Матбуот анжуманида партия ва унинг парламентдаги фракцияси фаолияти ҳақида ахборот берилди

15.10.2020 23:10:04

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров 2020 йил Қонунчилик палатасида янги таркибда иш бошлаган фракция фаолиятининг асосий йўналишларини Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 январда Қонунчилик палатасининг ташкилий йиғилиши, 21 январда парламентнинг қўшма мажлисида сўзлаган нутқлари ҳамда 24 январдаги Парламентга Мурожаатномада белгиланган асосий вазифалар шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини “Илм маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида партия Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида ахборот берди.

Бу йил барчамизга маълумки бутун дунё учун синовли йил бўлмоқда. Пандемия сабаб жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатлари иқтисодиётида ҳам кесқин инқрозлар рўй бермоқда. – деди Наримон Умаров - Бундай вазиятда мамлакатимиз раҳбарининг бевосита бошчилигида кўрилган тезкор чоралар бугун ўз ижобий натижасини бермоқда. Хусусан, пандемиянинг аҳолига бўлган тўғридан-тўғри таъсирини камайтириш мақсадида 10 дан ортиқ қарор ва фармонлар қабул қилиниб, корхоналарга, тадбиркорлик субъэктлари учун берилган имтиёзлар туфайли иқтисодиётимизнинг курашувчанлик қобилияти оширилди. Натижада халқимиз турмуш тарзини яхшилаш борасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Ушбу жараёнлар ҳусусан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда “Адолат” СДП ҳам ўз фаоллигини кўрсатиб келмоқда. Хусусан, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, жамиятдаги муаммолар ечимига эришиш мақсадида “Адолат” СДП томонидан ҳам 10 дан ортиқ лойиҳалар доирасида муаммоларнинг тўлақонли ечимига эришиш борасидаги ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида партия фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 38 та йиғилиши ўтказилиб, уларда
156 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Ҳисобот даврида фракция депутатлари иштирокида ташаббуси ҳуқуқи асосида 6 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди.

Хусусан, мазкур қонун ташаббуслари натижасида Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги норма, Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш лойиҳани ташаббуси субъекти зиммасига юклаш ҳамда Олий Мажлис палаталарига мустақил равишда парламент текшируви комиссиясини тузиш ва уни ўтказиш ваколати тўғрисидаги каби қонунчилигимизга тегишли тартибдаги нормалар киритилди ва амалиётга жорйи қилинди.

Шунингдек, фракция ташаббуси билан “қонунларнинг асосий муаллифи халқ бўлиши керак” тамойилига асосан, Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари юзасидан партиянинг қўйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш йўлга қўйилди, яъни “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган механизм жорий этилди. Ушбу тизим орқали ўтган даврда 30 га яқин қонун лойиҳалари бўйича 400 дан ортиқ таклифлар фракцияга тақдим этилди. Натижада уларнинг 90 дан ортиғи қонун лойиҳаларига киритилиб қабул қилинишига эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси назорат-таҳлил фаолиятида партия электорати манфаатларига жавоб берадиган долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича, партиянинг Сиёсий Кенгаши ва жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ва тизимли иш олиб борди.

Жумладан, фракция томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳолатини хусусан, ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш қулайлиги ва сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Сурхондарё вилоятида, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида жойларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш, халқ билан мулоқот қилиш ҳамда Коронавирус пандемияси даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар барча ҳудудларда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида секторлар ва ижро органлари раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати Қорақалпоҳистон, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида фракция депутатлари томонидан ўрганилди. Ўрганишлар якунлари бўйича ҳулосалар тайёрланди ва ижросини таъминлаш мақсадиа Ҳукуматга таклифлар киритилди.

Жорий йилда фракция парламент эшитувларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, пандемия даври асоратларига қарамасдан таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш каби муаммолар ечимига эътибор қаратилди.

Айнан шу масала Қонунчилик палатасида ташкил этилган “Ҳукумат соати”га киритилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Касб-ҳунар таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларни касбий таълимга қамраб олиш чора–тадбирлари ҳамда соҳани ривожлантиришдаги режалар тўғрисида”ги ҳисоботи тингланди.

Шунингдек, фракция аъзолари бугун айрим ҳудудларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, улардан хўжасизларча фойдаланиш, ер участкаларини ажратишда коррупция ҳоллари учраб турганига алоҳида аҳамият қаратди. Оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган кўплаб мақолаларда аҳоли айнан соҳадаги қонунбузарликлардан норози экани ва бу ечимини кутаётган долзарб масалага айлангани сабабли ушбу масалани ҳам фракция ташаббуси билан “Ҳукумат соати”га киритиб, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг “Ер майдонларини танлаш ва тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳисоботи эшитилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати ҳамда партиянинг ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари томонидан жами
15 минг 233 та тадбирлар ўтказилиб, уларда 93 минг 7504 нафар иштирокчи қамраб олинди.

Юқоридаги каби учрашувда сайловчилар томонидан кўтарилган муаммолар ечими юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан 3 минг 162 та депутатлик сўровлари юборилиб уларнинг 73% ижобий ҳал этилди.

Ўтган 9 ой давомида партия аъзоларининг сони
45 минг нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 457 минг 926 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 6 минг 585 тани ташкил этмоқда.

Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 1 750 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. Шундан 856 нафарини ёшлар, 894 нафарини аёллар ташкил этади. Шу билан бирга 42 нафар ёшга кредит олишига кўмаклашилди.

Мисол учун Хоразм вилояти Кенгаши ташаббускорлиги натижасида телеграм каналида “Иш топишингизга кўмаклашамиз” гуруҳи очилиб, 4 000 дан ортиқ фуқароларни ўзида жамлаган ва шу кунга қадар 100 дан ортиқ аҳолининг ишга жойлашишига кўмаклашилган.

Пандемия даврида вақтинча даромадсиз қолган, ижтимоий-эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 15 220 нафарига партия депутатлари ва кўнгилли волонтёрлари томонидан зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди. Кўрсатилган ҳомийлик жами 1 миллиард 500 млн. сўмдан ортиқни ташкил қилди. Шунингдек, март-апрель ойларида партия депутатлари ва ходимларининг бир кунлик иш ҳақлари “Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фондига ўтказиб берилди.

“Адолат” СДП ва фракция депутатлари томонидан Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омборида рўй берган техноген офатдан жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида хайрия акциялари доирасида бир ярим мингдан ортиқ фуқароларга кийим-кечаклар, 1000 дан ортиқ уй-рўзғор буюмлари, идиш-товоқлар ва болажонлар учун ўйинчоқлардан жами 500 миллион сўмлик маҳсулотлар етказилди. 300 га яқин фуқаролар томонидан акция доирасида очилган пластик картага 28 млн. сўм маблағ жамланди.

Матбуот анжуманида, шунингдек, ҳали партиявий фаолиятда бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги ва ушбу камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланганлиги қайд этилди.

Тадбир сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга партия депутатлари ва фаолларидан батафсил жавоб олдилар.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+