Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги бўйича “Адолат” СДП фракциясининг якуний хулосаси

28.04.2020 13:04:32

Мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти 5 йиллик ривожланиш Стратегиясида аниқ белгилаб берилган.

Унда давлатимизнинг ташқи сиёсати, хусусан, иқтисодиётимизни жаҳон иқтисодиётига интеграциясини таъминлаш масаласи устувор йўналиш сифатида қайд этилган. Айниқса, қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, стратегик шериклик асосида муносабатларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ушбу ҳамкорлик натижасидан энг аввало оддий фуқаролар манфаатдор бўлмоқда. Якунда иқтисодиётимизга инвестициялар 2 баробарга ошди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлик масаласи алоҳида эътибор марказида бўлмоқда. Чунки биз ва Иттифоққа аъзо давлатлар ўтасида кўп йиллик муносабатлар шаклланган, уларнинг ҳар бири билан икки томонлама мустаҳкам алоқалар ўрнатилган ва ҳамкорлигимиз ўз самарасини кўрсатмоқда.

Шу сабабли, “Адолат” СДП фракцияси депутатлари ҳам Ўзбекистоннинг Иттифоқ билан ҳамкорлиги мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти учун ўта муҳим масала деб ҳисоблайди.

Ушбу ҳамкорлик бўйича Қонунчилик палатасига Ҳукумат томонидан киритилган таҳлилий хужжатлар тўплами “Адолат” СДП ва унинг фракцияси қўшма йиғилишида таҳлил қилинди. Киритилган норматив-ҳуқуқий ва таҳлилий хужжатлар чуқур ўрганилди, бўлажак ижобий ва салбий ҳолатлар бўйича партия экспертлари ва олимлар билан муҳокама ва маслахатлар ўтказилди.

Шу билан бирга фракция аъзолари Қонунчилик палатаси томонидан тузилган махсус Ишчи гуруҳида ҳам фаол иштирок этди. Улар Иттифоқ билан ҳамкорликнинг иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиб, истиқболдаги миллий иқтисодиётнинг устувор йўналишларига боғлиқлиги бўйича ўз позицияларини билдирдилар.

Парламентда ўтказилган “Ҳукумат соати” ва Парламент эшитувида ҳам депутатлар партиянинг позициясидан келиб чиққан ҳолда Ҳукумат аъзоларига иқтисодиётни баъзи соҳалари бўйича аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилдилар. Баъзи саволларга фракция аъзолари тўлиқ жавоблар ололмаган ҳоллар ҳам кузатилди. Кейинги мурожаатлар давомида фракция депутатларига баъзи масалалар бўйича аниқлаштирувчи жавоблар берилди.

“Адолат” СДП фракцияси муҳокамасида Ўзбекистоннинг Иттифоқ билан ҳамкорлиги масаласида унинг ижобий ва салбий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, фракция томонидан ижобий томонлар сифатида қуйидагилар эътироф этилди:

Биринчидан, мамлакатимизнинг ЕОИИга аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги келгусида яхши натижа беради. Чунки бу давлатлар нефть, газ қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади.

Иккинчидан, транспорт-коммуникация соҳасидаги имкониятларимиз сезиларли даражада ортади, саноат маҳсулотларимизнинг Иттифоққа аъзо мамлакатлар орқали транзит ҳажми янада ошади.

Учинчидан, таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича ҳамкорлик ижобий натижа беради. Ҳозирда ҳам мамлакатимизда Россия ва Белорусь ОТМ филиаллари самарали фаолият кўрсатмоқда. Рақоботбардош мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда. Бу йўналиш келгусида янада ривожланади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам коронавирус пандемияси даврида давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида Россиянинг етук мутахассислари билан узвий алоқалар ўрнатилди ва самарали натижаларга эришилмоқда.

Бу масалалар “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида устувор йўналиш сифатида белгиланганлиги биз учун аҳамиятлидир.

Иттифоқ билан ҳамкорликнинг салбий таъсирига ҳам фракция депутатлари ўз эътиборларини қаратдилар.

Биринчидан, ЕОИИга аъзо бўлиш мамлакат саноатининг қатор тармоқлари ривожига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, мамлакатимизда фаолият юритаётган автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа соҳалар 2 млрд. АҚШ доллари атрофида йўқотиши прогноз қилинмоқда.

Иккинчидан, ЕОИИ давлатлари билан ташқи савдо сиёсатини етарлича мувофиқлаштириш қувватига эга эмас. Сабаби, Иттифоқ қоидаларини бузган давлатни иттифоқ судига бериш каби ўта муҳим ваколат белгиланмаган. Демак, истиқболда Иттифоқга аъзо мамлакатлари ўртасида ҳалол рақобат муҳитини бузиш ҳолатлари бўйича низоларни бартараф этиш механизми мавжуд эмас.

Ушбу билдирилган фикрлар доирасида фракция депутатлари томонидан ОАВда, марказий ва маҳаллий телевидениларда ҳамда ижтимоий тармоқларда 30 дан ортиқ муносабатлар ёритилди. Қолаверса, “Адолат” СДП фаоллари ва экспертлари томонидан ҳам партия ғояларидан келиб чиқиб позиция шакллантирилди.

Муҳокамалар натижасида “Адолат” СДП фракцияси томонидан Ўзбекистоннинг Иттифоқ билан ҳамкорлиги масаласини янада чуқурроқ таҳлил қилиш, ҳозирда аъзо давлатлар иқтисодиётига ва ижтимоий ривожланишига таъсирларини таққослаш бўйича таҳлилий маълумотларни ўрганиш бўйича таклифлар билдирилди.

Хулоса сифатида, Ўзбекистоннинг хозирги ривожланаётган иқтисодиётини инобатга олган ҳолда “Адолат” СДП фракцияси томонидан ҳамкорликда ўтиш даври белгиланиб, кузатувчи давлат мақомида иштирок этиш маъқулланди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+