Партия сайловолди дастурига киритилган қонун лойиҳасига таклифлар берилди

06.09.2019 16:09:14

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда қишлоқ хўжалиги, таълим, ноширлик фаолияти ва бошқа соҳаларга оид бир қатор қонун лойиҳалари  кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари дастлаб, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.

Депутатлар томонидан қайд этилганидек, мамлакатимиз Президенти раислигида жорий йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, соҳани янада ривожлантириш учун “Таълим тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш зарурлиги таъкидланди. Бунда депутатларга олдига ҳам муҳим вазифалар юклатилди.

Шу мақсадда, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси тайёрланиб, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилди. Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси сўнгги икки ярим йил ичида таълим соҳасидаги ижобий ўзгаришларни қамраб олишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Фракция аъзолари қайд этганидек, ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида таълим тизимидаги мавжуд муаммолар бартараф этилади, таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб бориш учун кенг имкониятлар яратилиб, таълим сифати яхшиланади.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасига катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тарибда педагогик фаолият билан шуғулланиш, давлат – хусусий шериклик, таълим соҳасига инвестицияларни киритиш,  таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият каби янги моддалар киритилмоқда.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасида таълим олувчиларни таълим олиш ёки педагог кадрларни таълим фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб этишнинг тақиқланиши ва бунда раҳбарларнинг жавобгарлиги белгиланмоқда. Таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари ва таълим муассасаларининг фаолияти эркинлиги кенгайтириш масалалари ҳам устувор аҳамият касб этмоқда.

Депутатлар қайд этганидек, мазкур қонун лойиҳаси “Адолат” СДП мақсад ва вазифаларига ҳамохангдир. Хусусан, партия Сайловолди дастурида барчанинг сифатли таълим олиши учун тенг имкониятлар яратиш, таълим тизимини фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтириш ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Партия кадрларга бўлган бугунги ва истиқболдаги заруратни ҳисобга олган ҳолда мутахассислик йўналишларини босқичма-босқич қайта кўриб чиқиш ва олий таълим тизимида квоталарни бекор қилишга алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳам эътироф этилди.

Йиғилишда депутатлар томонидан ушбу қонун лойиҳасида айрим камчиликлар мавжудлиги ва уларни такомиллаштиришда масъул қўмита ва ишчи гуруҳига бир қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, қонун лойиҳасида касбий таълимнинг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган нормаларини қайта кўриб чиқиш ва замон талабларига мослаштириш, илмий тадқиқот ишлари, мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш масалаларига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Лойиҳа концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Фракция йиғилишида шунингдек, “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Депутатлар томонидан ушбу лойиҳанинг асосий мақсади болалар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилганлиги алоҳида қайд этилди.

Лойиҳа билан Жиноят-процессуал кодекси ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга болага нисбатан ўтказиладиган тазйиқ ва зўравонликлар турлари, шунингдек, уларнинг олдини олиш чоралари,  судгача ва суд муҳокамаси жараёнида жиноят процесси иштирокчиси ҳисобланган болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча кафолатлар каби ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Депутатлар томонидан, лойиҳа орқали болага ҳар қандай руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш, уни кўрсатмалар бериш ёки айбини тан олишга мажбурлаш, судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамаси жараёнида болаларга нисбатан улар қонуний вакилларининг иштирокисиз процессуал ҳаракатлар ўтказишни тақиқлаш, шунингдек, вояга етмаганлар бўйича суд ишларида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ёки гувоҳ қонуний вакилининг иштироки мажбурийлигини назарда тутувчи принциплар белгиланаётгани бу миллий қонунчилигимиз нормаларига мос эканлигини эътироф этишди.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро тажриба кенг ўрганилган. Хусусан, Россия, Белорус, Украина, Қозоғистон ва Озарбайжон каби хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, ушбу давлатларда болаларни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатларга оид нормалар ҳам қонун лойиҳасида инобатга олинган.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиқадиган фракция таклифлари ва муносабати билдирилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+