланмайди.  

Кўп оилаларни биламиз, йиллар давомида ўзлари емасдан, киймасдан, пул йиғиб, элга тўй-томоша беради. Кўпчилиги кўрпасига қараб оёқ узатмасдан, беҳисоб орзу ҳавасларга берилиб кетади. Натижада қарзга ботиб қолади.

Илгарилари маҳалла раиси, оқсоқоллар, кайвонилар маҳалладаги ҳар бир тўй-маъракани ўтказишда қатъиятлик кўрсатарди, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилишни талаб этарди. Бугунги кунда нуронийларимизнинг айнан ўша қатъиятига жуда катта эҳтиёж пайдо бўляпти.

Шунинг учун барчамиз ҳар бир оила ва маҳаллада тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишида ўзимиз намуна бўлишимиз зарур.

Миллий урф-одат ва анъаналаримизни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик кабиларга йўл қўймаслигимиз, бундай хатти-ҳаракатлар устидан жамоатчилик, керак бўлса, парламент назоратини қатъий олиб боришимиз лозим. Жамиятимизда ижтимоий адолат тамойиллари мустаҳкам қарор топиши сизу бизнинг ана шундай қатъиятимизга боғлиқ.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!