Омбудсман таклифлари депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди

12.02.2021 16:02:54

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2020 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи кўриб чиқилди

Ҳисоботда таъкидланганидек, 2020 йилда Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, унинг ваколатлари кенгайтирилди, Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, бу орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди.

Депутатлар томонидан 2020 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон миллий давлатчилиги тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайлангани алоҳида эътироф этилиб, бу мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланаётганлигининг халқаро эътирофи сифатида баҳоланди ва бундай ишларни давом эттиришда омбудсманнинг ҳам ўрни сезилиши зарурлиги айтиб ўтилди.

Ҳисобот даврида омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги қонун хужжатлари бузилиши, уларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари раҳбарларига тақдимномалар ва даъволар киритилган.

Депутатлар йиғилиш давомида Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ҳамда амалиётини янада такомиллаштириш бўйича Вакилнинг тавсия ва таклифларига алоҳида эътибор қаратишди. Хусусан, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини кенгроқ таъминлаш мақсадида масофавий ўқитиш шаклини жорий этиш бўйича берилган таклифни депутатлар қўллаб-қувватлашди. Шунингдек, прокуратура, ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги тергов идораларини бирлаштириш ҳамда ягона тергов органини ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди. Чунки бу таклиф “Адолат” СДП дастурларига мос эканлиги алоҳида қайд этилди.

Депутатлар давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётган ер участкалари жойлашган ҳудуд ҳақидаги барча маълумотлар маҳаллий ҳокимиятнинг расмий веб сайтида эълон қилиниши лозимлигига ҳам эътибор қаратилид. Чунки, бугунги кунда долзарб масалага айланган “снослар” муаммоси кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётганини айтиб ўтишди.

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва уни Ички ишлар вазирлигидан босқичма-босқич равишда Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказиш ёки алоҳида мувофиқлаштирувчи орган ташкил этиш таклифи халқаро амалиётга мос эканлиги эътироф этилди.

Йиғилиш якунида фракция томонидан Омбудсман фаолиятининг баъзи йўналишлари бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялари қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда шунингдек, суд-ҳуқуқ, ижтимоий-иқтисодий соҳалар бўйича бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди ва фракция аъзолари партиянинг позициясидан келиб чиқиб ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

 

"Адолат" СДП Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+